BBC navigation

Юлдузларни Ўзбекистонга нима етаклаб боради?

Сўнгги янгиланиш 31 октябр 2012 - 14:44 GMT

Франсалик машҳур кино юлдузи Жерар Депардьенинг Гулнора Каримованинг келгуси лойиҳасида иштирок этиши айтилмоқда.

Ўзбекистондаги интернет нашрлари хабарларига кўра, мамлакат Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг навбатдаги лойиҳасида машҳур француз актёри Жерар Депардье иштирок этади.

Англаган бўлсангиз керак, бу галги лойиҳа филм ва Гулнора Каримова сценарий ҳаммуаллифи.

Бу ҳақда "Олтин гепард" Тошкент Халқаро кинофорумининг директори маълум қилган.

Жерар Депардье Гулнора Каримова тадбирларида иштирок этишга рози бўлаётган дастлабки юлдуз эмас.

Ўзбекистоннинг ва Каримовлар оиласининг жаҳондаги обрўсига қарамай уларни мамлакатга етаклаб келаётган омиллар нима?

Британияниннг Ўзбекистондаги собиқ элчиси, театр ва кино олами шахсиятлари билан яқиндан таниш Крейг Мюррейга кўра юлдузларни бу каби тадбирларда иштирок этишга ундайдиган асосий омил молиядир.

Крейг Мюррей: Менимча, пул учун кўп нарсага рози бўладиган баъзи одамлар бор. Аксар юлдузлар улкан маблағларни талаб қилувчи ўта ҳашаматли ҳаёт тарзига эгалар. Лекин Тошкентга бориб, Гулнора Каримованинг тадбирларида иштирок этган, таъбир жоиз бўлса йирик юлдузлар рўйхатига қарасангиз, улар бир вақтлар йирик юлдуз бўлганлару, аммо уларнинг энг яхши кунлари ортда қолган юлдузлар эканлигига гувоҳ бўласиз. Мана масалан Стингни олинг, у жуда машҳур қўшиқчи эди. Лекин охирги 20 йил ичида биронта кўзга кўринарли нарсаси чиқамаган. Жерар Депардье эса албатта ўта машҳур актёр, лекин охирги маротаба қачон бирон йирик филмда ўйнади, эслай оласизми? Хуллас улар асосан бир вақтлар машҳур бўлган вақтлари эга бўлган ҳаёт тарзини давом эттириш учун маблағ манбаини топишга мажбур бўлаётган шахслардир.

Би-би-си: Улар пул учун келадилар, дейиш бир қадар жўн талқин эмасмикан. Улар ҳозирда йирик лойиҳаларда иштирок этмаётган бўлсалар ҳам ўз обрўлари ҳақида қайғуришса керак?

Крейг Мюррей: Биз буни улардан кутишимиз мумкиндир. Лекин афсуски улар бошқа ҳамма нарсадан ҳам кўра кўпроқ пул ҳақида ўйлайдилар. Бундай одамлар бор, яхшиямки улар балки озчиликдир, лекин бор. Иккинчидан, улар Тошкент каби ерда бирон нарса бўлса кўпчилик билмай қолади, деб ўйлашса керак. Матбуот бу минтақага кўп эътибор бермайди, у ерларда нималар бўлаётганидан хабар бўлмаса, уларнинг обрўсига ҳам кўп зарар етмайди, деб умид қилишса керак.

Ўзбекистон Марказий Осиёда жаноб Депардьени ўзига тортган ягона мамлакат эмас - у қозоқ рекламаларида ҳам кўриниш беради.

Би-би-си: Лекин масалан Стингнинг Ўзбекистонга сафаридан сўнг шов-шув анча катта бўлди. У бу қадамга билмасдан борганлигини айтиб, деярли узр сўрашгача борди. Демак улар ҳамма нарса имида-жимида ўтиб кетишига умид қилмаслар ҳам бўлади?

Крейг Мюррей: Стинг ўзини аҳлоқий нормалар асосида ҳаёт кечирадиган шахс қилиб кўрсатишга урингани учун, айнан унинг ҳолатида шов-шув катта бўлди. У сиёсат, атроф муҳитни сақлаш ва аҳлоқий масалалар ҳақида кўплаб баёнотлар билан чиққани учун Каримов оиласидан пул олгани ўта икки юзламачи қадам сифатида баҳоланди.

Би-би-си: Мана шу каби катта шов-шувдан сўнг ҳам юлдузлар барибир бу қадамга бормоқдалар. Улар сабоқ чиқармаяптилар, деб ўйлайсизми?

Крейг Мюррей: Айтганимдек, менимча пул бу ерда асосий омил. Чунки уларнинг Ўзбекистондаги тадбирларда санъат нуқтаи назридан бирон муҳим нарсага эришаётганларини айтиш қийин. Менимча, улар ҳали ҳам сувдан қуруқ чиқишга умид қилиб боришади. Лекин бир нарсага эътибор бериш керакки, Гулнора Каримова атрофидагилар катта юлдузларни жалб қилиб, унинг обрўсини ошириш йўлида, биргаликда расмга тушириш учун жуда қаттиқ ҳаракат қилишади. Биз сиз билан бу каби сўровларга "йўқ" деб жавоб берган юлдузларни кўрмаймиз. Бундайларнинг ҳам сони талайгина. Масалан, мен биламанки, ўтган ой Каримованинг одамлари машҳур дизайнер Вивъен Вествуднинг Ўзбекистонга келиши учун қаттиқ ҳаракат қилдилар. Вивъен очиқчасига йўқ, деб жавоб бериб, Ўзбекистонда демократия йўқлиги ва инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақида ошкорона мактуб йўллаган. Хуллас биз рози бўлган озличиликни кўриб, йўқ, деб жавоб берган кўпчиликни кўрмаймиз.

Би-би-си: Лекин актёрлар ва бошқа юлдузлар сиёсат ва инсон ҳуқуқлари билан қизиқишлари керак, деб ўйлайсизми? Уларнинг соҳаси бошқа бўлса?

Крейг Мюррей: Ҳа, ҳамманинг ҳам иши ва пул ишлаш йўли бор. Бошқа томондан жаҳонда ҳеч бир мамлакатда инсон ҳуқуқлари аҳволи рисоладагидек эмас. Лекин бунинг даражаси қандай шуниси мухим. Ўзбекистонда аксарият зўрға кун кўраётган ва ёш болалар оғир шароитларда яшаб, пахта теришга мажбурланаётган вақтда, актёрлар бориб, аслида ҳалққа тегишли бўлган пулларни, Каримов оиласи томонидан халқдан олиб қўйилган ва ўз обрўларини ошириш учун ишлатишга сарфланаётган пулларни чўнтакларига солишлари - бу мутлақо аҳлоқсиз нарса ва ким томонидан бўлмасин йўл қўйилиши керак бўлмаган ҳолатдир.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.