BBC navigation

Туркия ўзбекистонлик сиёсий қочқинни ватанига қайтарадими?

Сўнгги янгиланиш 31 октябр 2012 - 13:27 GMT

Фаоллар турк ҳукуматини ўзбек қочқинларининг тақдирига бефарқликда айблашади

Истанбулдаги экстрадиция маҳкамаси арафасида Би-би-сига гапирган ҳимоячи Абдуҳалим Йилмазга кўра, андижонлик Шомуроджон Қосимовни Ўзбекистонга топшириш хавфи сақланиб қолмоқда.

Истанбулдаги жиноий маҳкама шу йилнинг сентябрида ўзбекистонлик қочқиннинг БМТга бошпана сўраб ёзган аризаси кўриб чиқилаётгани учун маҳкамани 14 ноябрга қолдирган эди.

Туркиялик фаоллар турк ҳукуматидан ўзи олган халқаро мажбуриятларни ҳурмат қилиш ва сиёсий қочқинни Ўзбекистонга топширмасликни талаб қилишмоқда.

Уларга кўра, ватанида диний-сиёсий айбларга юз тутаётган Шомуроджон Қосимов Ўзбекистонга топширилгани тақдирда уни 2010 йилда Ўзбекистон қамоқхонасида вафот этган Зайниддин Асқаровнинг тақдири кутади.

Туркия 1999 йилда Тошкент портлашларида айбланиб, маҳкум этилган Зайниддин Асқаровни Ўзбекистонга топширгани учун ҳануз танқид қилинади.

'Оддий намозхон'

Ҳимоячисига кўра, Шомуроджон Қосимов 4 ойдирки, Истанбулдаги Бакиркўй қамоқхонасида қолмоқда.

Би-би-си билан суҳбатда Абдуҳалим Йилмаз унинг мижози ўзига қўйилган айбларни мутлақо рад этишини айтди.

Унга кўра, Қосимов намоз ва Қуръон ўқигани учун таъқиб қилинаётганини айтган.

"Ўзбекистондан давлат қораловчиси имзоси билан келган ҳужжатларда Шомуроднинг конституциявий тузумга тажовуз тажовуз қилгани" айтилади. Аммо Ўзбекистон адлия идораларининг ёзишмаларида Қосимовнинг жиноят содир этганига доир бирон далил келтирилмаган", - дейди Абдуҳалим Йилмаз.

Ҳимоячи Туркия маҳкамаси Шомуроджон Қосимовни Ўзбекистонга топширмайди, деб умид қилаётганлари, аммо экстрадиция қилиниш хавфи сақланиб қолаётганини айтади.

"Агар маҳкама қораловчининг талабини қондириб, Қосимовни Ўзбекистонга топшириш ҳақида қарор чиқарса, биз бу қарор устидан Анқарадаги аппеляция маҳкамасига шикоят этамиз", - дейди Абдуҳалим Йилмаз.

Унга кўра, Туркиядаги БМТ идораси ҳануз Қосимовнинг аризаси юзасидан қарора қабул қилмаган.

Туркияда вақтинчалик бошпана топган қочқинлар одатда Туркияда БМТнинг қочқин мақомини олиш ва учинчи давлатга жойлаштирилиш тартиби ўта қийин ва узоқ жараён эканидан шикоят қилиб келадилар.

Жаноб Йилмазга кўра, Шомуроджон Қосимовнинг ҳомиладор аёли ва икки фарзанди Истанбулдаги ижарага олинган уйда, қийин шароитларда яшашмоқда.

'Қийноқларга шерик'

Туркиядаги "Ўзбеклар бирлиги" ноҳукумат ташкилоти Шомуроджон Қосимовни Ўзбекистонга топширмаслик талаби билан кампания бошлаган.

Ташкилот раҳбари Адам Челик турк ҳукуматини ўзи имзолаган халқаро ҳужжатларни ҳурмат қилмасликда айблайди.

"Бу ерда Туркия ҳукумати айбдор. Чунки Туркия аъзоси бўлган Оврўпо Инсон ҳақлари маҳкамаси ҳамда Бирлашган Миллатларнинг инсон ҳақларига доир конвенцияларида "сиёсий қочқинларни қайтариш мумкин эмас" деб аниқ -таниқ айтилган. Аммо турк қораловчиси Шомурод Қосимовнинг Ўзбекистонга қайтарилишини талаб қилмоқда. Биз Туркия ҳукуматидан ўзи имзолаган битимларга амал қилишини талаб қилаяпмиз", дейди Адам Челик.

Жаноб Челикнинг айтишича, Туркия Шомуроджон Қосимовни Ўзбекистонга топширса, Ўзбекистондаги қийноқларга шерик бўлади.

"Биз ҳам турк ватандошлари сифатида Ўзбекистондаги қийноқларга шерик бўламиз. Биз буни маҳкамада ҳакам ва қораловчиларга тушунтиришга ҳаракат қилдик",- дейди Адам Челик.

У Қосимовнинг Ўзбекистонда ҳеч қандай жиноят содир этмагани, ҳеч қандай экстремистик ташкилот аъзоси бўлмагани, фақат намоз ўқигани учун таъқиб қилинаётганини урғулайди.

Қочқинлар оқими

Туркиялик фаолларга кўра, ўзбек фуқароларидан виза талаб қилмайдиган ушбу мамлакатда бошпана излаётган ўзбеклар сони кундан-кунга ортмоқда.

Айрим рақамларга кўра, биргина Истанбулнинг ўзида бир неча минг ўзбекистонлик қочқинлар бўлиши мумкин.

Адам Челикнинг айтишича, Туркияда бошпана излаётган ўзбек қочқинларининг аниқ сони маълум эмас.

"Уларнинг кўпчилиги шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки паспортсиз юришади. Полиция ушласа, Ўзбекистонга қайтариб юборади", -дейди Адам Челик.

Унинг таъкидлашича, ўзбек қочқинлари атрофида юзага келган вазият Туркия ҳукумати ҳамда суд тизими ўртасидаги чигал муносабатларнинг натижасидир.

"Суд тизими билан ҳукумат ўртасида бир муаммо бор. Суд тизими Туркия ҳукумати имзолаган халқаро ҳужжатларни писанд қилмайди. Ҳакамлар демократия ва инсон ҳақларига эътибор бермайдилар, аксинча, диктаторликни қўллаб-қувватлайдилар. Аммо Адлия вазири бу мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилиши, уни тадбиқ этмаганларни ишдан олиши керак. Афсуски, буни кўрмаяпмиз", - дейди Истанбулдаги "Ўзбеклар бирлиги" ноҳукумат ташкилоти раҳбари.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.