BBC navigation

Шукрулло Мирсаидов вафот этди

Сўнгги янгиланиш 2 ноябр 2012 - 12:26 GMT

Ўзбекистоннинг биринчи ва охирги вице-президенти Шукрулло Мирсаидов ўтган тунда Тошкентда 73 ёшида оламдан ўтган.

Айрим хабарларга кўра, унинг ўлимига юрак хуружи сабаб бўлган.

Мамлакатнинг постсовет тарихида ўзига хос сиёсий ўринга эга бўлган Шукрулло Мирсаидов Ўзбекистон Министрлар Советининг сўнгги раиси (1990) сифатида ҳам тарихга кирган.

1991 йил августида Ўзбекистон мустақилликка эришиши ортидан янги жорий этилган вице-президентлик лавозимига тайинланган Шукрулло Мирсаидов Ўзбекистон тарихида юқори лавозимдан истеъфо берган ягона раҳбардир.

1992 йил январида Тошкентдаги Талабалар шаҳарчасидаги намойишларнинг куч билан бостирилиши ортидан истеъфо берган Шукрулло Мирсаидов ўз қарорини "Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар амалга оширилмаётгани" билан изоҳлайди.

У "демократия ва ошкоралик сиёсатининг ўрнини авторитаризм эгаллаб бораётгани"ни урғулаб, президент Ислом Каримовга очиқ мактуб ҳам йўллаган.

Кўп ўтмай мухолифатнинг Тошкентдаги "Демократик кучлар форуми"да иштирок этган Шукрулло Мирсаидов Президент Каримов бошқарувига қарши ҳаракатларни бирлаштиришга урингани айтилади.

Президент Каримов маъмуриятининг кескин танқидчиларидан бўлган Шукрулло Мирсаидов ўз вақтида ҳукумат томонидан жиддий сиёсий таҳдид сифатида кўрилган.

1992 йилда Шукрулло Мирсаидовга қарши "товламачилик ва порахўрлик" айблари билан йирик жиноят иши очилади.

Унда Мирсаидов вице-президентлик лавозимини эгаллаб турган пайт Ўзбек пахтасидан келган йирик маблағларни ўзлаштирганликда айбланади ва 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги жаримага тортилади.

Аммо кейинроқ халқаро арбитраж Шукрулло Мирсаидовни оқлайди.

1994 йилда Тошкентда Шукрулло Мирсаидов ўзининг машинасига яқинлашаётган пайтда у портлаб кетади.

Шунда ҳам, ўз сиёсий фаолиятини давом эттирган Шукрулло Мирсаидов худди ўша йили ўзбек мухолифатининг "Мувофиқлаштирув кенгаши"ни тузишга уринади.

У расман рўйхатдан ўтмаган "Адолат - Ҳақ йўли" партиясига ҳам раҳбарлик қилган.

Аммо 1995 йилда Тошкент яқинида ўғли номаълум шахслар томонидан ўғирланиб, дўппослаб кетилган Шукрулло Мирсаидов сиёсий фаолиятини тўхтатишини эълон қилади.

Қолган умрини Тошкентда, оддий нафақахўр сифатида ўтказган Шукрулло Мирсаидовнинг юрак хасталигидан азоб чеккани айтилади.

Тошкентдан келаётган хабарларга кўра, унинг жаноза маросимида кўплаб одамлар иштирок этишган.

Расмий матбуот Шукрулло Мирсаидовнинг вафоти ҳақида сукут сақламоқда.

Ўзбекистондан олинган сўнгги хабарларга кўра, Шукрулло Мирсаидов Тошкент шаҳридаги "Тешик қопқоқ" қабристонида дафн этилган.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.