BBC navigation

Туркия Ўзбекистон муносабатлари илиқлашишига умид борми?

Сўнгги янгиланиш 2 ноябр 2012 - 11:35 GMT

Туркия Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган давлат ҳисобланади

Туркия Маданият ва Туризм вазири Эртуғрул Гунай расмий Тошкентга Ўзбекистонда "Юнус Эмре Институти", Анқара ёки Истанбулда эса "Алишер Навоий Институти"ни очиш таклифини қилган.

Турк мулозими мазкур таклифи унинг "Буюк ипак йўлида туризм -18" номи остида Тошкентда бўлиб ўтган халқаро туризм кўргазмасида қилган чиқиши пайтида янграган.

Туркия маданияти, тарихи, тили ва адабиётини тарғиб қилиш мақсадини кўзлаган "Юнус Эмре Институти" сўнгги беш йилда дунёнинг қатор мамлакатларида таъсис этилган.

Кўргазманинг очилиш чоғида чиқиш қилган Эртуғрул Гунай мамлакатининг Ўзбекистон билан маданий соҳада ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятида эканини айтган.

Кейинчалик Ўзбекистон Маданият ва Спорт вазири Турсунали Қўзиев билан мулоқоти чоғида Туркия Ўзбекистон билан, шунингдек, қўлёзмалар, миллий кутубхоналар, археологик қазиш ишлари каби соҳаларда ҳамкорлик қилишга ҳозир эканини билдирган.

Туркия Маданият ва Туризм вазири мамлакати Ўзбекистонда мавжуд тарихий иншоотлардан бирини таъмирлаш иштиёқида эканини маълум қилган.

Шунингдек, жаноб Гунай мамлакати Тошкентда барпо этилган янги стадионда футбол бўйича Туркия ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказишга ҳам тайёр эканини айтган.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Маданият ва Спорт вазири Туркия ҳам мамлакати учун Оврўосиё қитъасидаги муҳим ўлка ҳисобланишини маълум қилган.

Турсунали Қўзиев музейларни юритиш масаласида Ўзбекистон Туркия тажрибасидан фойдаланиши мумкинлигини айтган.

Абадий дўстликми ёки?

Туркия Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган давлат ҳисобланади.

Ўзбекистон билан Туркия ўртасида 90-йилларнинг бошларида абадий дўстлик битими имзоланган, бироқ кейинчалик - Туркия ҳукумати ўзбек мухолифати фаолларига ўз тупроғида бошпана бериши ортидан - икки мамлакат алоқалари бирмунча совуқлашди.

Икки давлат ўртасида ўрнатилган визасиз қатновни Ўзбекистон бир томонлама бекор қилинган.

Мамлакатдаги ўзбек-турк лицейларининг фаолиятига 2000 йилга келиб чек қўйилди.

Ўзбекистондан Туркияга олий таълим олиш учун талабаларни гуруҳ- гуруҳ қилиб юбориш дастурлари ҳам тўхтатилди.

Ўзбекистон расмийлари Туркия билан маданий ва таълим соҳаларидаги алоқаларнинг совуқлашиб кетганига бирор расмий изоҳ беришмайди.

Турк лицейларида таълим олган айрим шахслар Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан мамлакатда ноқонуний деб топилган "Нурчилар" оқимига алоқадорликда айбланиб, турли йилга қамоқ жазоларига ҳукм қилинмоқда.

Ўтган йили Ўзбекистонда фаолият юритаётган йирик турк ширкати вакиллари ва раҳбарларига нисбатан ҳам айни мазмундаги айбловлар янграган эди.

Сўнгги йилларда икки мамлакат орасидаги алоқалар шунчалар ёмонлашдики, ўтган йили Туркия парламенти Ўзбекистонни "дўст бўлмаган" 5 давлат қаторига киритди.

Бироқ кузатувчилар Туркия юқори мартабали мулозимининг Тошкентга сафарини расмий Анқаранинг икки мамлакат ўртасидаги совуқликни аритишга қаратилган илк қадами сифатида баҳолашмоқда.

Шу йил охирига қадар икки давлат мулозимлари ўртасида яна бир қатор олиймақом учрашувларнинг бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.