BBC navigation

Уч ўзбек аёли Тожикистонга айғоқчиликда айбланган

Сўнгги янгиланиш 5 ноябр 2012 - 19:58 GMT

Кўрсатувда айтилишича, аёллар ватан хоинлари сифатида жазога тортилганлар.

Ўзбекистон телевидениесининг "Ёшлар" телеканали 31 октябр куни "Ватан хоинлари" деб номланган кўрсатувни намойиш этган.

Кўрсатувда уч ўзбекистонлик аёл Тожикистон фойдасига айғоқчилик қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилгани айтилади.

Сурхондарё маҳкамаси аёлларга 14 ва 15 йиллик қамоқ жазолари тайинлаган.

Аёллар Тожикистон билан чегарадош Сурхондарё вилояти фуқаролари бўлишган.

"Ватан хоинлари" кўрсатувига биноан, айғоқчиликда айбланган Гулнора Амонова, Кимё Худоёрова ва Раъно Хурсандовалар Тожикистон хавфсизлик хизматлари билан Ўзбекистоннинг ҳарбий ва хавфсизлик объектлари ҳақида маълумот етказиб туриш учун ҳамкорлик қилишган.

Аёллардан бири Гулнора Амонова 1998 йил Тожикистон милицияси ходимига турмушга чиққан.

Кўрсатувда айтилишича, бу никоҳ Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан режалаштирилган бўлиб, шу тариқа аёлдан Ўзбекистон ҳақидаги махфий маълумотларни олиш кўзда тутилган.

Телевидение мухбирига кўра, Амонова ва унинг дугонаси Раъно Хурсандова асосий ишни олиб борган Худоёровага маълумотларни тўплаш ва Тожикистонга етказишда ёрдам бериб келишган.

"Кимё Худоёровага қуйидаги объектларнинг расми ва жойлашган жойи ҳақида маълумот бериш топширилган: Сурхондарёдаги ҳарбий қисм, у ердаги қурол ва аслаҳалар сақланадиган жой, Сариосиё туманига қарашли прокуратура, милиция ва чегара бўлинмалари; Бу идораларда ишлайдиган ходимлар ва ҳарбийлар ҳақида маълумот, уларнинг жанговор тайёргарлиги ва автомашина рақамлари тўғрисида аниқ маълумотлар сўралган", - дейилади кўрсатувда.

Кўрсатувда телекамера қаршисида Худоёрованинг ўзи пайдо бўлган ва Ўзбек расмийлари унинг бўйнига қўйган барча айбловларни тан олган.

Ўзбек телеканали кўрсатувида Гулнора Амонова Сариосиё Ички ишлар бўлими ва прокуратураси акс этган суратларни тожик махфий хизмат ходимларига берганини тасдиқлаган.

Кимё Худоёрова Ўзбекистон Жиноят кодексининг 160-моддаси биринчи банди, айғоқчиликда айбланиб, 15 йилга озодликдан маҳрум қилинади.

Амонова ва Хурсандовалар эса 157- моддага асосан, хиёнат қилганликда айбланиб, ҳар бирига 14 йилдан қамоқ жазоси тайинланади.

"Ватан хоинлари" деб номланган кўрсатувда аёллар ўзларини Тожикистон хавфсизлик идоралари айғоқчилик қилишга мажбур қилишганини айтишган.

"Аёллар керакли ташкилотларга ўз вақтида хабар беришдан кўра, Ўзбекистонга қарши маълумот бериб, бунинг эвазига пул олишни маъқул кўрганлар", - дейилади кўрсатувда.

Ўзбекистон телеканалидаги кўрсатув ортидан давлат назорати остидаги оммавий ахборот воситалари ҳам жосус аёллар ҳақидаги ахборотни тарқатишга шошилганлар, бироқ мустақил оммавий ахборот воситалари, Интернет ва блогларда бу аёлларнинг бўйнига қўйилган айбловлар қанчалар ўз исботини топгани ҳақидаги саволлар кўтарилган.

Хусусан, Сариосиё прокуратураси ёки милицияси биноларининг суратлари Тожик хавфсизлик хизматларига нима учун керак, деган савол.

Тожикистон билан Ўзбекистон чегарасидаги ҳудудларда чегаранинг икки томонида ҳам истиқомат қиладиган қариндошлар кўплаб топилади ва бу маъмурий биноларнинг қаерда ва қай кўринишда экани ҳақидаги маълумотни қўшни мамлакатга айғоқчи юбормасдан туриб ҳам аниқлаш мумкин.

EurasiaNet.org веб-сайти Ўзбек телевидениесининг кўрсатувини "шоу" деб атаган.

EurasiaNet.org га гапирган таҳлилчи айтишича, бу билан Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини доимо кузатиб турганини англатмоқчи бўлган.

Аксар кузатувчилар фикрича, Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарияти ўртасидаги муносабатлар совуқлашиши икки мамлакатда ҳам қўшни мамлакат фойдасига жосуслик қилиш айбловлари илгари сурилган маҳкамалар сонининг кўпайишига ҳам олиб келган, бундай овозали маҳкамалар "қурбонлари" оддий фуқаролар бўлганлар.

Кузатувчилар қаттиқ назорат остидаги Ўзбекистон телеканалларида бундай кўрсатувлар махсус буюртма бўйича намойиш этилиши маълумлигини айтишади, ушбу кўрсатувни Ўзбекистон билан Тожикистоннинг муносабатлари янада таранглашган пайтда кўрсатишга қарор қилинган.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.