BBC navigation

Ўзбекистонлик бошпана изловчи БМТдан ёрдам сўради

Сўнгги янгиланиш 12 ноябр 2012 - 11:58 GMT

Хайрулло Турсунов Ақтўбе шаҳридаги тергов изоляторида сақланмоқда

Қозоғистонда қолаётган бошпана изловчи Хайрулло Турсунов, ўзини Ўзбекистонга экстрадиция қилмасликларини сўраб, БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига мурожаат қилган.

Аввалроқ Қозоғистон Бош прокуратураси Хайрулло Турсуновни Ўзбекистонга экстрадицияи қилиш борасида қарор чиқарганди.

Турсунов Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига аъзоликда ва конституционни тузимни ағдаришга уринганликда айбланган.

Хайрулло Турсунов номидан йўлланган аризада айтилишича, Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот органлари унга "асоссиз айбловлар" қўйганлар.

“Қозоғистон томони эса қийноқлар қўлланиладиган давлатга тутқунларни бериб юбормаслик борасида кафиллик бера олмаслигини кўрсатди”, - дейилади аризада.

Турсуновнинг адвокати Кенес Жусуповнинг айтишича, ушбу аризани ёзишдан асосий мақсад мунтазам қийноқлар қўлланувчи давлатга бошпана изловчини экстрадиция қилишнинг олдини олишдир.

“Ариза ёзишдан мақсад Турсуновни ноқонуний равишда ушлаб туришибди. Ўзбекистонда эса қийноқлар қўллаш ва ноқонуний маҳкамага тортиш одатга айланган”, - дейди Кенес Жусупов.

Турсуновнинг адвокати Қозоғистон Бош прокуратураси томонидан чиқарилган экстрадиция қилиш борасидаги қарордан норози бўлиб Ақтўбе шаҳар маҳкамасига ҳам шикоят ёзган.

Қарши шаҳридан бўлган Хайрулло Турсунов шу йилнинг 7 апрел куни Ақтўбе шаҳрида қўлга олинганди.

Ўзбекистон томони уни конституцион тузимни ағдариш, “Туркистон исломий жиҳод” ва “Ўзбекистон ислом ҳаракати”га аъзоликда айблаган.

Ўзбекистон Бош пурокуратураси томонидан юборилган айбловномада у ўтган йили Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган 29 бошпана изловчи билан тил бириктириб, Ўзбекистондаги ҳукуматни ағдаришни мақсад қилгани айтилади.

Қозоғистон бир йиллик ҳибсдан сўнг 2011 йилнинг июн ойида 29 бошпана изловчини Ўзбекистонга экстрадиция қилганди.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги уларнинг ҳуқуқлари таъмишланиши борасида Ўзбекистондан ёзма равишда кафиллик олганини айтган.

Бироқ, Ўзбекистондаги ҳуқуқни ҳимоя қилувчи фаоллар тергов жараёнида Ўзбекистонга қайтарилган бошпана изловчилар қийноқларга тутилганини айтишади.

БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси шу йилнинг июн ойида Қозоғистон қочқинларни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш орқали ўзи имзолаган конвенцияни бузгани ва қийноқлар мунтазам қўлланилувчи мамлакатга одамларни бериб юбориш мумкин эмаслигини айтганди.

Қўмита Қозоғистондан қочқинларни ортга қайтариш ва уларга товон пули тўлашни талаб қилган.

Бироқ Қозоғистон томони БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси томонидан талаб қилинган шартларни ҳозирга қадар бажаргани йўқ.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.