BBC navigation

Би-би-си меҳмони - сиёсатшунос Забихулла Саипов

Сўнгги янгиланиш 12 ноябр 2012 - 16:57 GMT

Забихулла Саипов АҚШ ва Ўзбекистон ташқи сиёсатида Ислом омилини тадқиқ этган

BBCUzbek.com ўқувчиларининг саволларига ўзбекистонлик сиёсатшунос Забихулла Саипов жавоб беради.

Забихулла Саипов- сиёсий фанлар номзоди.

1972 йилда Тошкентда туғилган, Тошкент шаҳридаги инглиз тилига ихтисослашган 102-мактабда ўқиган.

Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университетининг инглиз филологияси факултетида таҳсил олган.

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридаги Колумбия, Буюк Британиянинг Вестминстер, Германиянинг Бонн университетларида ўз малакасини оширган.

Қатор мақолалари Ўзбекистон ва хорижда чоп этилган.

Илмий-тадқиқот ва ўқув-услубий фаолиятини Тошкент Ислом университетида бошлаган.

Ҳозирда Жаҳон иқтисодиёт ва дипломатия университети ҳамда Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтларида талабаларга сабоқ беради.

Забихулла Саипов "АҚШ ташқи сиёсатида Ислом" мавзусида тадқиқот олиб борган.

Ўзбек-Америка ва Марказий Осиё-Хитой муносабатлари, минтақавий мавзуларга доир ўнлаб илмий нашрлар муаллифидир.

"Тадқиқот қизиқишларим дипломатия ва стратегия назарияларидан иборат. Барча фикрлар ўзимники ва фаолият олиб бораётган ушбу ўқув юртлари ёки ҳукумат мавқеъини асло акс эттирмайди", - дейди сиёсатшунос.

Би-би-си: Само деб исм қўйган тингловчимиз сўрабди: "Тадқиқотларингиз мавзуси жуда қизиқарли экан. Ўзбек-америка муносабатларида аксарият ҳолларда бир томонлама сиёсат яққол кўзга ташланади. Мисол учун, Америка билан биз яқин бўлсак, Россия билан узоқлашамиз, ёки аксинча. Нима учун баланс сақлаган ҳолда ташқи сиёсатда совуққонлик кўрсатилмаяпти, деб ўйлайсиз?. Иккинчи савол: Хитой билан алоқаларимизда нималардан ўта эҳтиёт бўлишимиз керак?

Забихулла Саипов: Ҳа, албатта, эҳтимол соҳа мутахассиси бўлмаган кузатувчилар назарида Ўзбекистон ташқи сиёсати ўзгарувчан ва нобарқарор бўлиб туюлиши мумкин. Лекин диққат билан таҳлил қиладиган бўлсак, ушбу нобарқарорлик замирида ўзига хос ички қонуният ва мантиқ кўзга ташланади. У ҳам бўлса, Ўзбекистоннинг ўз давлат суверенитетини нима бўлмасин ва қанчалар қимматга тушмасин, кўз қорачиғидек асрашга бўлган интилишидир. Шу билан бирга, у нафақат Ўзбекистоннинг принципиал талаби, балки халқаро шерикларнинг ҳамкорлик жараёнида маълум бўлиб қолаётган "коса остидаги нимкоса" стратегиялари ҳам сабаб бўлмоқда.
Умуман олганда, халқаро муносабатларда йирик давлат ва нисбатан катта бўлмаган, лекин ёш ва мустақил мамлакат ўртасидаги муносабатларни тадқиқ этиш алоҳида диққатга сазовор масалалардан биридир. Масалан, ГУУАМ ташкилоти қисқартмаси аслида “зарғалдоқ инқилоблар” рўй бериши кутилган кетма-кетликда жойлаштирилган экан, яъни Грузия, Украина, Ўзбекистон, Озарбайжон, Молдова воқеалари.
ЕврАзЭС ташкилоти ҳам Марказий Осиё давлатлари интеграциясига хизмат қилиши мумкин ягона ташкилот бўлмиш Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилоти фаолиятини йўқ қилиш ҳисобига кенгайтирилгани маълум бўлди. Бу каби ташкилотлар "совуқ уруш" даврида ҳам бўлган, масалан, Бағдод пакти- СЕНТО, SEATO, АНЗЮС каби ташкилотлар орқали йирик давлатлар орасида мафкуравий курашлар бўлган ва улар турли минтақада муҳим давлатлардан ўз манфаатларида фойдаланганлар.
Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, Ўзбекистон "катта сиёсий ўйинларда" пиёда вазифасини бажаришни истамаётганлигини, турли ташқи босим, хуруж, зуғум ва пўписаларга нисбатан собитқадамлик билан таслим бўлмаётганлигини намойиш этади. Шунингдек, ушбу воқеалар Марказий Осиё минтақасида сиёсий, ҳарбий, иқтисодий, маданий ва мафкуравий курашлар ўзининг юқори чўққисига чиқиб бораётганидан далолат беради.
Марказий Осиёнинг деярли барча мамлакатларида рўй берган воқеалар хавфсизлик масаласи нақадар қалтис экани ва минтақа ҳали-ҳануз нотинчликлар бўҳронидан қутула олмаганини кўрсатмоқда. Аксарият кўпчилик барқарорлик тарафдори. Ислом Каримов тимсолида ушбу барқарорлик кафолатини кўриш мумкин.
Хитой Ўзбекистон ўзи муносиб ва лойиқ деб билган эҳтиромни моҳирона кўрсата олмоқда. Хитой ва бошқа жануби-шарқий Осиё мамлакатлари билан муносабатларда, фикримча, энг асосий чақириқ, бу-тил масаласи бўлиб қолади. Албатта, Ўзбекистонда кучли хитойшунос мутахассислар бор. Шу билан бирга, уларнинг сафини янада кенгайтириш галдаги муҳим вазифалардан бири бўлиб қолади. Маҳаллий тилларни яхши эгаллаш мамлакат ҳақидаги тасаввурларимизни кенгайтиради, тадқиқ этиш учун янги материалларни тақдим этади, воқеаларни жунбушга келтирувчи ички қонуниятларни теранроқ англашга ёрдам беради. Бундай вазиятда ўзбек дипломатиясидан ўзининг халқаро шериклари билан тенглар орасида тенг сифатида катта маҳоратли музокаралар олиб боришни, лозим бўлса "шоҳида эмас, баргида юриш"ни тақозо этади.

Би-би-си: Россиядан Раҳмиддин "Ўзбекистон аввал Туркия модели, деди, кейин Жанубий Корея, ҳозир қайси модел бўйича кетаяпмиз?", деб сўраган. Шунингдек, Кореядан Нуриддин исмли тингловчимиз ҳам "Ўзбекистон сиёсий, иқтисодий жиҳатдан Жанубий Кореяга етиб олишига яна қанча йил керак бўлади, сизнингча?" деб сўраяпти. Марҳамат.


Забихулла Саипов: Саволлар учун раҳмат. Тўғри, мустақилликнинг дастлабки йилларида ривожланишнинг турли шакллари Ўзбекистоннинг иқтисодий-ижтимоий ривожланиш моделлари сифатида эълон қилинди. Буни тўғри қабул қилишимиз керак, чунки бу давр ўзига хос эйфория даври бўлди. Бу даврда яна халқимизга хос ишонувчанлик, балки соддадилликни ҳам кузатиш мумкин. Лекин сўнгги йилларда жаҳон бозори, бу қақшатқич рақобат, аниқ ҳисоб-китоб ва катта молиявий манфаатлардан иборат катта дошқозон эканлигига тобора амин бўлинмоқда. Шунингдек, барча дардларга даво-ягона дармондори йўқдек, четдан келтирилган ривожланиш конструкциялари, агар маҳаллий шарт-шароитни инобатга олмаган ҳолда жорий этилса мағлубиятга дучор бўлиш эҳтимоли юқори экани тушунилди. Ҳозирда амалда қўлланилаётган моделнинг асосий мезонлари қуйидагиларда ифодаланади: кучли ижроия вертикалига асосланган, яъни ислоҳотлар оқими асосан марказ ташаббуси ва етакчилигида периферия бўйлаб кетади (1), у тадрижий равишда амалга оширилади (2), аксарият ҳолларда республиканинг ички салоҳияти ва имкониятларига таянган ва сафарбар этилган ҳолда бўлиши лозим (3), халқаро шерикларнинг ноу-хауси ва тажрибасидан оқилона фойдаланиш шарти мавжуд (4), киритилаётган сармоялардан пухта ишлаб чиқилган комплекс чора-тадбирлар режаси асосида манзилли равишда фойдаланиш (5), тажриба ва сармоя алмашиш мамлакатни иқтисодий қарамлигига етакламаслиги керак (6). Балки қўпол мисолдир, лекин мана, ўзинглар ҳам синаган бўлсанглар керак. Чет эл сафарларига борганда ҳар эҳтимолга қарши энг биринчи ёрдам дориларини олиб бориб, ўша ерда истеъмол қилинса, деярли таъсир қилмайди, у ернинг иқлими кўтармайди. Нуриддиннинг саволларига жавоб беришга ожизман, ўзингизнинг таклиф-мулоҳазаларингиз бўлса айтинг.

"Ҳаммани бирваракайига тизим душмани сифатида кўрмай, долзарб муаммоларга елкама-елка туриб, ечим топишга ҳаракат қилиш лозим."


Би-би-си: Ўзбекистондан Tўлқин Содиқов савол йўллабдилар: "Муҳтарам сиёсатшунос, Ўзбекистонда кутилаётган ҳокимият ўзгариши қандай кечади, деб ўйлайсиз. Яъни қандай сценарийларини кўраяпсиз?".


Забихулла Саипов: Авваламбор, президентимизнинг умрлари узоқ бўлсин. Бизда маълумки, ўзига хос шарқона демократия қурилмоқда. Бу савол ўзига яраша чўрткесар ва кинояли экан. Нима бўлсада, фақат тахминлар сифатида жавоб беришга ҳаракат қиламан. Мен алармист манзараларни чизмаган бўлардим. Менимча, бу ўзгариш барча рақибларга қасдма-қасд равишда пухта режа асосида, режалаштирилган муддатда, ташкилий жиҳатдан катта уюшқоқлик билан ўтказилади. Сайланувчи шахс нафақат Ўзбекистонда, балки мамлакат ташқарисида ҳам етарли обрўга эга бўлган, ниҳоятда билимдон киши бўлади. Мавжуд тизим ва сиёсий анъаналар ворислиги таъминланишига эришилади. Албатта, воқеалар шу аснода ривожланиши учун муайян ҳуқуқ-тартибот идораларнинг кафиллиги ва оқ фотиҳаси лозим бўлиши мумкин. Такрор этаман, бу менинг шахсий тахминларим, холос.


Би-би-си: Тошкентдан Баҳромжон: "Ўзбекистон Конституцияси дунёдаги энг мукаммал конституциялардан бири деб айтилади. Унинг ҳаётга қанчалик тадбиқ этилаётгани ҳақида нима дея оласиз?. Раҳмат."


Забихулла Саипов: Рухсатингиз билан бир воқеани айтиб берсам, лекин бу чўпчак эмас. Менинг додамлар II Жаҳон урушида қатнашганлар ва бир неча йил аввал салкам 100 ёшларида оламдан ўтганлар. Улар биз, набираларига уруш тўғрисида кўп ҳикоя қилиб берардилар. Шундай воқеалардан бирига кўра, додамлар уруш пайтида сезиларли даражада тўлишиб кетган эканлар. Шунда қўмондон ўз ёнига чақириб, "ўртоқ Соипов кундан-кунга тўлишиб кетяпсиз, бунинг сирини билсак бўладими?" деб сўраганида, додамлар "ўзингларга маълум, бизларга кундалик паёк берасизлар, уларнинг орасида тамаки ва спирт ҳам бўлади. Мен ўзимнинг қуролдошларим билан бирга доим тамакини нонга, спиртни эса қандга алмашиб, тановул қилиб юрибман", деган эканлар. Яна улар "мен ҳеч қачон бировнинг ҳақини емаганим боис ҳам омон юрибман", дердилар. Албатта, сўз ва амал мутаносиблиги бўлса, нур устига аъло нур бўлади...


Би-би-си: Саҳвий исмли тингловчимиз сўрабдилар: "Сиз сиёсатчи сифатида бугунги ўзбек режиминиyu ички ва ташқи сиёсатини қандай баҳолайсиз? Ҳукуматпарастмисиз ёки мухолифми?"/


Забихулла Саипов: Билмадим, мен учун бу бироз кулгили савол. Авваламбор, мен сиёсатчи эмасман. Сиёсатчи давлат ё ҳукумат сиёсатини бевосита идора этиб, уни амалга оширувчи давлат арбоби ҳисобланади. Сиёсатшунос эса ҳукумат ва давлатларнинг ички ва ташқи сиёсатини четдан туриб тадқиқ этувчи шахсдир. Шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда, мен ўз тадқиқотларимни Макс Вебер, Ганс Моргентау, Эдвард Саид каби қатор олимлар илгари сурган мактаб таълимотларига асосланиб, олиб бораман. Уларга кўра, тадқиқот объекти холис, объектив ўрганилиши лозим, тадқиқотчи ва замонамиз зиёлиларидан масалага ойдинлик киритишга монелик қилувчи мавжуд мафкура ва стереотиплардан холи ва мустақил бўлишлари, нафақат танқид, балки муаммо ечимини ҳам таклиф қила олишлари кутилади. Бевосита саволингизга тўхталадиган бўлса, шуни айтиш мумкинки, мен россиялик академик Евгений Примаковнинг ҳам қатор илмий ишлари билан танишман. У ўзининг “Катта сиёсатдаги йиллар” номли китобида янги Россияни оёққа туришида ҳукуматга "мухолиф" бўлганларни икки табақага - тизим ташқарисидаги ва тизим ичкарисидаги диссидентларга ажратгани ҳақида сўз юритиб, ўзини охирги тоифа кишилар қаторига қўшади. Мен Ўзбекистон ташқарисида юриб, асосан ривожланган давлатларда қўним топган, илдиздан ажралиб, айюҳаннос солаётган мухолифчиларнинг самарасиз стратегиясини, очиғи яхши тушунмайман. Мен тавсия сифатида Примаков илгари сурган андозани қўллаб-қувватлаган бўлардим. Ҳаммани бирваракайига тизим душмани сифатида кўрмай, турли соҳа мутахассисларининг фикрларига қулоқ тутиш, долзарб муаммоларга елкама-елка туриб, ечим топишга ҳаракат қилиш лозим. Бошқача қилиб айтганда, биз ҳам муқобил фикрга эга бўлган, кучли гражданлик позициясини изҳор этаётган кишиларни жонкуярлар сифатида кўришимиз керак. Танқидга нисбатан тоқат маданиятини шакллантиришимиз лозим, акс ҳолда жадидчиларга нисбатан йўл қўйилган хатолар яна бир бор такрорланиши мумкин. Ўзбекистонимизни янада гуллаб яшнашини, тинч, осуда ва фаровон бўлишини ҳар бир фуқароимиз истайди. Буни йўлланган саволларнинг руҳи ва географияси ҳам тасдиқламоқда. Энди навбат бу фаровон ҳаёт ҳар бир хонадонга кириб боришининг янада самарали механизм ва йўлларини ишлаб чиқиш ва оғишмай жорий қилишдан иборат бўлади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.