BBC navigation

Ўзбекистонлик шахматчи ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлди

Сўнгги янгиланиш 19 ноябр 2012 - 14:55 GMT

Ёшлар ўртасида шахмат бўйича жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторов иккинчи синфда ўқийди.

Словениянинг Марибор шаҳрида шахмат бўйича болалар ва ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик Нодирбек Абдусатторов жаҳон чемпиони бўлди.

Энг ёш иштирокчилар қатнашган гуруҳ мусобақаларида саккиз ёшли Нодирбек 11 имкониятдан 10 очко жамғариб, ушбу катта ютуқни қўлга киритган.

Нодирбек қатнашган гуруҳда дунёнинг турли мамлакатларидан келган 135 ёш шахматчи қатнашиб, уларнинг орасида халқаро мусобақаларнинг ғолиб ва совриндорлари бўлишган.

8 ёшли иқтидор эгаси баҳсларда болгариялик Оврўпо чемпиони Светлана Стоянова, Осиё чемпионати совриндори, Эрон чемпиони Муҳаммадий Арбатий Пойя, Россия чемпиони Дмитрий Цойлар билан беллашиб, улардан устун келган.

Шунингдек, америкалик, финляндиялик, украина ва англиялик шахматчиларни ҳам енгиб, Туркия ва Малайзиядан келган ақл спорти усталари билан дурангга келишади.

Нодирбек Абдусатторов 2004 йил 18 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилган. Шахматга қизиқишида отаси Фазлиддин Очиловнинг хизмати катта бўлган.

Саккиз ёшли жаҳон чемпионининг дастлабки қадамлари 15-сон Болалар ўсмирлар спорт мактабида бошланган.

Нодирбек Республика мусобақаларида муваффақиятли қатнашиб келиб, терма жамоага қабул қилинади.

Бир неча бор халқаро мусобақаларда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган.

2011 йилда мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида олтин медалга сазовор бўлган. Сўнгра, ўсмирлар ўртасида ўтказилган қитъа чемпионатида бронза медалини қўлга киритади. Бундан ташқари ёш шахматчи Санкт-Петербургда ўтказилган халқаро турнирда бош мукофот эгаси бўлган.

2012 йил болалар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида биринчи ўринни эгаллаган Нодирбек, Словенияда ўтказиладиган Жаҳон чемпионатига йўлланма олади.

Словенияда болалар ўртасида шахмат бўйича жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Нодирбек Абдусатторов айни пайтда Тошкент шаҳар Ҳамза тумани 152 - мактабнинг 2- синф ўқувчисидир.

Икки кундан кейин эса, Ўзбекистон пойтахти шахмат усталарининг 5 декабргача Ўзбекистон тасвирий санъат галареясида ўтказиладиган Халқаро шахмат федерацияси (FIDE)нинг Гран-при учрашувларига гувоҳ бўлади.

Мусобақаларда дунёнинг 12 энг кучли гроссмейстерлари, жумладан шахмат бўйича 17-жаҳон чемпиони ўзбекистонлик Рустам Қосимжонов ҳам қатнашади.

Мусобақа якунида сараланган 3 кучли шахматчи жаҳон чемпионлиги учун кураш беллашувларида иштирок этади.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.