BBC navigation

Ўзбекистон: яна 9 нафар диндор маҳкум этилди

Сўнгги янгиланиш 23 ноябр 2012 - 14:15 GMT

Айбланувчиларнинг яқинлари Президент Каримовнинг Дўрмондаги қароргоҳи яқинида норозилик намойиши ўтказишган

Тошкент вилоят маҳкамаси Паркент туманида яшаб келган 9 нафар диндорларни "ноқонуний диний ташкилот тузиш" ва "жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тарқатиш" айблари билан маҳкум этган.

Янгибозор туман жиноий ишлар бўйича маҳкамасида ўтган жараёнда ҳакам Машраб Мирзаев айбланувчилардан икки нафари- 41 ёшли Ғайрат Ҳусанов ҳамда 40 ёшли Шуҳрат Юнусовларга 7 йилдан қамоқ жазоси берган, 33-40 ёш орасидаги қолган 7 киши эса 3 йилдан шартли жазога ҳукм қилинган.

Мустақил Инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи тарқатган хабарда айтилишича, айбланувчилар шу йил майида ноқонуний равишда ҳибсга олинган ва тергов жараёнида қийноққа солинганлар.

Уларнинг уйларида ўтказилган тинтув чоғида ҳеч қандай тақиқланган адабиёт топилмаган.

Маҳкама жараёнини кузатган инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, ҳакам судланувчиларнинг иқрорлик кўрсатмаси олиш мақсадида қийноққа солинганликлари ҳақида берган кўрсатмаларини эътиборсиз қолдирган.

Инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳининг ҳимоячилардан иқтибос келтиришича, жиноят иши бутунлай тўқиб чиқарилган.

Дўрмондаги норозилик намойиши

Янгибозор туманида маҳкамага тортилганларнинг яқинларидан бир гуруҳи шу йилнинг 9 ноябр куни Ўзбекистон Президентининг Дўрмондаги қароргоҳи яқинида норозилик намойиш ўтказишган.

Президент қароргоҳи олдига ҳақиқат талаб қилиб борган Шерзод Ҳусанов, Тожибой Салимов ва Пайзибой Юнусовлар милиция томонидан ҳибсга олинган.

Уларга ҳамроҳлик қилган инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаеванинг Қибрай туман ички ишлар идорасида дўппослангани хабар қилинган.

Норасмий Ўзбекистон Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянсидан Шуҳрат Рустамовнинг айтишича, маҳкамага тортилганлар Ислом ва Қуръонни ўрганган оддий намозхонлар бўлишган.

Унга кўра, улар Паркент туманида намозни ўқишга бел боғлаганларни бир ерга йиғиб, китоб, дисклардан фойдаланиб, намоз ва Қуръон ўқитишни бошлашган.

Бундан хабр топган милиция ходимлари май ойида уйма-уй юриб, шубҳа остидагиларни олиб кетишган.

Намозхонлар 15 суткадан ўтириб чиққандан кейин уйларига рухсат берилади.

Бироқ орадан бир-икки ҳафта ўтгандан сўнг, йигитларни яна олиб бориб, қамашади.

Яқинларининг айблов тафсилотларини сўраб, қилган мурожаатлари жавобсиз қолдирилган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.