BBC navigation

Ўзбекистон: Таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмудовнинг соғлиғи ёмонлашган

Сўнгги янгиланиш 24 ноябр 2012 - 12:46 GMT

Мамадали Маҳмудовни бориб кўрган яқинлари унинг бошидан жароҳатлангани ва юришга қийналаётганини айтишган

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, қамоқдаги таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмудовнинг соғлиғи ёмонлашган.

72 ёшли адиб ўтган ой Чирчиқдаги қамоқхонадан Тошкентдаги маҳбуслар даволанадиган "Сангород" га ўтказилган.

Мамадали Маҳмудовни бориб кўрган яқинлари унинг бошидан жароҳатлангани ва юришга қийналаётганини айтишган.

Жумладан, ўзбекистонлик мухолифат ва инсон ҳуқуқлари фаоли Дилором Исҳоқованинг адиб қизининг сўзларига таяниб билдиришича, "Мамадали Маҳмудов қўрқинчли даражада озиб кетган, аҳволи жуда ёмон ва қон босими баландлигича қолмоқда".

Суҳбатдошимизнинг айтишича, қизи учрашувга борганида, отасини "Сангород"га ўтказишганига йигирма кундан ошиб қолганига қарамай, зўрға чиққан.

"Мамадали аканинг ёнида қамоқхона назоратчиси бўлгани учун, очиқ бир нарса деёлмаган. Фақат йиқилиб тушиб, бошимнинг орқаси ёрилди, деган. Шу даражада аҳволи ёмон бўлганки, касалхонага олиб келиб, ўша ерда бошини тикишган", дейди фаол.

Дилором Исҳоқовага кўра, изоҳ сўрашганида, қамоқхона масъуллари ҳам яқинларига худди шу сўзларни такрорлашган.

"Мен борганимда, рафиқаси ҳам, қизи ҳам Мамадали Маҳмудовнинг аҳволидан жуда ташвишланиб, йиғлаб ўтиришган экан. Очиқча гаплашишга қўйишмабди. Шундан мен билдимки, улар ҳам ишонишмаяпти. Бош ёрилиш даражасида шу қадар куч билан йиқилиб, йигирма кун давомида касалхонада ётиши....Ҳозир ҳам "Сангород"да экан Мамадали ака", дейди у.

Ёзувчининг, ҳатто, озодликда экани чоғида ҳам нафас олишдан қийналгани, қамоқхонада бу янада авж олиб кетгани, ошқозонида яраси бўлгани, очилиб азоб бериши, ўтган 12 йилдан бери бетоб экани айтилади.

Қизининг отаси билан учрашуви тафсилотларидан маълум бўлишича, юришга ниҳоятда қийналаётгани боис Мамадали Маҳмудов ўзига ҳасса олиб бериб келишларини ҳам сўраган.

Тарихча ўрнида

Шўро даврида "Ўлмас қоялар" номли романи билан ном қозонган адиб мустақиллик йилларида мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси ва унинг раҳбари Муҳаммад Солиҳ билан алоқалари учун икки марта қамоққа ташланган.

Охирги марта у 1999 йил портлашларида айбдор, деб топилиб, 14 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Мамадали Маҳмудов маҳкамада ўзига қўйилган айбларни рад этган ва қийноққа солинганини айтган.

Ўзбекистон ҳукумати халқаро ташкилотлар ва адабий жамоатчиликнинг ёзувчини озод этиш ҳақидаги талабларини эътиборсиз қолдириб келади.

Қамоқхонада адибнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақида бир неча марта хабар қилинган.

Адиб ва унинг оиласини яқиндан билган фаолларга кўра, ҳозирга қадар Мамадали Маҳмудовга нисбатан авф фармони қўлланилмаган.

Келаси йил феврал ойида унга берилган 14 йиллик қамоқ жазоси расман ўз ниҳоясига етади.

Дилором Исҳоқованинг биз билан суҳбатида айтишича, яқинлари Мамадали Маҳмудовнинг, ҳеч бўлмаса, шу йил авфга тушишига умид қилишмоқда экан.

Ўзбекистонлик мухолифат ва инсон ҳуқуқлари фаоли Дилором Исҳоқова билан суҳбатимизни қуйида батафсил тинглашингиз мумкин:

Дилором Исҳоқова

Ўзбекистонлик мухолифат ва инсон ҳуқуқлари фаоли билан суҳбат.

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.