BBC navigation

Ўзбекистон Қозоғистонга миллионлаб доллар жарима тўлаши керак

Сўнгги янгиланиш 26 ноябр 2012 - 15:42 GMT

Электр тақчиллиги Ўзбекистонда бир неча йилдан буён анъанага айланган.

Ўзбекистон Қозоғистондан ўтган қиш мавсумида ноқонуний равишда олган электр энергиясидан қарзини деярли тўлаган.

Аммо бу йилги мавсум бошланиши билан Ўзбекистон яна келишилмаган энергия ола бошлаган ва бир ойнинг ичидаги қарз бир неча миллион долларга чиққан. Айни вақтда олдин кузатилмаган электр тақчиллиги бу йил пойтахт Тошкентда ҳам кузатила бошлаган.

Ўзбекистон томони Қозоғистондан шартномада кўрсатилмаган энергияни истеъмол қилгани учун 2011-2012 йилги қиш мавсумидаги қарзини деярли қутилган.

35 миллион долларлик қарзнинг шу кунларда 34 миллион 500 минг доллари Қозоғистонга берилган.

Бироқ Қозоғистонда электр узатиш тизимини назорат қилувчи “KEGOC” ширкатининг маълум қилишича, ноябр ойи бошидан бери Ўзбекистон Қозоғистондан яна шартномадан кўрсатилмаган тарзда электр энергияси ола бошлаган.

“Ўзбекистон ноябр ойидан бошлаб шартномадан кўрсатилмаган 35 миллион квт соат токни олиб қўйди. Бу яхшигина рақам. Бир суткага 1 миллион квт соатдан кўпроққа тўғри келаяпти. Ушбу ҳолатларнинг ҳаммаси ҳисобга олиб борилаяпти”, - дейди “KEGOC” ширкати матбуот котиби Марат Муҳаммадсалиев.

Ўзбекистон томонидан ноябр ойидан бери ноқонуний олинган электр энергиясининг нархи норасмий манбааларга кўра 5 миллион АҚШ доллари атрофида бўлиши мумкин.

Агар Ўзбекистон шу кетишда токни олишда давом этса, баҳорга бориб Қозоғистон олдидаги қарз ўтган йилги рақамлар билан тенглашиб қолиши мумкинлиги айтилади.

Ўзбекистон ўзидаги Иссиқлик электро станцияларини ёнилғи билан таъминлай олмаслиги сабаб бу каби муаммолар келиб чиқаётгани билдирилади.

Айниқса бу йилга келиб ушбу мауаммо янада авж олган ва ҳаттоки Тошкент шаҳрида электр энергиясида узилишлар кузатила бошлаган.

Тошкентдан мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов ҳолатни қуйидагича тасвирлайди.

“Пойтахтда ҳам бу муаммо кучли сезилаяпти. Мана мен ҳозир машинада йўлда кетаяпман, кўпчилик светафорлар ишламаяпти. Светафорларнинг ўрнига Йўл Патрул Хизмати ходимлари назоратга солиб турибди. Сабаби шаҳар бўйлаб чекловлар жорий қилинган. Чеклов жорий қилинган маҳаллаларда ҳаттоки светафорлар ҳам ишламаяпти”, - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Абдураҳмон Ташановга кўра, ўтган ҳафта пойтахтнинг Бектемир, Ҳамза, Миробод туманлардаги маҳаллаларда электр узилган. Ушбу узилишлар эрталабки соат 9 дан кечки 5 гача давом этган.

Бу ҳафтадан бошлаб эса Чилонзор ва Яккасарой туманларида шу ҳолат кузатилмоқда. Журналист ток йўқлигидан ҳаттоки автобилларни ювиш нуқталари фаолият юритмаётганига гувоҳ бўлганини айтади.

Электр энергияси тақчиллиги вилоятларда бир неча йилдан бери анъанага айланган ва ушбу узилишлар совуқ кунлар бошланиши билан янада кучаяди.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Саида Қурбонова ҳолатни ўрганиш учун маҳаллий мактабларнинг бирида бўлган.

“Болалар ўқитувчилар палтода ўтирибди. Бундай ҳолатда дарс ўтиб бўладими. Газ, свет йўқ. Свет бўлмагандан кейин хоналар қоп қоронғу”, - дейди Саида Қурбонова.

Ҳуқуқбонга кўра оддий одамлар вазиятдан чиқиш учун уйларни чўғ билан иситишга ҳаракат қиляпти.

“Кўпчилик тандирга олов ёққач чўғини уйга олиб киради. Ўзимизда ҳам шунақа ҳолат бўлаяпти. Мактаблар бу муаммога жим қараб турибди. Чунки бу нарсани кўтарган бошлиқ ишдан кетиши керак”, - дейди Саида Қурбонова.

Расмий доиралар билан суҳбатда бўлган Абдрураҳмон Ташанов пойтахтдаги электр энергияси бўйича узилишларда расмийларга иқтибосан қуйидаги сабабларни келтиради.

“Электр энергиясини ишлаб чиқарувчи манбаалар етарли эмас. Бунга қўшимча тарзда, станцияларнинг ишлаши учун мазут ва ёнилғи йўқлиги ҳам айтилаяпти”, - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Журналистга кўра расмий доираларда иқтисодий ўсиш бўлаётгани айтилаётган бўлсада, аслиятда Ўзбекистонда яхшигина иқтисодий инқироз жараёни кечмоқда.

“Давлат бюджети йил охирига келиб катта камомад билан чиқаяпти. Шунинг хисобига электр энергияси ишлаб чиқарувчи ширкатлар билан оғлиқ муаммолар юзага келган.

Кейинги пайтларда бензин тақчиллиги ҳам кузатилаяпти. Бунинг ҳаммаси иқтисодий қийинчиликларга бориб тақалади”, - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Журналистга кўра энергетика муаммосини бартараф этишда Ўзбекистон иқтисодни прогнозлаштириш ва юксалтириш борасида радикал ислоҳатларга муҳтож.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.