BBC navigation

Ўзбекистон: аҳолининг куни газ баллонларига қолди

Сўнгги янгиланиш 28 ноябр 2012 - 11:28 GMT

Газ баллони фақат "кам таъминланган оилалар"га етказиб берилиши айтилган

Ўзбекистонда аҳоли газ ва электр тақчиллигидан азоб чекаркан, давлат монополисти бўлган "Ўзбекнефтегаз" "КазТрансГаз" ширкати билан Қозоғистон жанубига узатиладиган газ ҳажмини бу йил 3 миллиард кубометрга кўпайтириш ҳақидаги битимни имзолаган.

Бу ҳақда Қозоғистон давлат нефт ва газ ширкати бош директори Серик Султангалиев маълум қилган.

Жаноб Султангалиевнинг матбуот анжуманида айтишича, Тошкентда ўтган музокаралар ниҳоясида Қозоғистоннинг жанубий минтақалари учун жаъми 3 миллиард кубометр газ етказиб беришга келишилган.

Қозоқ мулозими буни жануб аҳолиси учун "яхши янгилик" деб атаган.

"Ўзбектрансгаз" ва ""КазТрансГаз" ўртасидаги муносабатларнинг бутун тарихи мобайнида биринчи марта бу каби келишув имзоламнмоқда", - деб айтган жаноб Султангалиев.

Унинг сўзларига кўра, ўтган йилларда ўзбек газининг йилик ҳажми 2 миллиард кубомертдан ошмаган.

Шунингдек, томонлар "Туркманистон-Хитой" қувури орқали яна қўшимча ярим миллиард доллар газ етказиб беришга келишганлар.

Қозоқ мулозими бу йил қишда Қозоғистон жанубидаги аҳолига узлуксиз газ етказиб берилишини айтган.

"Газини четга сотиб..."

Ўзбекистон сўнгги пайтларда четга сотиладиган газ ҳажмини кескин кўпайтирган.

Мамлакатнинг хорижий шериклар, хусусан, Хитой олдида олган мажбуриятларининг бир қисми ички истеъмол ҳисобидан қопланаётгани айтилади.

Натижада жойларда ўткир газ ва электр тақчиллиги юзага келган.

Бу йилги қиш мавсуми бошланиши арафасида ўзбек расмийлари аҳолини кўмир заҳираларини ғамлаб олиш ҳақида огоҳлантирганлар.

Вазирлар маҳкамаси аҳолига кўмир етказиб беришни назорат остига олгани хабар қилинган.

Аммо ўзбекистонликлар аҳолига сотилаётган Ангрен кўмирининг сифати ёмонлиги, унинг яхши ёнмаслигини айтишади.

Хабарларга кўра, шу кунларда бу кўмирнинг нархи ҳам 80 минг сўмдан 120 минг сўмга кўтарилиб кетган.

Газнинг йўқлиги ҳар йилгидек, электр энергияси тақчиллигини юзага келтирган.

"Свет эмас, светофор!.."

Риштонлик журналист Баҳодир Элибоевнинг айтишича, ҳозирда одамлар газ баллонларини сотиб олишмоқда.

"Бу баллонлар фақат овқат пиширишга мўлжалланган, аммо одамлар техника хавфсизлигига тўғри келмаса ҳам, газ баллонларида исинишга ҳаракат қилишаяпти", -дейди журналист.

Унинг сўзларига кўра, газ баллони сотиб олиш учун маҳалладан "кам таъминланган оила" деган справка талаб қилинади.

"Газ баллонини бир марта тўлдириш 10 минг сўмга тушади ва уни агар фақат овқат учун ишлатилса, бир ҳафтага етказиш мумкин".

Баҳодир Элибоевнинг айтишича, ҳозирда Фарғона вилоятида кунига энг кўп 6 соатгача электр энергияси берилмоқда.

"Ёш болаларнинг ичаклари шамоллаб, касал бўлмоқда, қарияларнинг эса бомдод намозини ўқиши учун на свет ва на таҳорат олиши учун иссиқ сув бор", -дейди Баҳодир Элибоев.

Унга кўра, "Райгаз", "Облгаз" ва "Электросет" сингари ташкилотлар олдида ҳар куни одамларнинг турнақатор бўлиб турганларини кузатиш мумкин.

"Амалдорлар биз тепадан берилган нормани сизларга етказиб бераяпмиз, аммо ундан ортиғини тополмаймиз", - деб жавоб беришади".

Мустақил журналистнинг айтишича, хаво ҳарорати кескин совуб кетган ва электр ва газ таъминоти ўтган йиллардагидан ҳам "баттар".

Наманган вилоятида яшовчи фуқаролардан бири эса, Би-би-сининг "Свет борми?" деган саволига киноя билан "свет эмас бу, светофор" деб жавоб берди.

Унинг айтишича, одамларнинг электр ва газ таъминоти яхшиланишига умидлари қолмаган ва "ҳамма топган нарсасини ёқиб, кун кўрмоқда".

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.