BBC navigation

Гулнора Каримова Твиттерда қийноқларни муҳокама қилди

Сўнгги янгиланиш 3 декабр 2012 - 11:58 GMT

Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова твиттер ижтимоий мулоқот сайтида таниқли инсон ҳақлари фаоли, Халқаро Инқироз Гуруҳининг Брюсселда жойлашган матбуот бўлими директори Андрю Стролайн билан очиқ мулоқотга кирган.

Жаноб Стролайн Каримова хонимдан Ўзбекистонда одамларнинг қийноққа тутилиши ҳоллари ва мажбурий болалар меҳнатини тўхтатишга ва қоралашган чақирган.

Каримова хоним ўзини ўйламасдан гапирадиган "тентак" қилиб кўрсатмаслик учун қийноқлар қўлланишини қораламаган, балки ҳар бир қийноқ ҳолларини ўрганиб чиқиш учун унга ҳужжатлар юборилишини сўраган.

Суҳбатга аралашган Би-би-сининг собиқ Марказий Осиё бўйича мухбири Наталия Антелава нима учун Ўзбекистонга киритилмагани ва Тошкент аэропортидан депортация қилинганига изоҳ сўраган.

Антелава хоним ўтган йили Ўзбекистонда аёлларнинг мажбурий стерилизация қилиш ҳолатларини ўрганиш учун мамлакатга сафар қилганида, Ўзбекистонга киритилмаганди.

Андрю Стролайн Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини қоралаган мақолалари билан танилган

Каримова унга ўз электрон почта адресини бериб, депортация масаласини суриштириб кўришга ваъда берган.

Би-би-си Андрю Стролайн билан боғланиб, президент қизи билан мулоқот қандай бошланганини сўради.

Стролайн: Дастлаб Гулнора Каримова Твиттерда бир-икки журналистни ҳақорат қилди, мен шунчаки бу твитларни ре-твит қилгандим. Шундан сўнг Каримова хоним тўғридан-тўғри твиттер орқали менга жавоб қайтарди ва шунинг ортидан ўзига хос суҳбат бошланиб кетди. Албатта бу ҳол мен учун жуда кутилмаган эди.

Би-би-си: Мана шу "твиттер суҳбати" мобайнида кўтарилган асосий масала нима ҳақида эди?

Стролайн: Мен кўтарган асосий масала Гулнора Каримовани Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари мунтазам поймол қилиниши ва ҳисбхонларда мунтазам қийноқлар қўлланилиши муаммосини муҳокама қилишга жалб этиш ҳаракати эди. Бундан ташқари ҳар йили пахта терими мавсумида мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланиш муаммосини ҳам муҳокама қилишга жалб этишга уриниб кўрдим. У эса ўзи иштирокида олиб борилаётган бошқа ишлар ҳақида гапиришга уриниб кўрди. Лекин, қизиғи шундаки, биз анчагина суҳбатлашдик, бу анчайин узун суҳбат эди. Фикримча қирққа яқин твит ўртада бориб келди.

Би-би-си: Мунтазам қийноқлар ва мажбурий болалар меҳнати муаммоси масаласини кўтарган вақтингиз Гулнора Каримованинг жавоби қандай бўлди?

Стролайн: Мунтазам қийноқлар ибораси мен ўйлаб топган ибора эмас, буни БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси бир неча йил аввал берган. Гулнора Каримованинг жавоблари бирон янги нарсани очиқлади деб айта олмайман. У бу ҳолатлар мунтазам эканлигини тан олишдан бош тортди, лекин алоҳида ҳолатлар ҳақидаги маълумотларни юборсак, кўриб чиқишга ваъда берди. Мен бу ҳолатлар ҳақида юборган маълумотларимни ошкор қилмоқчиамн, ва, қани кўрайликчи, у ваъдасининг устидан чиқиш учун нима қиларкин...

Би-би-си: Гулнора Каримованинг сизнинг твитларингизга жавоб бериб, бу каби суҳбатга аралашиши кутилмаган ҳолми?

Гулнора Каримова Твиттерда ўз турмуш тарзи ва ҳайрия тадбирларини ёритиш билан шуғулланар экан, танқидчиларнинг саволларига чап бера олмаяпти

Стролайн: Мен учун бу жуда ноодатий ҳол. Мен шахсан биринчи маротаба бунга гувоҳ бўлмоқдаман. Мен жаҳоннинг энг репрессив режимлари, дея айтиладиган Ўзбекистон ҳақида охирги 15 йил мобайнида асосан танқидий мақолалар ёзиб келаман. Гулнора Каримова ё Ўзбекистон ҳукумати эса ғарб матбуоти билан дўстона муносабатда эмаслар. Ғарб журналисти учун Ўзбекистонга бориш учун виза олиш деярли имконсиз нарса. Бундан ташқари Гулнора Каримованинг хориж сафарлари мобайнида, ҳам Женевада бўлсин, ёки бошқа ерда, журналистлар билан суҳбатларга рухсат берилмайди. Мустақил журналистлардан жуда кам одам уни интервью қилишга муваффақ бўлган. Шунинг учун унинг бу каби очиқ ва тўғридан-тўғри суҳбатга бориши жуда ноодатий ҳолат.

Би-би-си: Нима учун беҳосдан у бу каби мулоқот имкони топилди деб ўйлайсиз?

Стролайн: Бунисини айтиш мен учун қийин, бу савол Гулнора Каримовага берилиши керак. Балки у ўзининг жуда ёмон бўлган имиджини яхшиламоқчидир. Уни хорижда турли номлар билан атайдилар, "жаҳондаги энг репрессив режимнинг вакиласи" дейдилар. У ўзининг номидан тақдим қилаётган нарсаларни тарғиб қилиш йўлида, Голливуд ё поп юлдузлари билан яқинлашиш мақсадида имиджини яхшилаши кераклигини ўйлаётгандир. Ким билсин. Лекин у ҳақиқатдан ҳам имиджини яхшиламоқчи бўлаётган бўлса, твиттердаги суҳбатнинг ўзи бунинг учун кифоя эмас. Амалда ишлар қилиниши керак. Инсон ҳуқуқлари соҳасида охирги 20 йил ичида деярли ҳеч нима қилинмаган мамлакатда амалий ўзгартиришлар киритилиши керак, шундагина имидж ўзгаради.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.