BBC navigation

Би-би-си меҳмони - таниқли журналист Муҳаммаджон Обидов

Сўнгги янгиланиш 3 декабр 2012 - 13:24 GMT

Муҳаммаджон Обидов Ўзбекистон давлат телевидениесининг энг фаол журналистларидан бири сифатида танилган

BBCUzbek. com ўқувчиларининг саволларига таниқли ўзбек журналисти Муҳаммаджон Обидов жавоб беради.

Муҳаммаджон Обидов 1951 йилда Марғилон шаҳрида таваллуд топган.

Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Унинг ўзи таржимаи ҳолини мана бундай баён қилади:

"Отам Обидов Долимжон Охунбобоев туманидаги Фрунзе номли колхозда табелчи, ҳисобчи бўлиб, кейинчалик, 1956 йилдан сўнг савдо тизимида то 1986 йилда оламдан ўтгунга қадар ишлаганлар.

Онам Обидова Салимахон уй бекаси эди, 2007 йилда вафот этганлар.

Мен оиладаги ўн фарзанднинг тўнғичиман. Бешта синглим, тўртта укам бор.

Оилалиман. Турмуш ўртоғим Обидова Фотимахон Марғилонда туғилган, маълумоти бўйича хуқуқшунос, илгари ихтисослиги бўйича ишлаган, ҳозир уй бекаси.

Тўрт фарзандим бор. Қизим Нозимахон Марғилон педагогика коллежида иқтисод фани ўқитувчиси.

Ўғилларим Беҳзод ва Элбек банк соҳасида ишлашади. Кичик ўғлим Долимжон Фарғона Политехника институтининг битирувчи талабаси.

1958-1968 йилларда Марғилондаги 14-мактабда, 1968-1973 йилларда Тошкент Давлат Университетининг журналистика факультетида ўқидим.

1972 йилдан бошлаб, хали талабалик чоғимдаёқ Тошкент телевидениесининг "Ёшлик" студиясида муҳаррир бўлиб ишладим. Кейинчалик "Ёш Ленинчи", "Совет Ўзбекистони" газеталари, "Ўқитувчи" нашриётида мухбир, муҳаррирлик қилдим.

1990 йилдан яна телевидениега қайтдим ва у ерда 2005 йилга қадар "Ахборот" дирекциясининг махсус мухбири лавозимида ишладим.

2005 йилдан ҳозиргача Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси, 2008 йилдан ўриндошликда “Ўзбекистон овози” газетасининг Фарғона вилояти бўйича мухбири вазифасини бажариб келяпман.

"Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист" унвонига эгаман. 2000-2004 йилларда Ўзбекистон Олий Мажлиси, 2005-2009 йилларда Халқ депутатлари Фарғона вилоят кенгаши депутатлигига сайланганман.

"Фарғона журналистикаси", "Фарғона: истиқлолдан истиқболга" китоблари муаллифиман.

Муқаддам судланганман. 1975 йилда Ўзбекистон ССР Жиноят Кодексининг 15-175 моддаси билан (олиб-сотарликка ҳаракат қилгани учун) 2 йилга озодликдан маҳрум этилганман.

Насиб қўшиб, касбим туфайли ўттиздан зиёд давлатда хизмат сафарида бўлдим, мамлакатимиз мустақиллиги тарихи билан боғлиқ энг муҳим воқеаларни (Мингбулоқ нефт фаввораси, Наманган вилоят кенгаши биносини Тоҳир Йўлдош, Жума Намангонийлар томонидан эгаллаб олиниши, Афғонистонга НАТО кучлари киритилиши, Боткен, Сариосиё воқеалари, Ҳаж сафарлари, буюк бунёдкорлик қурилишлари ва ҳ.к.) телевидение орқали ёритишда иштирок этдим.

Тақдиримдан мамнунман.

Бори шу..."

Ассалому Алайкум ҳурматли Муҳаммаджон ака. Ҳозирги кунда ўзбек матбуоти, таъбир жоиз бўлса "ўлим билан олишиб ётишига" нима дейсиз? Жавоб учун олдиндан рахмат. Тошкентдан Ҳожиаҳмад.

Муҳаммаджон Обидов: Ҳожиаҳмад, ўзбек матбуоти "ўлим билан олишиб ётибди" деган фикрингизга қўшилмайман. Матбуот ҳам ҳаётий жараён. Баъзида у тезроқ ривожланади, баъзида аксинча. Аслида менга шу каби саволлар берилишини кутгандим. Сабаби менимча ҳам бугунги ўзбек матбуотида журналист шахси яққол намоён бўлмаяпти. Аниқроғи, марказий матбуотда шундай десам тўғри бўлади. У ёки бу ҳаётий масалани кўндаланг қўядиган, унга жамоатчилик эътиборини қаратадиган, мамлакат миқёсида тилга тушадиган ижтимоий, иқтисодий, сиёсий тахлилий мақола, кўрсатув муаллифларини учратиш жуда қийин. Нега шундай? Мен ҳам ўзимга шу саволни жуда кўп бераман. Биринчидан, балки асосан шундайдир: журналистларда ички цензура, ўзини тийиш кучайиб кетган. Тура турсин деган раҳбарларнинг изоҳига ҳам дуч келасиз. Иккинчидан, бундай масалани кўтариш журналистдан катта билим, маҳорат, меҳнат ва жасорат талаб қилади. Назаримда бу борада ҳам оқсаяпмиз.

Сиз Тошкентлик экансиз. Табиийки, марказий нашрлар билан танишсиз, маҳаллий матбуотни ҳам кузатишни тавсия қилган бўлардим. Масалан, “Фарғона ҳақиқати” газетасининг деярли ҳар бир сонида жуда муҳим ва долзарб ижтимоий-иқтисодий, айни чоғда жиддий танқидий мақолалар берилади. Ботир Омон имзоси билан ёзадиган журналист укамиздан умидимиз катта.

Ҳурматли Муҳаммаджон ака, Ўзбекистон телевидениесида халқ ҳаётидаги муаммолар аниқ ва тиниқ акс этади деб ишонасизми?. ЎзТВ халққа хизмат қиладими ёки ҳукуматга?. Нима деб ўйлайсиз?

Қурбоной Камол, Лозанна, Швейцария.

Муҳаммаджон Обидов: Мен 2005 йилга қадар Ўзбекистон телевидениесида мухбир бўлиб ишлаганман. Ва ўшангача телевидение орқали сиз айтмоқчи халқ ҳаётидаги муаммолар ҳақидаги кўрсатув, лавҳа, репортажларим эфирга узатилган. Агар сиз ўша даврда Ўзбекистонда яшаган бўлсангиз, эслашингиз керак. Айтайлик, деҳқон ризқини қияётган республика ёғ-мой заводларидаги муттаҳамлар, мамлакат чорвадорлари манфаатига зид равишда иш тутган корчалонлар, ўн минглаб тонна ўзбек пахта толасига тўлов амалга оширилмай туриб, чет элнинг сохта фирмаларига юборганлар ва ҳ.к. ҳақидаги журналистик суриштирув натижасида, ҳаётнинг ўзидан олинган кўрсатувлар, баъзида айрим раҳбарларимизнинг қаршилиги, қисқартишларига қарамай, эфирга берилган. Бу мавзуларни бирон-бир одам ёки идора кўтариб чиқиш ҳақида топшириқ берган эмас. Журналист сифатида мавзуни, такрор айтаман, ҳаётнинг ўзидан олганмиз. Сиз нима деб ўйлайсиз, кейин нима бўлган?. Мамлакат раҳбарияти ҳар бир репортажимиздаги журналистик муносабатни қўллаб-қувватлади. Ва юқори даражада муҳокамалар ўтиб, унинг ечимини таъминловчи аниқ чоралар кўрилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон телевидениесида янги авлод журналистлари кўпчиликни ташкил этади. Телевидениеда ижтимоий-иқтисодий таҳлилдан кўра, маънавий-маърифий йўналиш кучайиб кетди. Бу ҳам телевидение ривожидаги бир даврдир. Лекин айтинг-чи, нима, маънавий-маърифий кўрсатувлар халққа хизмат қилмайдими?

Ассалому алайкум Муҳаммаджон ака. Айтинг-чи,мана кўп давлатларда бўлган экансиз, иқтисодий томондан, табиий бойликларидан ва арзон ишчи кучидан ташқари, Ўрта Осиё давлатлари орасида Ўзбекистоннинг устунлиги ва камчилиги нимада? Келажакда пахта сиёсати қандай бўлади? Ўзбекистонда журналист бўлиш осонми, агар осон бўлса, инсон қандай сифатларга эга бўлиши лозим? Раҳмат. Саъдий.

Муҳаммаджон Обидов: Бугун Ўзбекистон деб аталаётган мамлакат жуда қадимдан Шарқ ва Ғарбни боғловчи муҳим минтақа сифатида эътиборда бўлган. Менимча, мамлакатимизнинг энг катта бойлиги, ҳамиша ҳам одамларининг юксак маънавий салоҳиятидадир. Бу исбот талаб қилмайдиган далил десам, сиз ҳам қўшиларсиз. Табиий замин, иқтисодий имконият ва халқ салоҳияти уйғунлиги туфайли Ўзбекистон Ўрта Осиёда ҳар жиҳатдан бугун етакчи давлатга айланди ва қўшни давлатларга нисбатан камчилигимизни сезмадим.

"Пахта сиёсати"га келсак, менимча, Ўзбекистонда пахта майдонлари бора-бора янада қисқаради, лекин ҳосилдорлик ошади, пахта толаси экспорти қисқариб, уни Ўзбекистонда қайта ишлаш миқдори кўпаяди, чуқур қайта ишлаш тармоқлари кенгаяди. Келажакда 2-2,5 миллион тонна пахта етиштириб, 700-800 минг тонна тола олиб, унинг 70-80 фоизи шу ерда қолса керак.

Журналист бўлиш у қайси мамлакатда бўлмасин, осон эмас. Журналистиканинг биринчи талаби-тўғрисўзлик, воқеъликка холис ёндошув ва бу ҳақда ахборот тарқата билишлик, деб ҳисоблайман. Бирон-бир шахс, сиёсий тузум манфаатига асосланган журналистик фаолиятнинг умри қисқа. Ўша давр тарихи вақтлар ўтиб, бошқатдан ёзилади. Ироқда кимёвий қурол бор экан, деб айюҳаннос солгандилар олис қитъа ва Европа ахборот агентликлари. Ироқ фожеаси нима билан тугаганини биласиз. Аммо ўша ахборот агентликлари ёки журналистлар тазарру қилгани йўқ. Аксинча, улар бугун Суриядаги мухолифат халқ манфаатини ҳимоя қилаяпти, деб хабар тарқатаяптилар.

Ёки Фаластин масаласида ғарб журналистикасидаги бирёқламалик, Исроил ва уни қўллаб турган кучли давлатлар сиёсатига ёнбосишлик, менимча, касбга хиёнат қилишликдир.

Мен бир йил аввал Мисрда, хусусий сафарда бўлдим. Мамлакат кезиб, кўплаб одамлар билан суҳбатлашдим. Халқнинг аксарияти Ҳусни Муборакни мамлакатда тинчлик ва фаровонлик таъминлаган раҳбар сифатида ҳамон ҳурмат қилар экан. "Таҳрир" майдонида бўлган воқеаларга ўзларининг дахли йўқлигини, умуман, давлат тўнтаришини ким, қандай кучлар амалга оширганини ҳам билмай қолганларини айтдилар. 2011 йилнинг 8-10 октябрида "Таҳрир" майдонидаги фожеали тўқнашувни ўз кўзим билан кузатдим. Ўнлаб одамлар ҳалок бўлдилар. Лекин халқ ҳар икки томонни ҳам қўллаб-қувватлаётгани йўқ. Халққа тинчлик керак. Тўқнашувни юзага келтираётган кучлар четда воқеани кузатиб турганларига аминман. Мен шуларни ёзгандим. Афсус, "Миср Муборакдан сўнг" мақолам чоп этилмай қолди.

Саъдий деб имзо қўйган тингловчига саволи учун миннатдорчилик билдириб, такрор таъкидлайман, журналистика бу энг оғир, фидойилик, ўрни келганда, сабр-тоқатни ҳам талаб қиладиган касб.

Бутун умрингиз Каримов диктатурасига хизмат қилиб ўтибди. Яна тақдирингиздан хурсанд экансиз. Сиз шу тузмнинг жиноятларига шериксиз. Бунга афсусланиш керак эди. Сиз хурсанд бўладиган ҳаёт шу бўлса, демак, сизнинг кимлигингиз тушунарли!. Муҳаммадсолиҳ.

Муҳаммаджон Обидов: Мен тақдиримдан мамнунман. Чунки ҳар қандай шароитда ҳам Ватандан қочиб кетганим йўқ, шу юрт равнақи, халқ фаровонлиги йўлида бор имкониятдан унумли фойдаланиб, зарур чоғда яна имкон излаб ҳаракат қилаяпман. Мени жиноятчига чиқарибдилар. Аслида мамлакатдаги реал ҳаётни, халқ фикрини ўзидан билмасдан туриб, мулоҳаза юритадиган, четдан ақл ўргатадиган, юртига доимо туҳмат ёғдирадиганларни жиноятчи, деса тўғрироқ бўлар. Ўзбекистондаги мустақил сиёсат ва тараққиётнинг нимаси Сизга мақбул эмас? Чунки бундай инсонларнинг биринчи истаги-амал. Уларга амал курсиси керак. Амални орзу қилиш ёмон хислат эмас, албатта. Лекин унга халқ ҳурмати, халқ ишончини қозонибгина эришиш мумкин. Четда туриб фикрлайдиганлар шундан қўрқадилар, ортларидан халқ эргашмаслиги, халқ ишончига кира олмасликдан қўрқадилар. Кейин Ўзбекистондаги саноқли аламзадалар, омадсизлар, ижтимоий муҳофазага муҳтожлар, хали ҳаётий тажрибага эга бўлмаган айрим ёшлар фикрини чалғитишга уринадилар, уларнинг гапига таяниб, мамлакат, халқ ҳаёти ҳақида умумлашма хулоса чиқарадилар.

Ҳа, хали Ўзбекистонда ҳал қилиниши лозим муаммолар бор. Иш ўринлари яратиш, муносиб иш ҳақи тўлаш, газ, электр таъминотини яхшилаш, болалар меҳнатидан тамомила воз кечиш, матбуотда фикрлар хилма-хиллиги акс этишига эришиш, ўзбек сўмининг эркин конвертацияси, миграция ва ҳ.к. Ишонинг, бу масалалар давлат миқёсида яширилаётгани йўқ. Бир йилда 543 минг ёш йигит-қиз касб-ҳунар коллежини тугатаяпти. Уларни иш билан таъминлаш осонми, ахир? Иш тажрибаси йўқ ўспиринни бозор қонуниятларига асосланган ишлаб чиқарувчи қучоқ очиб кутиб олармиди? Давлат шу ишни қиляпти. Ёшлар ишли бўлиши учун ҳукумат дастурлари тузилиб, ҳар бир ўрин эътиборда турибди. Лекин бунга ўз-ўзидан эришилмайди-ку?!.

Миграция масаласига келсак. У бутун дунёда бор жараён. Мен Германияда миллионлаб, Саудияда юз минглаб турклар ишлаётганини кўриб, билдим. Лекин ҳеч ким Туркия давлатига, ҳукуматига таъна қилаётгани йўқ. Дунёнинг қайси давлатида хитойликлар ишламайди, деган саволга жавоб топинг-чи? Лекин хеч ким Хитой компартиясига бунинг учун эътироз билдирмаяпти. Афсуски, юртидан қочган сиёсатдонлару ўзбек тилида эшиттириш тарқатадиган аксарият радиовозлар деярли ҳар бир чиқишларида шу мавзуни чайнайдилар. Ҳа, миграция масаласида ҳуқуқий меъёрларни, қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш керак. Ҳа, Корея Республикаси билан мавжуд шартнома тажрибасини Россия ва бошқа давлатларга нисбатан ҳам қўллаш, яъни миграцияни қонунийлаштириш керак. Лекин бунга четда туриб, ақл ўргатиш ва тош отиш билан эришиб бўлмайди. Қонуний йўллардан фойдаланиш керак. Сиёсий партиялар қайғуриши керак, аввало. Бу масалада улардан сайланган депутатларда фаоллик етишмаслиги ҳам инкор қилиб бўлмайдиган ҳолат.

Ҳурматли Муҳаммадсолиҳ. Сиз қайси Солиҳ бўлсангиз ҳам, ким кимлигини аввало халқ билсин.

Ассалому алайкум Муҳаммаджон ака, ўзбек журналистларининг порахўрлиги ҳақида нима дея оласиз? Буни яшириб бўлмай қолди, хатто махсус кўрсатув ҳам намойиш қилишди. Балки айб журналистлардамасдир, уларни шу кўйга солган тузумдадир?. Сўз эркинлиги бўлса, журналистнинг ҳам косаси оқарармиди? Фикрингизни билишни истардим. Ҳурмат билан, ҳамкасбингиз.

Муҳаммаджон Обидов: Порахўрлик – иллатгина эмас, айни чоқда жуда ҳам яшовчан вирусдир. У бошқа касб эгалари каби жуда оз бўлса-да, айрим журналистларга ҳам юққанини айтаяпсиз. Бундан кўз юмиб бўлмайди. Порахўрликни мавжуд тузум билан боғлиқ, десак тўғри эмасдир. Коммунистик тузум ҳукмрон бўлган Хитойдаги воқеалардан хабардорсиз. Ўзини демократик давлат, деб ҳисоблайдиган Франция собиқ президенти сайлов компаниясида олган миллионлар ҳақида эшитгансиз, албатта. Менда аниқ статистик маълумот йўқ ҳозир, лекин бу саволингиздан кейин ўрганиб кўришга ваъда бераман, Ўзбекистонда порахўрликда айбланганларнинг неча фоизи журналист эканини. Менимча, жуда-жуда оз қисмини ташкил этса керак. Лекин у қанча бўлмасин, бу касбга мутлақо ёт нарса.

Журналистларнинг моддий манфаатдорлигини янада яхшилаш учун давлат оммавий ахборот воситаларига бир қатор имтиёзлар берди. Жумладан, солиқ имтиёзи. Шу кунларда оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий мустақиллиги ва уни қўллаб-қувватлашга қаратилган қонун лойихаси устида иш олиб борилаяпти. Лойиҳа муҳокамасида фарғоналик журналистлар ҳам иштирок этиб, таклифларимизни бердик.

Биласиз, журналист даромади оммавий ахборот воситасининг молиявий аҳволига боғлиқ. Бунинг учун газета тиражи кўпайиши, телевидениеда реклама миқдори ортиши керак. Лекин булар порахўрлик жиноятини содир қилишга асос бўла олмайди.

Суҳбатимиз охирида вақт ажратиб, эътибор бериб, менга савол йўллаганларнинг барчасига, шунингдек, Би-Би-Си радиоси таҳририятига миннатдорчилигимни билдираман. Раҳмат.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.