BBC navigation

Мозийга назар: Амир Темур ногирон эдими?

Сўнгги янгиланиш 6 декабр 2012 - 15:10 GMT

Амир Темурни форслар оёғидаги нуқсонига ишора билан "Темурланг" деб аташган.

Шу асно Ғарбда ҳам у "Тамберлейн", яъни "Оқсоқ Темур" номи билан танилган.

Шаксиз, кўплаб ўзбеклар назарида бу ибора ҳақоратомўз янграйди. Лекин, бугунги гап бошқа ёқда.

Қандай қилиб жисмоний куч-қудрат ва мукаммалик кўп нарсани белгилаган 14-асрда Амир Темур ўртаҳол табақадан соҳибқирон даражасига кўтарилган? "Темурланг - Ислом қиличи, Дунё соҳибқирони" китоби муаллифи Жастин Мароззи ана шу саволга жавоб излаган:

Келиб чиқиши Марказий Осиёдан бўлган бирон кишидан: "Буюк соҳибқиронларни номланг", дея сўрасангиз, албатта, Чингизхону, Искандар Зулқарнайнлар қаторида Темурлангни ҳам тилга олади.

Келиб чиқиши қуйироқ табақадан, томирида хонлар қони бўлмаган Темурнинг шон-шуҳрати баъзан Искандарникидан ўтиб кетади.

Ва Чингизхонникидан фарқли ўлароқ, унинг армияси оёғи Самарқанддан то Сибиргача, Арманистондан тортиб Афғонистонгача етарди.

1402 йилда у усмонли турк султони Боязид I билан ҳам тўқнашганди.

Темурнинг нафақат келиб чиқиши билан боғлиқ муаммоси, балки жисмоний нуқсони ҳам бор эди: унинг бир оёғи оқсарди.

Қудратни қўлда ушлаб туриш учун ҳарбий малака муҳим бўлган ўша даврларда жисмоний нуқс ҳам катта тўсиқ бўлиши мумкин эди.

Тарихий манбалар Темурнинг оқсашига шубҳа қолдирмайди. Бироқ, жароҳатни у қандай олгани борасидаги фактлар бир-бирига қарама-қарши.

Айрим манбаларда бу Темур ўсмирлик пайтида олган жароҳати туфайли экани айтилади.

Бошқаларида эса, Амир Темур бу жароҳатини 1363 йили Хуросонда Систон хонига қарашли лашкарлар сафида бўлган пайти олган. Бу ҳозирги Афғонистон жануби-ғарбида жойлашган Дашти Марго ҳудудидир.

Лекин,15 асрда яшаб ўтган суриялик тарихчи Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, ўз чорвасига кўз тикаётган Темурни кўриб қолган бир чўпон уни камонидан ўқ узиб яралаган. Аммо, Ибн Арабшоҳ Темурга нисбатан ўта адоватли муносабатда бўлган.

1404 йили Самарқандга сафар қилган Испан элчи Клавихо эса, Темур Систон отлиқ аскарларга дуч келган пайти қанчалар кўп лашкаридан айрилгани ҳақида ёзади.

"Улар Темурни ҳам отидан йиқитиб, ўнг оёғини жароҳатладилар. Шундан сўнг, у бир умр оқсоқ бўлиб қолди ва Темурланг номини олди", деб ёзади Клавихо.

У, шунингдек, Темурнинг ўнг қўлидан ҳам яралангани, жимжилоғи ва ундан кейинги бармоғидан ҳам айрилгани ҳақида айтади.

Гўри Амир мақбараси

Михаил Герасимов бошчилигидаги шўро тарихчилари Амир Темур қабрини очиб кўришганди

1941 йил Михаил Герасимов бошчилигидаги шўро тарихчилари Амир Темур қабрини очиб кўришаркан, унинг ҳақиқатдан ҳам оқсоқ бўлганини тасдиқлашган.

Шу билан бирга улар Амир Темурнинг баланд бўйли, келишган, бақувват инсон бўлганини ҳам аниқлашган.

Тарихчиларга кўра, ўнг оёғи сон суягининг тиззага бирлашган ерида жароҳат изи яққол кўзга ташланган.

Ана шу жароҳат туфайли у юрганда ўнг оёғини судраб босган ва бунинг натижасида, чап елкаси бошқасидан анчайин баландроқ бўлиб қолганлиги ҳам кўринган.

Амир Темурнинг суякларини ўрганишаркан, тарихчилар унинг ўнг елкаси ва қўлида ҳам жароҳатлар бўлганини қайд этишган.

14 асрда Темурнинг рақиблари ҳисобланган Усмонийлар, Бағдод ва Дамашқ ҳукумдорлари учун унинг жисмоний нуқсонини мазах қилиш, жанг майдонида мағлуб қилишдан кўра осонроқ бўлган.

Темур дунёга келган Ўзбекистон 1991 йилда Шўролар Иттифоқидан мустақилликка эришган.

Мамлакат ҳозирга қадар ҳам собиқ коммунист Ислом Каримов томонидан бошқариб келинади.

Ўзбекистон жаҳондаги энг зулмкор мамлакатлардан бири сифатида кўрилади. Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари поймол қилиш ҳоллари мунтазам тус олгани ҳақида тез-тез гапирадилар.

Ўзбекистон ҳукумати Амир Темурни миллий қаҳрамон сифатида тақдим этиб келади.

Темур ёки "Темурланг" 1405 йили Чин императори Минг билан жангга отланган пайти йўлда оламдан ўтади.

Ўшанда у 35 йил жанг майдонида бирон марта енгилмаган буюк саркарда эди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.