BBC navigation

Ўзбек мухолифати: Конституция ҳақиқатдан мукаммал бир қомусми?

Сўнгги янгиланиш 8 декабр 2012 - 16:51 GMT

"Қонун фақат қоғозда ва бир декларацияга ўхшаб қолган. Чунки амалда бу яхши ният кўзга ташланмади".

Мустақилликнинг 20 йили ичида ҳукуматга қарашли оав конституциянинг мукаммаллигини, дунё талабларига жавоб беришини мадҳ қилиб келади.

Бироқ бу йиллар ичида Ўзбекистондан сиқиб чиқарилган мухолифат, инсон ҳуқуқлари фаолларининг фикри бунинг тескарисини таъкидлайди.

Муҳташам Форумлар саройида ташкил қилинган тантанали йиғилишда президент Ислом Каримов йиғилганларни конституция куни билан табриклаган ва анъанага мувофиқ кейинги йилнинг номини "Обод турмуш йили" деб аташни таклиф қилган.

Ўзбекистондан сиқиб чиқарилган мухолифат конституция амалда ўз ўрнига эга эмаслигини таъкидлайди. Ўзбекистон Халқ ҳаракатидан Намоз Нормўмин ана шундай фикрловчи мухолифат вакилларидан бири.

“Албатта, бу конституция амалда эмас. У фақат қоғозда ва бир декларацияга ўхшаб қолган. Чунки амалда бу яхши ният кўзга ташланмади. Конституцияда яхши нарсалар ёзилган аммо, президент Каримов ва Ўзбекистон ҳукуматининг олиб бораётган сиёсати тамоман бунинг тескариси”, дейди Намоз Нормўмин.

Конституциянинг 29-моддаси. Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир. Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин.

Аммо кузатувчиларга кўра Ўзбекистон ҳукуматни танқид қилишга қаратилган ҳар қандай фикр ва ахборот кескин қаршиликларга учрайди.

“Инсоннинг инсонлигини белгилайдиган жиҳат, унинг эътиқоди ва фикрини ташқарига айта олиши ва кўрсата олишидир. Биз Каримов ҳукуматини танқид қиларкан, шу нарсани талаб қилганмиз. Сиз инсонларга сиёсий эркинликларни бермаяпсиз. Сиз инсонларга, иқтисодий, ижтимоий, эътиқодий эркинликларни бермаяпсиз. Натижада инсон, халқ ўзини кўрсата олмаяпти”, - дейди Намоз Нормўмин.

Айни дамда муҳожирликда яшаётган “Ўтюраклар клуби” раҳбари Мўътабар Тожибоева конституциянинг инсон ҳуқуқлари борасидаги моддалари умуман амалда жорий қилинмаганини айтади. Унга кўра, аввало, конституциянинг 93 моддаси, Ўзбекистон республикаси президенти фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, Ўзбекистон конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафилидир, қисми амал қилиши лозим.

Ўзбекистонда бир неча бор судланган Мўътабар Тожиева конституцияда ёзилган ҳуқуқларнинг ижросини сўраб, ҳар бир тегишли идора ва президентга бир неча маротаба мурожаат қилган, аммо бирор ижобий жавоб ололмаган.

“Бугунги кунда Ўзбекистонда, ноҳақ, жиноий жавобгарликка тортилаётган ҳар қандай инсоннинг иши судда қонуний тартибда ошкора кўриб чиқилаётгани йўқ. Уларнинг айби аниқланмагунча, айбдор ҳисобланмаслиги ҳуқуқи таъминлангани йўқ. Энг асосийси, суриштирув ва тергов вақтида гумонланувчи ва айланувчининг қийноққа солингани ҳақидаги суд жараёнида берилган кўрсатмаларга эътибор қилинмайди”, - дейди Мўътабар Тожибоева.

Конституциянинг яна бир моддасида, Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди, дейилган.

Аммо ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева кўра давлат диний бирлашмаларнинг ишига амалда аралашини ва Ўзбекистондаги диний қўмиталар ҳукумат ташвиқот машинасига айланиб қолган. Ҳуқуқ ҳимоячиси қамоқ жазосини ўтаган колонияга диний қўмита вакиллари келиб, давлат топшириғини бажарганини гувоҳ бўлган.

“Диний қўмита вакиллари билан учрашувларда, маҳкумаларнинг ноҳақ терроризм ва диний экстремизмда айбланганлигини, ҳаттоки ўзим ҳам 244 модда билан айбланганлигимни ва ҳанузгача қайси диний оқимга аъзолигимни билмаслигимни сўрардим. Диний қўмита вакили билан суҳбатимиздан кейин мени, албатта, жавобгарликка тортиб ўша куннинг ўзида изоляторга қамардилар”, - дейди Мўътабар Тожибоева.

Кузатувчилар Ўзбекистонда ижтимоий тангликнинг олдини олиш учун конституцияда ёзилган ҳуқуқ ва бурчларга амал қилиниши таъминланиши лозимлигини таъкидлашади.

Ҳуқуқбон Мўътабар Тожибоева конституция моддалари амал қилиши учун ҳукумат фуқарлик жамияти вакиллари фаолиятига изн бериши лозимлигини урғулайди.

“Фуқаролик жамияти фаолларига бўлаётган босимлар. Уларнинг телефони эшитиши, уйларига бостириб кирилиши, уларнинг кетидан доимий кузатиб юрилиши, уларнинг шаъни ва обрўсига тажоввуз қилиниб, матбуотда мақолалар эълон қилинишини тугатиш керак”, - дейди Мўътабар Тожибоева.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.