BBC navigation

Дунё бўйлаб ҳибсда қолаётган журналистлар сони рекорд даражада

Сўнгги янгиланиш 11 декабр 2012 - 11:19 GMT

Туркия журналистлар энг кўп қамоққа ташланган давлат сифатида айтилган.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг ҳисоботида айтилишича, Туркия, Эрон ва Хитойда йирик сондаги журналистларнинг қамоққа ташланиши дунёдаги маҳкум журналистлар сонини янги рекорд даражага олиб чиққан.

Ҳар учала давлат журналистларнинг овозини ўчириш учун давлатга қарши жиноятлар билан боғлиқ қонунларни қабул қилишган.

Давлатга хиёнат, терроризм ва қўпорувчилик ҳаракатлари 2012 йилда журналистларга қарши илгари сурилган асосий айбловлар бўлган.

Дунёда камида 135 нафари журналист айни айбловлар остида қамоқда ушлаб турилибди.

10 та энг ёмон турма-мамлакатлари ичига Вьетнам, Озарбайжон, Эфиопия ва Саудия Арабистони қаторига Ўзбекистон ҳам киритилган.

Бу давлатлар ичида Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳукуматлари ашаддий танқидчилари бўлган журналист ва муҳаррирларни ҳибсга олиш учун уларга нисбатан гиёҳванд моддаларни сақлаш, безорилик каби айбловлардан фойдаланган.

Ҳисоботга кўра, дунё бўйлаб 19 марта ҳукумат журналистларни уларнинг соҳасига боғлиқ бўлмаган жиноятларда айблаган.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси аниқлашича, уларнинг ҳаммаси сохта айбловлар бўлган.

Туркияда 49 нафар журналист панжара ортида, улардан бир нечатаси ҳукуматни ағдаришга уриниш айблари билан ушлаб турилибди.

Эронда эса 2009 йилдаги президент сайловлари ортидан 45 журналист қамоққа ташланган.

Яна 32 нафар журналист Хитой қамоқхоналарида, уларнинг орасида 2008 йилда Хан хитойлари ва мусулмон уйғурлар ўртасидаги зўравонликларни ҳужжатлаштирган уйғур журналистлари ҳам бор.

Дунёда қамоқдаги журналистлар сони бўйича бешинчи ўринда бўлган Сурияда 15 журналист ҳеч бир айблов илгари сурилмай ушланган. Уларнинг айни пайтда қаердалиги номаълумлиги айтилади.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасига биноан, журналистлар ўз фаолиятлари учун турмага ташланмаслиги керак.

Қўмита жиддий хавотир билдирган мактубини журналистлар ҳибсга олинган мамлакатларга жўнатган.

Ўтган йилда Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси бутун дунёда камида 58 журналистнинг муддатидан олдин озод этилишига эришади.

Ўзбекистондаги тутқун журналистлар

Шунингдек, Ўзбекистондаги журналистлар орасида сохта айбловлар билан қамалган Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Саидов ҳам бор.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси рўйхатидаги энг узоқ муддат қамоқда қолаётган журналистлар эса ўзбек журналистлари Муҳаммад Бекжон ва Юсуф Рўзимуродовлардир.

Уларнинг ҳар иккаласи ҳам 13 йилдан буён қамоқда қолмоқда.

Мухолифатдаги "Эрк" демократик партиясининг нашри бўлган "Эрк" рўзномасининг муҳаррири ва мухолифат раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг укаси бўлган Муҳаммад Бекжоннинг қамоқ муддати шу йил бошида яна беш йилга узайтирилганди.

Журналистларни Ҳимоя қилиш қўмитаси Муҳаммад Бекжоннинг 12 йиллик қамоқ муддати сўнггида яна 5 йилга маҳкум этилишидан ғазабда эканини айтиб, баёнот тарқатган.

Халқаро ташкилот баёнотида айтилишича, Муҳаммад Бекжон дунёда энг узоқ қамоқ жазосини ўтаётган иккита журналистдан биттасидир.

Халқаро ташкилот, "Муҳаммад Бекжоннинг қийноққа солинганига оид хабарлардан даҳшатга тушганлигини айтиб, масъуллардан жавобгарларни жазолаш ва уни зудлик билан озод этиш"ни талаб қилган.

Журналистларни Ҳимоя этиш халқаро қўмитаси Муҳаммад Бекжоннинг қамоқдаги аҳволи борасида масъуллардан шу пайтгача бирор бир маълумот ололмаганини айтган.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.