BBC navigation

Истанбул маҳкамаси ўзбек қочқинини ҳибсдан озод этиш ҳақида қарор чиқарди

Сўнгги янгиланиш 11 декабр 2012 - 13:32 GMT
Ўзбек қочқин аёллари

Туркиядаги ўзбек қочқинлари "аҳволлари оғир" эканини айтишади

Истанбулдаги экстрадиция маҳкамаси андижонлик Шомуроджон Қосимовни ҳибсдан озод қилиш ҳақида қарор чиқарган.

Унинг Ўзбекистонга бериб юборилиш ёки олиб қолиш борасида якуний ҳукм келгуси йилнинг 30 январ куни бўлиб ўтадиган маҳкамада аниқ бўлади.

Қосимовнинг адвокати Абдуҳалим Йилмаз Би-би-си билан суҳбатда ушбу қарор уларга умид бағишлаганини билдирди.

"Қосимов ҳақида Ўзбекистон томонидан қўйилган айбловларнинг ҳаммаси сиёсий айбловлар эканлингини, унинг ҳеч бир кимсага зарар бермаганини билдирдик. Маҳкама унинг ҳибсдан озод этилиши борасида қарор чиқарди. Шу билан бирга Туркиядан чиқишга тақиқ қўйди, ҳафтада бир марта полиция идорасига қайдномадан ўтади", - дейди Абдуҳалим Йилмаз.

Маҳкама ўзбекистонлик қочқин тақдири юзасидан якуний қарорни 2013 йилнинг 30 январ куни бериши кутилмоқда.

Адвокатга кўра, Қосимовнинг ҳибсдан озод этилиши уларга ҳукмнинг ижобий бўлиши мумкинлиги борасида умид берган.

Адвокатнинг билдиришича, Шомуроджон Қосимовга конституцион тузимни ағдариш айби қўйилган.

Халқаро қонунчилик бўйича, бу каби айблар сиёсий ҳисобланади ва унда айбланаётган одамлар ўша давлатга юборилмайди.

Ўзбекистон томони Қосимовни конституцион тузумга тажовуз қилишда айблаган.

Аммо, адвокатга кўра, ушбу ёзишмаларда Шомуроджон Қосимовнинг жиноят содир этганига доир далил келтирилмаган.

БМТнинг қочқинлар билан ишлаш идораси Қосимовнинг аризаси юзасидан ҳануз бир қарор бермаган.

Туркияда ўзбек қочқинлари кўпаймоқда

Ўзбекистонлик фуқаролар учун виза талаб этилмайдиган Туркияда бошпана излаётган қочқинларнинг сони кўпайётгани айтилади.

Айрим рақамларга кўра, Истанбулнинг ўзида бир неча минг қочқин бўлиши мумкин.

Айниқса, Қозоғистон ўзбекистонлик 30 ортиқ бошпана изловчини расмий Тошкентга топширганидан сўнг Туркияда бошпана изловчиларнинг сони янада орта бошлаган.

Би-би-си билан суҳбатда исмини ошкор қилишни истамаган қочқиннинг айтишича, Туркиядаги ўзбек қочқинларининг аҳволи анча оғир.

"Биз бу ерга келганимизда, вақтинчалик яшаш ҳуқуқини берувчи қоғоз беришди. Мана ушбу ҳужжатнинг муддати тугаяпти, аммо уни чўздириш муаммо бўлаяпти. Сабаби, БМТнинг қочқинлар билан ишлаш идораси бизнинг аризамизни чўзаяпти ва бу Туркияда қонуний қолишимизга муаммо яратиши мумкин", - дейди Олма ота орқали Туркияга кетган ўзбекистонлик бошпана изловчи.

Унга кўра, БМТ идораси ушбу қочқинлар борасида миллий хафвсизлик идораларидан маълумотлар борлигини айтган.

Аммо қайси давлат идорасидан эканлиги борасида бирор изоҳ беришмаган.

Қозоғистон орқали Туркияга бошпана излаб 50дан ортиқ оила бориб қолгани айтилади.

Улар Ўзбекистонга бериб юборилиш хавфи пайдо бўлгач, Туркияга чиқиб кетган.

Ушбу қочқинларнинг ишлаш ҳуқуқи бўлмагани ва хайрия ташкилотларидан ёрдам йўқлиги боис қийин шароитларда яшаётгани маълум.


Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.