BBC navigation

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳали ҳам Ўзбекистон учун таҳдидми?

Сўнгги янгиланиш 12 декабр 2012 - 15:58 GMT

Таҳрики Толибон раҳбари Ҳакимулла Масуд ва ЎИҲ раҳбари Усмон Одил

НАТО қўшинларининг 2014 йилда Афғонистондан олиб чиқилиши кутилар экан, қатор таҳлилчилар хорижий кучлар назоратисиз Афғонистонда вазият беқарорлашишини башорат қилишмоқда.

Қўшинларнинг олиб чиқилиши Марказий Осиёдаги ҳарбий-сиёсий вазият, ҳамда минтақа давлатларининг Россия ва АҚШ билан алоқаларига таъсир қилувчи муҳим омил бўлади.

Баъзи кузатувчилар, Афғонистондаги жангари гуруҳлар чегара оша Марказий Осиё давлатларига ўтиш ҳаракатларини яна бошлаб юборишлари мумкин, деб ишонадилар.

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) раҳбари Николай Бордюжа 20 ноябрда ташкилотнинг 20 йиллигига бағишлаб ўтказилган халқаро анжуманида айтишича, ҳозирнинг ўзида чегарани кесиб ўтишга шай гуруҳлар бор.

Айни дамда Ўзбекистон ичида радикал диний гуруҳларга қарши кураш давом этмоқда. 2012 йилнинг 12 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди "Туркистон исломий ҳаракати"га мансубликда айбланган 16 нафар диндор устидан ҳукм чиқарди.

Жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани суди биносида ўтган маҳкамаларда иштирок этган "Эзгулик" жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, диндорлар шу йилнинг 12 майида "Туркистон ислом ҳаракати" диний радикал ташкилотига мансубликда айбланиб, ҳибсга олинган. Мазкур шахслар гўё мамлакат конституциявий тузимини ағдариш ва ўзлари аъзо бўлган диний экстремистик ташкилотни молиялаштириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сепаратистик, диний радикализм руҳидаги қарашларни тарғиб қилган.

Таҳдид ўзгармай қолган

Афғонистондаги халқаро кучлар сони ҳозирда 117 минг аскарга тенг, улардан 68 минг нафари америкалик аскарлар. Охирги ойларда халқаро коалиция аъзолари босқичма-босқич ўз қўшинларини Афғонистонда олиб чиқа бошлашган. Октябрга келиб АҚШ Афғонистонга 2009 йилда қўшинлар сафини кучайтириш учун жўнатилган 33 минг аскарини чиқариб олди.

Бошқа мамлакатлар ҳам ўз иштирокларига якун ясаяптилар - йил охиригача Франция Афғонистондаги 2 минг нафарча аскарини олиб чиқиши кутилганди.

Айни дамда НАТО контингентининг бир қисми Афғонистонда 2014 йилдан кейин ҳам қолиши мўлжалланган, бироқ қандай шартлар асосида экани аниқ эмас.

Ҳам НАТО ва ҳам КХШТ яқин келажакда яхши тайёрланган ва қуролланган жангарилар гуруҳлари минтақадаги нотинчликнинг энг асосий манбаларидан бири бўлиши мумкинлигини тан оладилар.

НАТО маълумотига кўра, Афғонистонда бугун 1900та турли ҳарбий гуруҳлар мавжуд ва улардаги жангчилар сони 30 минг атрофида. Мамлакатда Толибон ҳаракатидан ташқари, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати (ЎИҲ), Ал-Қоида, Ҳикматиёрнинг Ҳизби Исломий партияси, ҳамда Ҳаққоний гуруҳи каби гуруҳлар амал қилади.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толиповга кўра, Афғонистондаги жангари гуруҳларнинг Ўзбекистонга соладиган таҳдиди - ўзгармай қолаётган бир воқеълик, лекин бу таҳдид 10 йил аввалгига қараганда каттароқ эмас.

"Диний экстремизм масаласи ва террорчилик таҳдиди Афғонистон ва бошқа қўшни ҳудудлардан Ўзбекистонга нисбатан доимо мавжуд бўлиб келган, айниқса мустақилликдан сўнг. Бу келажакда ҳам кутилиши мумкин деб ўйлайман. Уларнинг кўлами 1990-йиллар охири ва 2000-йилларнинг боши билан солиштирганда, пастроқ бўлади деб ўйлайман. Ўзбекистон Афғонистондан тарқаган таҳдидларни энг биринчи марта 90-йиллар охирида ҳис қилган ва уларга қарши тегишли чоралар кўрган", - дейди сиёсатшунос.

Тоҳир Йўлдошнинг вориси Усмон Одил август ойида ҳалок бўлгани хабар қилинди

Хавфсизлик чоралари Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг жорий йил 2 октябрда Туркманистонга қилган сафари чоғида ҳам муҳокама қилинди. Икки мамлакат раҳбарияти Афғонистон билан чегараларни ҳимоялашда қўшимча чоралар кўришга келишиб олдилар.

Баъзи хабарларга кўра, Афғонистон билан энг қисқа чегарага эга Хитой ўз чегарасида охирги вақтда қўшинлари сонини орттирган, аммо бу эҳтимолий беқарорлик туфайли юзага келиши мумкин бўлган қочқинлар оқимига қарши чора сифатида баҳоланади.

Лекин, жаноб Толипов 2014 йил Афғонистондан хорижий қўшинлар олиб чиқилиши билан таҳдидлар кўлами ошиши мумкин деган башоратларга фақат қисман қўшилади.

"Афғонистон ҳудудида амал қилаётган турли террорчи ва экстремист гуруҳлар бир зумда йўқ бўлмайди. Лекин, келажакда бу таҳдидлар кўлами 2001 йилга қараганда озроқ бўлади. Айтмоқчиманки, 11 сентябрга ўхшаш воқеа энди қайтарилмаса керак. Бўлажак таҳдидларни биз тўғри баҳолаб, уларни инкор этмаган ҳолда, бу таҳдидларнинг даражасини пастроқ ҳолатда деб баҳолаймиз", - дейди у.

"Ўзаро манфаатли алоқалар"

Россиялик журналист, "Московские новости" газетасининг халқаро шарҳловчиси Аркадий Дубнов ҳам Афғонистондаги жангари гуруҳларнинг Марказий Осиёга солаётган хавфи бўрттириб кўрсатилганига ишонади. Унинг фикрида, мавжуд хавфнинг бартараф қилинишида Ўзбекистон ҳукуматининг Афғонистон шимолидаги раҳбарият билан йўлга қўйган яхши алоқалари муҳим роль ўйнайди.

"Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегараси (Марказий Осиё давлатлари ичида) энг қисқа чегара, ва у ҳам ҳарбий ва ҳам сиёсий маънода мустаҳкамланган. Чегарага яқин яшовчи афғон лидерларининг Тошкент билан муштарак иқтисодий манфаатлари бор. Менимча, Тожикистон ё Туркманистон билан солиштирганда, айнан Ўзбекистонга 2014 йил қўшинларнинг чиқиб кетиши ортидан юзага келадиган вазият камроқ таҳдид солади", - дейди у.

Ўзбек ҳукуматининг Афғонистон шимолидаги лидерлар билан алоқалари масаласини олмониялик таҳлилчи Гюнтер Кнабе ҳам Deutsche Welle радиосига берган суҳбатида кўтарган. Унинг айтишича, агар пессимистик сценарийга биноан, Афғонистон шимоли ва жануби ўртасида фуқаролар уруши юзага келса, афғон ҳудудларида яшовчи этник тожик ва ўзбекларга Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари дастак кўрсатиши мумкин.

"Душанбе ва Тошкент Афғонистондан амалга оширилиши мумкин бўлган эҳтимолий ҳамлаларга қарши ўз диаспорасини қўшимча буфер сифатида қўллайди", - дейди жаноб Кнабе.

Дубнов жаноблари эса, хусусан, ўзбек ҳукуматининг афғон шимоли билан ўрнатган алоқаларини фақат этник омил билан изоҳлашни истамайди.

ЎИҲ жангчилари сони ҳаракат аъзоларининг фарзандлари ҳисобига ҳам бойияпти

"Ўзбекистон анъанавий равишда Афғонистондаги шимолий вилоятлар раҳбарлари билан барқарор алоқаларга эга бўлиб келади. Бунга фақат Генерал Рашид Дўстум каби ўзбек лидерлар борлиги сабаб эмас. Гап шундаки, икки томон ўртасида иқтисодий манфаатлар бор, масалан темир йўл ва электр таъминоти лойиҳалари. Шундай экан, улар жангари гуруҳларнинг Ўзбекистонга киришларига йўл очиб берадилар деб ўйлайман. Лекин, бошқа тарафдан, ҳақиқатдан ҳам охирги пайтда жангариларнинг фаоллиги ошган. Уларни Толибон дея тақдим қилишади, аслида улар Марказий Осиё давлатларидан чиққан кишилар. Улар чегарадаги давлатларга хавф туғдиришлари мумкин. Лекин, бундай ҳужум учун энг ожиз даҳлиз ўзбек-афғон чегараси эмас", - дейди у.

Ўзбекистонга таҳдид солувчи гуруҳлар орасида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати тилга олинади. Ҳаракатга 1990-йиллар бошида наманганлик Тоҳир Йўлдош ва Жума Наманганий Ўзбекистон ҳукуматини ағдариш ва мамлакатда шариатга асосланган тузумни қуриш мақсади билан асос солишган.

Бугунда бу икки йўл бошловчи ҳам Афғонистон ва Покистондаги хорижий кучлар амалиётларида нобуд бўлишган. Бир вақтлар сони минглаб саналган ҳаракат аъзолари бугунга келиб бир неча юз атрофида экани айтилади.

"Тарқоқ"

Ҳаракатнинг интернет ва замонавий технологиялар ёрдамида тарқатувчи мурожаатномаларига қарамай, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳақида маълумот кўп эмас. Бу сокинлик баъзи таҳлилчиларга ҳаракатнинг фаолияти тўхтаганидан ҳам ишора беради.

Фарҳод Толипов Ўзбекистон Исломий Ҳаракати фаолиятида қандайдир уйғониш юз беришига ишонмайди.

"Фикримча, уларнинг сони ҳам ошмайди, ҳаракатлари ҳам кескин кенгайиб кетмайди. Улар ўзлари учун ўта "қулай" 90-йилларда ўз мақсадларига эриша олмаган экан, энг харизматик, энг "обрўли" икки раҳбар остида ўз мақсадига эришмаган экан, энди "муваффақиятли" ҳаракатлари учун сабаблар янада камроқ. Улар ҳозирда тарқоқ. Яхлит бир ташкилот бўлиб бирлашиши эҳтимоли кам", - дейди у.

Бироқ, Foreign Policy веб саҳифасида чоп қилинган "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати: Яраланган, лекин ўлмаган" мақоласи муаллифи Кристофер Анзалоненинг айтишича, қатор юқори даражали раҳбарларидан айрилишига қарамай, ЎИҲ минтақада амал қилаётган жангари жамоалар ичида ҳарбий жиҳатдан энг маҳоратли ва замонавий матбуотни яхши ўзлаштирган гуруҳ ҳисобланади.

Унинг ёзишича, ЎИҲ минтақадаги бошқа қатор сунний жангари гуруҳлар, хусусан Марказий ал-Қоида, Таҳрики Толибон Покистон ва Афғон Толибон билан ҳамкорлик қилади. ЎИҲ айниқса Таҳрики Толибонга яқин бўлиб, биргаликда Покистон ичидаги қатор ҳарбий нишонлар, ҳамда Афғон ҳукумати ва хорижий кучларнинг нишонларига ҳужум қилган.

Жорий йил апрелида 150 ЎИҲ ва Таҳрики Толибон жангчилари Покистон шимоли-ғарбидаги Банну қамоқхонасига ҳужум қилиб, 400 маҳбусни озод қилганлари ишонилади. Таҳрики Толибон раҳбари Ҳакимулла Масуд ЎИҲ раҳбарлари билан мунтазам учрашиб туради.

ЎИҲ аъзоларининг этник таркиби ўзгариб бормоқда

ЎИҲ сафлари бугунда нафақат ўзбеклар, тожиклар ва қирғизлардан, балки кўплаб бошқа этник гуруҳлар, жумладан уйғурлар, туркманлар, турклар, афғонлар, пуштун ва пуштун бўлмаган покистонликлар, араблар, хитойликлар, чеченлар, олмонлар, норвегияликлар ва руслардан ташкил топган.

"Ҳайбатли ҳарбий гуруҳ"

ЎИҲга тегишли Жундуллоҳ Студияси мунтазам равишда юқори даражали видеолавҳаларни ишлаб чиқаради, ҳамда аудио ва ёзма баёнотлар, ўзбек, рус, форс, араб, олмон, бирма, урду ва пуштун тилларида хабарлар тарқатиб келади.

Анзалоне жанобларига кўра, ЎИҲ келгуси жангарилари авлодини етказиш йўлида кўп иш қилиб, айниқса ЎИҲ аъзолари фарзандларига ҳарбий тактикалар, қуроллардан қўлланиш ва шаҳидлик қадрияти ҳақида таълим бериб келаяпти.

Муаллиф, охирги йилларда ЎИҲнинг диққати Марказий Осиёдан жанубий Осиёга, айниқса Покистонга қаратилганини айтади. Унинг айтишича, ЎИҲнинг омон қолишига кўп жиҳатдан унинг покистонлик раҳбарларидан бири, "адлия вазири" Абу Зарр Аззамнинг жозибаси сабаб.

"Абу Зарр Аззам ўзбек, пуштун, араб, форс, ва бирма тилларида гапиради. ЎИҲнинг раҳбарларидан бир покистонлик эканининг ўзи ҳам ҳаракатнинг эътибори Покистонга қаратилганига исбот. Менимча, ЎИҲ ҳали ҳам ҳайбатли бир ҳарбий гуруҳ", - дейди у.

Унга кўра, НАТО ва АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши ЎИҲнинг Афғонистондаги аъзолари учун янгича куч бағишлаши эҳтимоли йўқ деб бўлмайди.

"Покистондаги ЎИҲ аъзоларининг бир қисми Афғонистонга кўчиб ўтишлари мумкин, лекин кўплари Покистон Жанубий ва Шимолий Вазиристон ҳудудларида уйланиб, жамиятга ўрнашиб бўлишгани учун Покистонда қоладилар. Уларнинг фарзандлари Покистонда туғилган, улар Жума Наманганий ва Абдулла ибн ал-Зубайр номли мактабларда таълим олишади. Айтмоқчиманки, бу жамиятда ўз тарафдорларига эгалар ва яхши ўрнашганлар", - дейди у.

Жорий йилнинг август ойида ЎИҲ баёнот чиқариб ўз амири Усмон Одил АҚШ дрон ҳужумида ҳалок бўлганини эълон қилди. Ҳаракатнинг янги амири этиб Усмон Ғози исмли нуфузли аъзоси тайинланган.

Аркадий Дубнов ҳам ЎИҲнинг этник таркиби билан бирга унинг мақсадлари ҳам кенгайганини айтади.

"Бу одамлар албатта жиддий хавф туғдиради Ўзбекистон учун. Лекин, фақат Ўзбекистон учун хавф туғдиради ва фақат Тошкентга қарши иш тутади демаган бўлардим. Ҳар қандай эски партизан ёки мухолиф ҳаракат вақт ўтиб эволюцион жараёндан ўтади. У 10-15 йил аввалги мақсадларига содиқ қолган деб бўлмайди, чунки раҳбарлари ўзгарган, янги авлод келган, уларнинг курашиш учун сабаблари, хусусан иқтисодий сабаблари ҳам ўзгарган. Менимча, бу жангарилар учун асосий сабаб бугун сиёсий эмас, балки иқтисодий. У ҳам бўлса, омон қолиш ва яшаш учун пул топиш. Буни амалга оширишнинг улар учун таниш бўлган усуллари эса ё кураш ё таҳдид солишдир", - дейди у.

Суратлар Кристофер Анзалоне томонидан тақдим этилди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.