BBC navigation

"Телиасонеранинг икки ходими Каримовага боғлиқ маълумотларни ошкор қилди"

Сўнгги янгиланиш 12 декабр 2012 - 13:21 GMT

Швед журналисти Фредрик Лорин Фонд Форумдан таҳдидомуз мактуб олганини айтади

Швециянинг SVT телеканали бугун ўзининг нуфузли "Уппдрог Гранскнинг" теледастурида Телиасонера ширкати Ўзбекистонда телекоммуникация бозорига кириш учун мамлакат президенти Ислом Каримовнинг оиласи билан музокара қилгани борасида янги далил-исботни тақдим этиши кутилади.

Кўрсатувда янграши кутилаётган янги далил-исботлар Телиасонера ширкати ичидаги икки гувоҳнинг кўрсатмаларига асосланади.

Айни дамда SVT хабарига кўра, Телиасонеранинг бошқа икки юқори даражали мулозими швед полицияси томонидан расман порахўрликда айбланаётганлари борасида огоҳ қилинганлар.

Телиасонера ширкати раҳбари Ларс Найберг ўз ширкати порахўрлик йўли билан шартномалар тузганини рад этади.

Гулнора Каримова эса SVT ва Би-би-сининг мурожаатларини жавобсиз қолдириб келмоқда.

SVTнинг журналисти Фредрик Лориннинг айтишича, мурожаатларнинг бирига Каримова хоним раҳбарлик қилувчи Фонд Форум ташкилотидан жавоб келган, бироқ бу жавоб хатида айбловларга муносабат билдирилмайди ва Фонд Форум бу журналистнинг кимлиги, кимлар билан суҳбатлашаётгани ва қаерда эканидан огоҳ экани айтилади.

SVT Фонд Форумдан бу жавоб хати таҳдид сифатида кўрилиши керакми ё йўқлигини сўраб ёзган хатига, Фонд Форум жавоб бермаган.

Ўтган баҳорда SVT телеканали Телиасонера ширкати Марказий Осиёдаги бозорга кириш учун "диктаторлар" режимлари билан музокара қилгани, ҳамда ширкат ўзбек хавфсизлик хизматларига ўз истеъмолчилари борасидаги маълумотлар ва СМСларини кўришга йўл очиб берганини даъво қилганди.

Гулнора Каримова ва Гаянэ Авакяннинг ноябр охирида тушган суратлари

Сентяр ойида узатилган яна бир телекўрсатувда Телиасонера Гулнора Каримованинг яқин шериги ҳисобланган 24 ёшли Гаянэ Авакян назорат қилувчи Гибралтардаги компания ҳисобига 250 миллион доллар тўлаганини даъво қилган.

Швейцария терговчилари Гаянэ Авакянни пул ювиш айбловлари борасида сўроққа тутишни истайдилар, бироқ охирги маълумотларга кўра, Авакян хоним Тошкенда.

Ноябр охирида Гулнора Каримова ўзининг Твиттер саҳифасида ўзи ва Авакян Тошкентда ўтган рок концертда тушган суратини чоп қилди ва уни "Бу биз, дугонамиз билан - БИЗ!!!" дея номлади. Бироқ кўп ўтмай, Каримова хоним бу суратни саҳифасидан ўчириб ташлади.

"Уппдрог Гранскнинг" хабарига кўра, Гулнора Каримовага ишлаган Беҳзод Аҳмедов ва Гаянэ Авакян каби шахслар кўп юзлаб миллион долларлик банк ҳисобларини бошқарганлар ва ҳозирда уларнинг Швеция ва Швейцариядаги банк ҳисобларида музлатилган пул ҳажми Араб баҳори туфайли музлатилган ҳисоблардагидан ҳам кўпроқдир.

Би-би-си "Уппдрог Гранскнинг"нинг терговчи журналистларидан бири бўлган Фредрик Лориндан бугун телекўрсатувда янграши кутилаётган янги далил-исботлар ҳақида сўради.

Лорин: Бугунги кўрсатувимиз биз Гулнора Каримовага Швециянинг йирик Телиасонера телеком ширкати бергани гумон қилинган поралар борасидаги хабарларимизнинг давомидир. Телиасонера ширкати ичидаги иккита манба биз билан боғланиб, 2007 йил баҳорида Гулноранинг одамлари ва Телиасонера ўртасидаги музокаралар аслида қандай юз берганини айтиб беришди. Уларнинг айтишича, Ўзбекистонда мобил телефон ширкатини юрғизиш учун Гулнора Каримова билан келишиш керак бўлган ва у бунинг учун тўлов талаб қилган. Бу икки манба бунинг учун рақиб МТС ширкати раҳбари Беҳзод Аҳмедов билан музокара олиб борганлар.

Би-би-си: Демак, сизнинг манбаларингиз даъво қилаётгани шуки, Телиасонера вакиллари 2007 йилдан Coscom ширкатини сотиб олиш режаланаётганда Тошкентга боришган ва рақиб МТС телеком ширкатининг раҳбари Беҳзод Аҳмедов билан музокара қилишган. Кўп одамларнинг бунга ишониши қийин бўлиши мумкин. Аҳмедов МТС ширкати раҳбари бўла туриб, нима учун бошқа ширкат учун музокара қилади?

Авакян хоним хорижда сақлаган юз миллионлаб доллар аслида Гулнора Каримовага тегишли экани иддао қилинади

Лорин: Манбаларимиз айнан шундай дейишмоқда. Бу мантиқсиз бир ҳолат бўлган. Кўрсатувни кўрсангиз, айнан шу гаплар янграйди. Улар Тошкентдаги рақиб МТС ширкати идорасида ўтирганлари, бизнесни бошлаш учун керак бўлган лицензияни олиш учун Гулнора Каримованинг номидан Беҳзод Аҳмедов билан музокаралар олиб борганларини айтиб беришди. Улар Аҳмедовнинг бу ишга аралашганидан жуда ҳайрон бўлишган. Лекин, Ўзбекистонда бизнес қилиш йўли шундай эканини англаб етишгач, пулни тўлашган.

Би-би-си: Лекин, Беҳзод Аҳмедов Гулнора Каримовага қандайдир алоқаси борлигига қандай исбот бор?

Лорин: Бизга манбаларимиз шундай дейишаяпти. Улар келишувлар ҳақида батафсил гапириб беришди. Биринчидан, бу келишув Телиасонеранинг йиллик ҳисоботида ҳам акс этган. Унда 26 фоиз ҳиссалар маҳаллий ширкатга берилиши, сўнгра Телиасонеранинг ўзи икки йиладн кейин 250 миллион долларга бу хиссаларни қайта сотиб олиши айтилади. Пул эса Швецариядаги хусусий Ломбард Одие банкидаги ҳисобга ўтказилиши айтилади. Бу ҳисоб учун масъул шахс Беҳзод Аҳмедов бўлиб чиқди, лекин аслида афтидан ҳисобнинг эгаси Гулнора Каримованинг ўзи. Каримованинг котиби Гаянэ Авакян бу йил июлида Женевага бориб, бу ҳисобдаги пулларни чиқариб олишга уринди. Банк унга "Ҳисоб сизники эмас, Аҳмедовники" деганида, у ўзи ҳам ҳисобга масъул шахслардан бири эканини тасдиқловчи ҳужжатлар билан қайтишини айтган, лекин қайтиб келмаган. Банк эса полицияни огоҳ қилган ва бунинг ортидан Швецариядаги терговлар бошланиб кетганди.

Би-би-си: Сизнинг манбаларингиз Тошкентда Беҳзод Аҳмедов билан бўлган музокараларда Гулнора Каримов исми янграганини айтишдими? Яъни, бу сир тутилган нарса бўлганми, ёки унинг номи музокараларда янграганми?

Лорин: Улар учун бу пул Каримовнинг оиласига бориб тегиши ва келишув ортида Гулнора Каримова тургани аён бўлган.

Би-би-си: Охирги хабарингизда айтилишича, 2007 йил сентябрида ўзбек ҳукумати Телиасонерага 3G лицензиясини берган, лекин у тўғридан тўғри Швеция томонига берилмай, 17 кун аввал очилган янги бир ширкатга берилган ва бу ширкат сўнгра лицензияни Телиасонерага сотган. Шундайми?

Лорин: Бу аслида сиз айтаётганингиздан сал мужмалроқ. 2007 йил баҳорида тўланадиган пул ҳажми ва келишув қандай шаклда бўлиши борасида келишиб олинган. Чунки икки томон пулнинг яширин йўллар билан тўланишини исташган. Бу яширин келишувга биноан, лицензияларни ўзбек ҳукумати Teleson Mobile номли ўзбек ширкатига топширадиган бўлган. Бу ширкат сўнгра лицензияларни Гибралтарда жойлашган Takilant Limited ширкатига ўтказадиган бўлган. Унинг эгаси Гаянэ Авакян бўлган. Мана шу ширкат Швейцариядаги Ломбард Одие банкидаги ҳисобнинг эгаси бўлган. Охирида Телиасонера 250 миллион долларни ана шу ширкатга тўлаган.

Би-би-си: Сизнинг кўрсатувингизда чиқадиган икки манба ҳали ҳам Телиасонерада ишлаяптиларми?

Швециянинг SVT телеканали бошлаб берган тергов Гулнора Каримовага тегишли экани ишонилган банк ҳисобларининг музлатилишига етаклади

Лорин: Бу борада шарҳ беролмайман.

Би-би-си: Швецияда Телиасонеранинг икки юқори даражали расмийси ўзбек иши билан боғлиқликда расман порахўрликда гумон қилаётганини хабар қилдингиз. Бу борада яна нима дея оласиз?

Лорин: Бу ҳам янги бир хабар. Швеция полицияси порахўрлик ва пул ювиш бўйича олиб бораётган ўз тергови асосида Телиасонеранинг Швециядаги икки юқори даражали расмийсини порахўрликда расман гумон қилаяпти.

Би-би-си: Бу сизнинг журналистик тадқиқотларингизга боғлиқми, ёки унинг натижасими?

Лорин: Барча терговлар бир-бири билан боғланиб кетган. Полиция олиб бораётган терговлар ва Ўзбекистон, Прага, Лондон, Швейцария ва Швециядаги журналистлар олиб бораётган терговлар барчаси бир-бири билан боғлиқ.

Би-би-си: Сиз бугун янграши кутилаётан "далил-исботлар" борасида Телиасонеранинг ўзидан муносабат олишга уриндингизми?

Лорин: Тўққиз ойдирки биз бу ширкатнинг бош директоридан муносабат олишга уриниб келамиз, лекин у барча ҳаракатларимизга чап бериб келади ва бирон марта биз билан мулоқот қилмади. Лекин ўтган сентябрда у швед радиоси орқали чиқиб, барча айбларни рад этиши, ва агар Ўзбекистон билан келишувда порахўрлик юз берган бўлса, истеъфога чиқишини айтган.

Би-би-си: Гулнора Каримованинг ўзидан муносабат ола олдингизми?

Лорин: Биз телефон, электрон почта, Твиттер орқали, умуман у билан боғланиш мумкин бўлган ҳар қандай эҳтимолий адресларга мурожаат қилиб келаяпмиз. Ҳозирча фақат бир марта жавоб олдик. У Фонд Форум ташкилотининг вакилидан бизнинг сентябрда эфирга узатилган кўрсатувимиздан олдин келди. Ғалати жойи шуки, бу мактубда айбловлар рад этилмади. Лекин, унда менинг қаерда эканим, қачон қаерларга борганим, кимлар билан учрашганим ҳақида уларга маълум экани айтилади. Мен ва муҳарририм буни таҳдид сифатида талқин қилиш керакми, деб сўраганимизда, бошқа жавоб бўлмади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.