BBC navigation

Мўғул Индиями Бобурийлар Ҳиндистони?

Сўнгги янгиланиш 18 декабр 2012 - 12:29 GMT

Айрим экспонатлар илк марта кўргазмага қўйилган.

Британия Кутубхонасида Бобурийларнинг бир неча асрлик шавкатли ҳукмронлигига бағишланган кўргазма очилди.

Кўргазма "Мўғул Ҳиндистони" деб аталади.

"Дунё тарихида кўпгина эриш ва ҳаттоки янглиш иборалар мавжуд. Шулардан бири "Мўғул Ҳиндистони". Гап шундаки, "Мўғул Ҳиндистони" империясининг асосчиси шоҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳеч қачон ўзини мўғул деб атамаган. Темурийлар авлодидан бўлган бу инсон она томонидан Чингизхон авлодидан бўлганлиги туфайли дунё тарихига "Мўғул императори" ёки "Мўғул империясининг асосчиси" деб кирган", дейди ёзувчи Абдулҳамид Исмоил.

Шунинг учун ҳам аксари инглиз тилида бўлган ва бошқа тиллардаги тарихий, сиёсий ва бошқа асарларда Бобурийлар ҳукмронлиги Mughal Empire - Мўғул империяси деб аталади ва бугунги кунда дунёнинг аксар аҳолиси шундай тушунади.

Ўрта Осиё Чор Россияси колониясига айлантирилган замонларда Темурийларнинг тарихдаги ўрнига катта эътибор қаратмаслик афзал кўрилган.

Коммунистлар ҳукмронликни қўлга олганларидан кейин эса шоҳ ёки подшоҳ ижобий шахс деб кўрилиши мумкин эмас, асосий қаҳрамон ишчи ва деҳқонлар, камбағалларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилган, ҳукмдорларга қарши чиққанлар бўлиши лозим эди.

Шу сабабдан ҳам Шўро замонида атоқли ўзбек адиблари Ойбек, Одил Ёқубов ва Пиримқул Қодировларнинг Ҳазрат Алишер Навоий, Ҳазрат Улуғбек ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодларига бағишланган тарихий романларининг дунё юзини кўриши қийинчилик билан кечган.

Пиримқул Қодировнинг "Юлдузли тунлар" романи асар ёзиб бўлинганидан кейин уни китоб ҳолида нашрдан чиқаришга ўн йилдан зиёд вақт кетган.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин жаҳон академик фанига Бобурийлар атамасини киритиш имкони туғилди, халқаро анжуман ва сиёсий минбарларда бу масалани кўтариш Ўзбек олимлари ва сиёсатчиларининг бугунги кундаги долзарб вазифаларидан бири бўлиб турипти.

Британия Кутубхонасидаги кўргазмага Бобурийлар ҳукмронлиги даврига оид қўлёзмалар, миниатюралар, санъат асарлари ва бошқа буюмлар қўйилган.

Кўпгина буюмлар илк бор наамойиш этилмоқда, бу ерда Ҳиндистоннинг сўнгги Бобурий ҳукмдори Баҳодиршоҳ II нинг тожини ҳам кўриш мумкин.

бу ерга босинг Британия Кутубхонасидан Абдулҳамид Исмоил лавҳаси

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.