BBC navigation

Ўзбекистон: электр ва газ тизимлари тўла вайрон бўлишига оз қолдими?

Сўнгги янгиланиш 19 декабр 2012 - 13:45 GMT

Ўзбекистоннинг аксар ҳудудларида аёз давом этмоқда, оддий одамлар газ йўқлиги ва электр таъминотидаги узилишлардан азият чекмоқдалар.

Об-ҳаво мутахассислари яқин кунларда ҳаво ҳарорати кўтарилишини башорат қилганлар.

Қаҳратон совуқ кунларидаги аксар ўзбекистонликларнинг аҳволи табиий гази йўқ Қирғизистон ёки Тожикистонда аёздан азобланаётган одамларнинг аҳволидан фарқ қилмайди.

Охирги кунларда Қорақалпоғистонда ҳаво ҳарорати -26 даражагача тушган.

Тошкентда ҳарорат минус 14 ни ташкил қилган.

Пойтахтнинг Чилонзор туманидаги ва "Алгоритм" мавзесида истиқомат қиладиган аҳоли газ босими ҳам пасайиб кетганидан қийналганлар.

Бундай ҳолатлар Ўзбекистоннинг барча вилоят маркази бўлган йирик шаҳарларида бундан олдин ҳам кузатилган, қишлоқ жойларида яшайдиган инсонлар қиш ойларида газ бўлишини унутганларига бир неча йиллар бўлди.

Совуқ бошланиши билан ўтин ва кўмир нархлари қимматлаб кетган.

Ангрен кўмирининг сифати яхши эмас, бироқ ўзга чораси қолмаган ўзбекистонликлар Ангрен кўмирининг 1 тоннасини 700 минг сўмга сотиб олишларига тўғри келаяпти.

"Ҳар йили қишда кесилаверганидан дарахтлар камайиб кетди. Йирик ғўлалар эмас, узун шохлардан иборат бир прицеп ўтиннинг баҳоси 400-500 сўмга чиққан. Нафақат ўтин, ғўзапоянинг нархи ҳам ҳаддан зиёд кўтарилган", деб ёзади Хоразм вилоятидаги "Нажот" ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубов.

"Қорда ўтин ёриш ҳам майлику, намлаб қолган ўтиннинг ёниши қийнлашиб уй тутунга тўлгани алам қилди. Тутун чиқиши учун эшикни очдим, иссиқ бўлмасаям сал тафти бор уй музлади-қолди", дея Фарғонанинг Риштонидаги аҳволни тасвирлайди журналист ва инсон ҳақлари фаоли Баҳодир Элибоев Facebook ижтимоий тармоғида.

"Телевизорда эса ютуқларимидан гапиришаяпти ҳалиям", деб ёзади у.

Ўзбекистондаги расмий доираларга яқин "Узметроном" веб-сайти ёзишича, маҳаллий экспертлар Ўзбекистондаги газ ва электр таъминоти тизимлари вайрон бўлаяпти, бу ҳолат вилоятлардан ниҳоят пойтахт Тошкентга ҳам етиб келган, деб ҳисоблашади.

"Ҳозир ҳамма жойда газнинг босими жуда пасайиб кетган. Буни сабаби газдан фойдаланишнинг кўпайгани бўлса керак. Бунга қўшимча яна муатахассисларнинг айтишларича, газопроводлар эскириб қолган. Шўро даврида ётқизилган ҳам магистрал қувурлар ва ҳам маҳаллий қувурлар эскирган. Бу қувурларни тўлдириб газ ҳайдаш мумкин эмас. Тўла нагрузка билан газ ҳайдаш эскирган қувурларни ишдан чиқариши мумкин. Об-ҳаво бизнинг жойларда бўладигандек ҳароратда бўлса, бу унча билинмаслиги мумкин. Лекин мана ҳозиргидек ҳаддан ташқари совуқ газ, электр муаммоларини янада кучайтиради", дейди "Узметроном" муҳаррири Сергей Ежков.

Журналистнинг айтишича, Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газ ишлаб чиқариш ва уларни етказиш билан боғлиқ аҳвол йил сайин ёмонлашиб бораяпти.

"Биз ҳалиям энергетика соҳасида ҳам, газлаштириш соҳасида ҳам "курраи жаҳоннинг тепасидамиз", деб жар соламиз. Лекин амалда вазият мутлақо ўзгача. Эҳтиёж ортиб бораяпти, бу тушунарли. Аҳоли сони ортиб бораяпти, электр қувватига ҳисобига ишлайдиган жиҳозлар кўпайяпти. Аммо энергетикамиз эҳтиёжларга яраша ўсаётгани йўқ, орқада қолаяпти. Биз охирги йигирма йил ичида Советлар давридагидек кучли йирик энергетик иншоотлардан бирорта ҳам қурмадик. Мен бу ҳақда кўп марта ёзганман. Электр энергияси чиқаришни кўпайтирмадик. Қолаверса, охирги 8-10 йил ичида газ ишлаб чиқариш миқдори ҳам пасайиб бораяпти. Боз устига хорижга газ сотиш миқёси ортиб бораяпти", дейди Сергей Ежков.

"Ўзбекистоннинг вилоятларида бугунга келиб, иссиқ сув, марказлашган иссиқлик таъминоти, электр энергиясининг узлуксиз таъминланиши нима эканини унутишди. Бу тўлқин энди Тошкентгача етиб келди. Ҳозиргача умумий саъй-ҳаракатлар билан Тошкентда электр ва иссиклиқ таъминоти муаммоларини бартараф этиб келаётган эдилар. Тошкент ҳам мўл-кўлчиликка кўникиб қолганди. Ҳозирга келиб эса вилоятлардаги муаммолар Тошкентга ҳам етиб келди", дейди "Узметроном" муҳаррири.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.