BBC navigation

Москвага сафар қилган фаол ўзбекларга босим ошганига гувоҳ бўлди

Сўнгги янгиланиш 19 декабр 2012 - 14:38 GMT

Хоразмдаги "Нажот" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубов ўзбекистонлик муҳожирлар аҳволини ўрганиш мақсадида Россия пойтахти ва Москва вилоятига сафар қилган. У сафари ортидан чоп қилган баёнотида айтишича, ишлаётган ва ишсиз ўзбекистонликларни ҳар ерда учратиш мумкин, кўпларнинг аҳволи ачинарли, ҳамда ўзбек муҳожирларни депортация қилиш жараёни қизиган.

"Москвада ўзбеклар вокзаллар олдидаги ҳиёбонлар ва кўчаларни супуради, ошхоналарда, қурилиш майдонларида ишлайдилар, автобуслар ҳайдайдилар, арава тортадилар. Лекин, ўта оғир ишларни қилиб, жуда қийин аҳволда яшаётганлар ҳам бор. Ундан ташқари, метростанциялар, темир йўл бекатлари, бозорлар ва турли жамоат жойларида тиланчилик қилиб юрган ва ўзини фоҳиша сифатида таклиф қиладиган, ёки ҳужжатларни тўғирлашга ёрдам беришни таклиф қиладиган ўзбеклар ҳам учрайди", - дейди фаол.

Унинг айтишича, бошқа муҳожирлар билан солиштирганда айниқса ўзбекларга нисбатан полиция ва бошқа муҳожирот идораларининг қаттиққўллиги ошганини сезиш мумкин.

Ҳар бир ўзбек муҳожир Федерал Миграция хизматидан ишлаш рухсатини олиш жуда қийин бўлгани ва бу жараён порахўрликка ботганидан шикоят қиладилар. Унинг айтишича, рухсат олишни истаган ҳар бир фуқаро 25000-30000 рубль (814-977 доллар) пора бериши керак.

Жаноб Ёқубовга кўра, рухсат олишга қурби етмаган муҳожирлар мустақил тарзда иш қидириб, турли муаммоларга дуч келадилар, ва баъзи ҳолларда қулликка тушишлари, ёки йўқолиб кетишлари мумкин. Баъзилар маошларини ола олмай, касодга учрайдилар.

"Яшаш шароитларининг етишмаслиги, турар жой топишдаги қийинчиликлар туфайли кўп сонли муҳожирлар бирга кичик ҳужраларда яшашга мажбурлар. Москва вилоятидаги турар жойга масъул идоралар ишчи муҳожирларни сиқиштира бошлашган. Бир маҳаллий аёлнинг билдиришича, маҳаллий ҳокимият унга хонадонларни ижарага олган муҳожирлар борасида маълумот тўплаш ва уларнинг дини, намоз ўқиш ё ўқимаслиги борасида маълумот йиғиб, полицияни хабардор қилиш топшириғини берган", - дейди фаол.

Унинг айтишича, 2014 йил ўтиши кутилаётган Сочи Олимпиадасидан аввал янада кўпроқ ўзбекларни депортация қилиш режаланган. Матбуотда эса ўзбек муҳожирларини ёмонотлиқ қилувчи мақолалар ва хабарлар кўпайган.

Жаноб Ёқубов ўз сафари давомида, шунингдек, Ўзбекистонда оилаларини ортда қолдириб, Россияда бедарак кетган эркак муҳожирларни топиш ишлари билан ҳам шуғулланган.

Унинг айтишича, ортда аёллари ва ўртача ҳисобда уч-тўрт фарзандини Ўзбекистонда қолдирган баъзи эркаклар Ўзбекистонга умуман қайтишмайди.

"Сафар чоғида тўрт аёлнинг эрлари топилди, уларга Ўзбекистонда қолган оилаларининг қийин аҳволи тушунтирилди. Баъзилари Ўзбекистонга қайтишга рози бўлишди ва баъзилари пул бериб юборишди. Бошқалари эса Москвада уйланиб, доимий равишда Россияда қолишларини айтишди", - дейди фаол.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.