BBC navigation

Жиззах милиционерлари болани гаровга бериш тилхатини ёздирганлар

Сўнгги янгиланиш 31 декабр 2012 - 14:06 GMT

Ўзбекистонда кўпчилик одамлар янги йилни газ ва электр муаммолари билан кутиб олишаётган экан, ҳокимият аҳолининг муаммоларини кўтариб чиқаётган ҳуқуқ фаолларига босимларни кучайтиргани ҳақида хабарлар келмоқда.

Парижда жойлашган "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" Ассоциацияси тарқатган баёнотга кўра, икки жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоли қийноққа солинганлар, таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Саида Қурбонованинг келинидан боласини гаровга бериш ҳақида тилхат талаб қилинган.

"Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" Ассоциацияси ўзбекистонлик фаоллар тазйиқларга солинаётгани ҳақида БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачисига, Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ Давлат департаментини хабардор қилган.

Ассоциация Жиззах вилояти Пахтакор туман Ички ишлар бўлими милиционерларининг фаолларга нисбатан қилган амаллари Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига ҳамда Ўзбекистоннинг ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларига зид эканини эслатган.

8 декабр - Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кун ва 2012 йилда мамлакат бош қонуни қабул қилинганига 20 йил тўлди.

Шу муносабат билан мухолифатдаги "Бирдамлик" ҳаракати ўзбекистонликларга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини тушунтириш мақсади кўзланган тадбирларни режалади.

Бу тадбирларда жиззахлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Саида Қурбонова ва Нуринисо Холбоева ҳам иштирок этган.

Улар аҳоли орасида Ўзбекистон Конституциясида белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлар ҳақидаги ахборотни тарқатганлар.

Дастлаб жиззахлик милиционерлар дўқ-пўписалар билан икки фаолни жамоатчилик акциясидан қайтаришга уринганлар.

Шундан кейин Саида Қурбонованинг айтишича, уларни маъмурий ҳуқуқбузарга айлантириш мақсадида можаро уюштирилган.

Пахтакор туманидаги емакхоналардан бирида Саида Қурбонова ва Нуринисо Холбоевани безориликда айблаб ҳибсга олганлар.

Бироқ яқинларининг бир неча кунлик қидириш ва сўровларига қарамасдан, Жиззах вилояти Пахтакор туман милицияси ходимлари икки аёлнинг шу ерда ҳибсда сақланаётгани хабарини бермаганлар.

Бир неча кун мобайнида Саида Қурбонова ва Норинисо Холбоева Жиззах вилояти Пахтакор тумани милиция бўлимида ҳибсда ушланганлар, икки аёл фаолни маст ҳолда бошқаларни ҳақоратлашда айблаб жаримага тортганлар.

Саида Қурбонованинг айтишича, ўзини инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатидаги фаолиятини тўхтатишга мажбурлаш мақсадида яқинларига босимлар кучайган, келинидан Пахтакор туман милиция бўлими бошлиғи ўринбосари бўлган майор лавозимидаги раҳбар "агар қайнонам яна шу иш билан шуғулланса, 1,5 яшар ўғлимни ҳокимиятга гаровга бераман", деган мазмунда тилхат ёздириб олган.

"Шарт қўйишган: агар аянг-қайнонанг яна бир марта Интернетдан ёки Би-би-сидан ёки "Озодлик"дан бирор нарса дейдиган бўлса, бирор нарса чиқарадиган бўлса, боланг бизнинг қўлимизда гаровда туради, деб айтган", дейди Саида Қурбонова.

"Бундай ҳодисалар бундан олдин ҳам бўлган. Болаларимни менга қарши қўйишган. Мени инсон ҳуқуқлари соҳасида ишлатмасликка ҳаракат қилишаяпти. Улар ҳуқуқ ҳимоячиларининг оилаларини пароканда қилиб юбораяптилар", дейди Саида Қурбонова.

Саида Қурбонова билан суҳбат

'Агар аянг-қайнонанг бирор нарса чиқарадиган бўлса, боланг қўлимизда гаровда туради'

"Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" Ассоциациясига кўра, таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Саида Қурбонованинг келинидан боласини гаровга бериш ҳақида тилхат талаб қилинган. Саида Қурбонова билан суҳбат

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.