BBC navigation

Абдулла Ўтаев Тошкентда ғойиб бўлганига 20 йил тўлди

Сўнгги янгиланиш 3 январ 2013 - 12:18 GMT

Шу кунларда Ўзбекистонда исломий партия тузишга ҳаракат қилган Абдулла Ўтаевнинг ғойиб бўлганига 20 йил тўлган.

Фаолларга кўра, 1992 йилнинг декабрида Абдулла Ўтаевнинг Тошкент шаҳридаги уйи кўп сондаги қуролланган ва юзларига ниқоб таққан кишилар томонидан ўраб олинган ва у номаълум томонга олиб кетилган.

Шундан буён Абдулла Ўтаевнинг тақдири ҳақида ҳеч нарса маълум эмас.

1980-йилларнинг охири 1990 йилларнинг бошларида Ўзбекистонда "Бирлик" ва "Эрк" дунёвий партия ташкил этишга уринган пайтларида, Абдулла Ўтаев "Ўзбекистон Ислом Уйғониш партияси"ни ташкил этган.

"Ўзбекистон Ислом Уйғониш партияси"нинг аъзолари Абдулла Ўтаевни фирқа раиси этиб сайлаганлар.

Бироқ ҳукумат Ислом уйғониш партиясини расман рўйхатдан ўтказмаган.

Партия Ўзбекистонда исломий давлат қуриш режасини илгари сурган.

Абдулла Ўтаевнинг ягона видеоси Би-би-си 1992 йилда тасвирга олган бу ерга босинг "Оллоҳга ошиқ Фарғона" ҳужжатли фильмида сақланиб қолган.

Би-би-си архивидан: 'Ҳилол ва юлдуз - Оллоҳга ошиқ Фарғона'. 2-қисм

Совет Иттифоқининг энг йирик мусулмон аҳолисига эга бўлган Ўзбекистон учун миллий мустақиллик Михаил Горбачев даврида қўлга киритилган нисбий диний ва сиёсий эркинликларнинг йўқотилишини англатар эди.

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Унда Абдулла Ўтаев жумладан шундай деган:

"Ислом партиясининг мақсади - халққа Қуръонни танитиш, Қуръоннинг ичидаги Оллоҳ инсоният учун юборган қонунларни танитиш. Инсоният дунёда ва Оллоҳнинг олдида қандай иш қилса, бахтли бўлади, буни Қуръон кўрсатиб берган, Расулуллоҳнинг ҳаётлари, ҳадислари кўрсатиб берган. Мана шу ҳаётни, мана шу йўлни халққа етказишлик".

Абдулла Ўтаев 1948 йилда туғилган.

Мухолифатдаги "Эрк" Демократик партияси раиси Муҳаммад Солиҳ Абдулла Ўтаев билан яқиндан таниш бўлмаса-да, уни мусулмон ахлоқли инсон сифатида билганини айтади.

"Абдулла Ўтаев мўътадил қарашдаги мусулмон эди", дейди Муҳаммад Солиҳ.

"Ўзбекистон Ислом Уйғониш партияси" ўзининг биринчи қурултойини Тошкентдаги Тўқимачилар саройида 1991 йилнинг баҳорида ўтказган ва бу қурултойда Абдулла Ўтаев ҳизб раиси этиб сайланган.

Муҳаммад Солиҳнинг айтишича, бу қисқа вақт орасида партия мамлакатда кўп тарафдор йиғишга улгурмаган.

"Унинг йўқолишининг исломий гуруҳларга бўлган қаттиқ бир репрессиянинг бошланиши эканини у пайтда биз тахмин қилмаган эдик. Чунки у пайтда унинг сиёсий сабаблар билан ўғирланганини тахмин қилолганимиз йўқ. Кейин маълум бўлдики, Каримов ўша пайтдаёқ исломий гуруҳларни тўла йўқ қилиш стратегиясини ишлаб чиққан ва репрессияни ҳам Абдулла Ўтаевдан бошлаган", дейди Муҳаммад Солиҳ.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин қатор таниқли инсонларнинг тақдирлари халқаро ҳамжамият эътиборига тушган.

Андижонлик таниқли имом Абдували қори Мирзаевнинг яқинлари унинг 1995 йил 29 августида Москвадаги анжуманга йўл олгани, сўнгги марта уни Тошкент аэропортида текширувдан ўтаётганини кўришганини айтишган.

Швециядан бошпана топган ва 1 йил олдин уйи остонасида отиб кетилганидан буён кома ҳолатида қолаётган ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон қори Назаров ўғли Ҳусниддин Назаровни топишда кўмаклашишни сўраб халқаро ташкилотларга мурожаат этган.

Яқинларига кўра, Ҳусниддин Назаров 2004 йил 16 май кечга яқин уйидан чиқиб кетганидан сўнг бедарак кетган.

2004 йил ёзида хорижда диний таҳсил олиб қайтган яна бир неча ёш йигитлар ғойиб бўлганлар, яқинлари ушбу инсонларнинг йўқолишида Ўзбекистон махсус хизматларини айблаганлар.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мухолифат фаоллари Ўзбекистонда яна кўплаб инсонларнинг бедарак кетишида Ўзбекистон ҳукуматини масъул кўрадилар.

Би-би-си билан суҳбатда БМТнинг Бедарак кетганлар бўйича Ишчи гуруҳи раҳбари Жереми Саркин айтишича, 'атрофидагиларини қўрқитиб қўйиш мақсадида одамларни ғойиб этадилар'.

"Одамларни ўғирлаб, ғойиб қилиш муайян сабаблар туфайли давлат томонидан қўлланади. Бу амал ҳамиша ҳам инсоннинг шуғулланаётган фаолиятини тўхтатиш учунгина эмас, бу одам атрофидагиларини қўрқитиб қўйиш учун қилинади. Яъни уларга агарда сизлар ҳам шу каби фаолият билан шуғуллансангиз, сиз ҳам ғойиб бўласиз, деган огоҳни бериб қўйиш учун қилинади. Оила аъзоларига бедарак кетган шахснинг ўлиги ё тириклиги ҳақида айтилмайди. Одам ўғирлашлар асосан ана шу сабабдан рўй беради. Одамларни ўғирлаш баъзи давлатлар томонидан мухолифат аъзоларини тазйиқ остига олиш ва улар атрофидагиларга ҳам таъсир ўтказиш воситаси сифатида фойдаланилади", деб айтган Жереми Саркин.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.