BBC navigation

Би-би-сига мактуб: Фарғона чинорлари кесилаётгани тўғри

Сўнгги янгиланиш 5 январ 2013 - 15:40 GMT

Би-би-си Ўзбек Хизмати таҳририяти фарғоналик журналистлардан мақола олди.

Мақолада Фарғона шаҳрида юз йиллик чинорларнинг кесиб ташланаётгани тўғри қарор, деган фикр илгари сурилади.

Чинор Фарғонанинг рамзи эмас

Ҳаёт, тараққиёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди. Шу жиҳатдан олиб қараганда, қачондир мукаммал, бенуқсон туюлган айрим ҳолатлар ёки тушунчалар вақти келиб, ўз умрини яшаб бўлгани, эскиргани аён бўлиб қолади. Бундай вазиятда эса, энг одил ҳакам – вақт тўғри ва ҳаққоний хулосасини чиқаради.

Яқин яқингача Фарғона деганда кўз ўнгимизга чинорлар келар эди. Лекин энди давр ўзгарди, замон бошқа. Шунга мос равишда одамларнинг тафаккури, дунёқараши, турмуш тарзи ўзгарди.

Фарғонада бунёд этилаётган замонавий, бир пайтнинг ўзида шарқона ва миллий меъморий қиёфа касб этаётган иншоотлар, боғ ва хиёбонлар, кенг ва равон йўллар, муҳташам мажмуалар шаҳар чиройига чирой, гўзаллик ва файз бағишлаётир.

Кенг миқёсли бугунги ўзгаришлар туфайли Фарғона шаҳрининг янги тарихи ҳам яратилмоқда, десак тўғри бўлар. Айни чоқда қайта қуриш ва ободонлаштириш туфайли йўл четидаги чинорлар кесилаётгани ҳам рост ва у турлича талқин этиляпти. Яқинда меҳнат фахрийси бўлган рус миллатига мансуб онахоннинг бир гапини эшитиб қолдик.

- Чинорлар собиқ иттифоқ даврини эсалатиб турар эди.., - дейди у.

Хўш, чинор Фарғонанинг рамзимиди, деган савол туғилиши табиий.

- Вилоятимизнинг биринчи гербида эман дарахти баргларини кўрамиз. Биргина шу жиҳатнинг ўзи ҳам чинор Фарғонанинг рамзи эмаслигини кўрсатади, - дейди вилоят ўлкашунослик музейи директори Баҳодир Ҳошимов. - Музейимиз фондларида сақланаётган ўтган аср бошларига мансуб фотусуратлар ва бошқа тарихий манбалар ҳам фикримизни тасдиқлайди. Унга кўра шаҳар кўчаларида чинорлар эмас аксинча, терак, эман, қайрағоч, тол дарахтлари кўп учрайди.

Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, ўз вақтида оммавий равишда чинор экиш тортишувларга сабаб бўлган. Боиси чинор шохлари янги барпо этилган кўчаларни тўсиб қўйиши мумкин эди. Қолаверса, унинг илдизлари ер юзаси бўйлаб кенг ёйилади ва эндигина вужудга келган тош ва шағалли йўлларни остидан кўтариб юбориш хавфи ортарди. Бу каби салбий ҳолатлар шаҳар инфратузилмасига ҳам ёмон таъсир ўтказиб, ўша даврнинг илғор технологиялари ҳисобланган телеграф, электр энергияси, канализация ва бошқаларга ҳалақит бера бошлаган.


- Юртимизда бронхиал астма касаллигини келтириб чиқарувчи ташқи омиллардан бири чинор гули чангига боғлиқ эканлигини афсус билан қайд этиб ўтиш жоиз, - дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази Пульмонология бўлими мудири, олий тоифали шифокор Моҳира Расулова. - Чинор гули чанги ҳаво орқали нафас йўлига тушиб, брон шиллиқ қаватларига салбий таъсир кўрсатади. Шу туфайли шиллиқ қаватларда шиш ва шиллиқ ажралмалар кўпаяди. Натижада нафас олиш жараёни бузилиб, нафас қисади.

Бугун Фарғона кўчалари, хиёбонлари, дам олиш масканларига минглаб, ўн минглаб каштан, арча, япон сафораси, эман каби гўзал манзарали дарахтлар экилмоқда.

- Чинор дарахти дунёнинг бошқа мамлакатларида, масалан, Канадада ҳам экилади. Хатто унинг барги мамлакат байроғидан жой олган рамздир. Аммо Канаданинг йирик шаҳарлари бўлмиш Монреал, Торонто кўчаларини чинорлар безамайди. Аксинча, шаҳар четларида, аҳоли яшайдиган жойлардан йироқда чинор ўрмонлари бор холос, - дейди ёзувчи Алишер Тошқулов. - Чинор барглари заҳарли ва зарарли бўлгани учун уни ҳатто ҳайвонлар ҳам истеъмол қилмайди.

Одамлар орасида гўё Фарғона шаҳрининг ўрни аввал ботқоқлик бўлгану, чинорлар ер ости захини парлатувчи восита эди, чинорлар кесилгач ер ости суви сатҳи кўтарилиши мумкин, деган гап юради. Бу нечоғли ҳақиқат?

- Дарҳақиқат, тарихий экологик маълумотларга кўра бундан бир-бир ярим аср илгари Фарғонада ер ости сувлари ҳозиргига нисбатан юзада бўлган. Балки чинорлар маълум даврда захни қочиришга хизмат қилгандир. Чунки бир туп етилган чинор дарахти (камида 40 йиллик бўлганида) бир кеча-кундузда 35-40 литргача ер ости сувини парлатади, - дейди Фарғона вилоят Табиатни муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш инспекцияси бошлиғи Адҳамжон Холтожиев. - Лекин Фарғонада чинорларнинг кесилиши ҳеч ҳам ер ости сувлари сатҳи кўтарилишига олиб келмайди. Сабаби мавжуд дренажларга қўшимча 2012 йилда 25 та тик дренаж қурилиб фойдаланишга топширилди. 2013 йилда эса яна 15 та тик дренаж қурилади. Битта дренаж бир минутда 200 литр, бир кеча кундузда 288 тонна ер ости сувини тортиб чиқаради. Қолаверса, ҳар бир туп кесилган чинор ўрнига икки-уч тупдан каштан, эман, арча каби манзарали дарахтлар экилмоқда. Бир туп эман дарахти бир кеча-кундузда чинорга нисбатан бир ярим баробар, яъни 60 литр ер ости сувини парлатади. Чинорлар ўрнига бошқа, манзарали дарахтлар экилиши ҳар жиҳатдан фойдалидир.

Чинорлар шаҳарга соя-салқин бериб туришини рўкач қилиб уларни сақлаб қолиш кераклиги тарафдорлари ҳам йўқ эмас, албатта. Аммо аксарият фарғоналиклар кўчалар кенгайиб, энди уни ноёб манзарали дарахтлар безаётгани, муҳташам иншоотлар эса чинорлар “қуршови”дан қутилиб янгича чирой очганидан мамнунлар.

Сарвар Обид
Ботир Омон


Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.