BBC navigation

Чинозлик инсон ҳуқуқлари фаолига амнистия қўллашди

Сўнгги янгиланиш 7 январ 2013 - 13:51 GMT

Ўзбекистонда сохта жиноий иш очилиши одамларга нисбатан тазйиқ амалларининг бир қисми ҳисобланади.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси, яъни товламачилик банди бўйича айбдор топилиб, 7 йилга қамалган Гулноза Йўлдошева 4 январда Олий Мажлис Сенатининг 2012 йил 5 декабридаги "Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20 йиллиги муносабати билан амнистия ҳақида"ги қарорига асосан озод этилган.

Гулноза Йўлдошева 2012 йил октябр ойидан буён Тошкент вилояти Зангиота аёллар қамоқхонасида жазо муддатини ўтаб келган.

Унинг жиноий жавобгарликка тортилиши ҳуқуқбон сифатидаги ишлари учундир , дейди Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

Гулноза Йўлдошева ташаббус гуруҳи билан ҳам ҳамкорлик қилган.

У одамларни Қозоғистонга қул қилиб сотиш бўйича текширувлар олиб борган ва маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг одам савдосига алоқаси борлигини ҳақида маълумотлар тўплаган.

Айтилишича, Чинозлик фаолнинг икки акаси ҳам одам савдоси қурбони бўлишган.

Гулноза Йўлдошева Тошкент вилояти Чиноз туманида куч ишлатар тизимлардаги порахўрлик ва уларнинг одам савдосига алоқадорликлари бўйича тўплаган далил-исботларини дастлаб вилоят прокурори, кейин Республика Бош прокурори Рашид Қодировга, Сенатнинг Қонунчилик палатаси раҳбари Светлана Ортиқова ва Омбудсмен Сайёра Рашидовага ёзма равишда тақдим этади.

Охирги марта 2012 йил 10 апрелда куч ишлатар тизимлар бўйича президентнинг вақтинчалик маслаҳатчиси билан учрашишга эришади.

Бироқ учрашувдан эртаси куни Йўлдошева Чиноз туман Ички Ишлар бўлими ходимлари томонидан атайлаб уюштирилган "товламачилик"да айбланиб ҳибсга олинади.

Унга қадар ҳам ҳуқуқ фаоли милиция, прокуратура, суд ва Чиноз туман ҳокимлиги томонидан тинимсиз таъқиб ва таҳдидларга учрагани айтилади.

Сохта айблов қандай ясалади?

"Апрелнинг бошларида ўзининг одам савдосидан жабрланган укасини шифохонада кўриб келаётган пайтида, Тошкентдан Чинозга кетаётган маҳал кондуктор йигит мобил телефонини илтимос қилиб олади, гаплашаётган пайти тушириб юборади ва у сочилиб кетади. Шунда у: "Янги телефон олиб бераман ёки пулини бераман", деб ваъда қилади. Бир неча кун ўтгандан кейин ўша бола 100 минг пулни Гулнозанинг маҳалласидаги дўконга келтириб беради. Гулнозанинг келинойиси келиб пулни унга олиб бориб беради. Ўша куни кечаси милиция ходимлари келиб, тинтув қилиб, ўша пулни Гулнозанинг уйидан топишади", дейди ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов.

Сурат Икромов милиция ходимларининг бундай ҳаракатлари янгилик эмаслигини, у фаолларга қарши тазйиқ амалларининг бир қисмилигини таъкидлайди.

Икромовнинг айтишича, Гулноза Йўлдошева Тоштурмада сақланган пайтида ҳам суриштирув хонасига ноқонуний кириб келган милиция ходимлари томонидан қийноқларга солинган. Ички ишлар хизмати ходимлари ҳуқуқ фаолидан қўйилаётган айбларни тан олишни талаб қилиб қўрқитишади.

Бу ҳақда Гулноза ўзининг ҳимоячиси билан учрашганда сўзлаб беради. Ҳимоячиларнинг жиноий иш бўйича гувоҳлар чақирилишини сўраб қилган мурожаатлари инкор қилинади.

Йўлдошеванинг айблари исбот этилмасада, 2012 йил 10 июл куни Янгийўл шаҳрида ёпиқ кечган маҳкама жараёнидан сўнг фаол озодликдан маҳрум этилганди.

Амнистия туфайли авф қилинган Гулноза Йўлдошева билан учрашиб, гаплашган Суръат Икромов ҳуқуқ фаолидаги шижоат, адолатга ташналик сўнмаганини, бироз дам олиб яна ўз фаолиятини бошлашини билдирганини айтади.

"Амнистия берилгани бу тўлиқ оқланди, дегани эмас. Шунинг учун биз ҳозир Гулнозанинг тўлиқ оқланиб кетиши учун ҳаракат қиляпмиз",- дейди Ўзбекистон Инсон ҳақлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари.

Суръат Икромов шунингдек, амнистия жараёни давом этаётганини, Зангиота аёллар қамоқхонасида сақланаётган 2000та маҳкумалар ичидан 70 га яқин аёл амнистияга биноан озод этилиши кутилаётганини маълум қилди.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.