BBC navigation

Метан газнинг қимматлаши йўлкира нархлари кўтарилишига олиб келди

Сўнгги янгиланиш 8 январ 2013 - 14:59 GMT

Киракашлик қилувчи автоуловларнинг деярли ҳаммаси метан газда юради

Ўзбекистонда табиий газга нисбатан сармоя устама ҳақи жорий қилиниши йўлкира нархининг кўтарилишига сабаб бўлган.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда сиқилган метан газдан арзонлиги боис фойдаланиш оммавийлашган.

Жойларда киракашлик қилувчи автоуловларнинг деярли ҳаммаси метан газга ўтиб кетгани айтилади.

Янги йилдан “Ўзтрансгаз” орқали газ олиб сотувчи шаҳобчаларда сотиладиган метан газга кўшимча нарх жорий қилинди.

Ҳар куб метр газга нисбатан кўшимча 200 сўм сармоя устама нархи белгиланди.

Бу ўз навбатида бир куб метр газ баҳосининг 30 фоизга ошиб кетишига сабаб бўлган.

Жиззах вилоятидаги туманларнинг бирида Газель русумли машина ҳайдовчиси бир куб метр газ 300 сўмга қимматлаб, 900 сўм бўлганини айтади.

Газ ёнилғиси қиматлашиши ортидан йўлкира нархлари ҳам кўтарилган.

"Такси 1500 сўм эди, ҳозир икки минг сўм бўлди. Газель минг сўмдан 1500 сўмга кўтарилди. Халққа жабр бўлаяпти. Газнинг нархи кўтарилди, деб тушунтираяпмиз. Бўлмаса одамлар келиб айтаяпти, фуқаролар йиғинидан ҳам раислар чиқиб, нархни кўтариб юбординглар, деб айтаяпти", - дейди Газель ҳайдовчиси.

Арзон ёқилғи

Сўнгги йилларда жойлардаги киракаш автоуловларнинг деярли ҳаммаси нисбатан арзон бўлган метан ёнилғисидан фойдаланишга ўтиб кетган.

Машиналарнинг кўплигидан хусусий метан қуйувчи шаҳобчалар истеъмолчиларни ёнилғи билан таъминлай олмай қолган ҳоллари Ўзбекистонда тез тез учраб туради.

Расмийлар қўшимча нархлар газ соҳасини ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётганини таъкидламоқда.

Қўшимча нарх белгиланишида Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов томонидан чиқарилган "Ўзбекистон давлат бюджетининг 2013 йилда асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ва параметрлар прогнози ҳақида"ги фармойиши асос қилиб олинган.

Ҳужжатда айтилишича, махсус сармоя устама ҳақини “Ўзтрансгаз” “Ўзбекнефтгаз” томонидан очилган махсус ҳисоб рақамига ўтказади.

Ушбу маблағ сармоя дастурлари, замонавийлаштириш ва ишлаб чиқаришдаги технологик қайта жиҳозлашни молиялашга сарфланади.

Тошкентлик иқтисодчи Анвар Ҳусайинов, Ўзбекистон ҳукумати нимага асосланиб, бу каби сумма чиқаргани ҳақида истеъмолчига ҳисоб бермаслигини айтади.

"Ўзбекистон истеъмолчилар жамиятлари, автотранспорт эгаларининг аоссоциацияси ва кўплаб жамоатчилик ташкилотлари қонун бўйича нарх навонинг нима сабабдан ошганини сўраш ҳуқуқи берилган. Лозим бўлса судга бериши мумкин", - дейди Анвар Ҳусаинов.

Бироқ бу каби жамиятлар ўз ҳуқуқларидан фойдаланмаслиги ортидан ҳукумат ва монопол ташкилотлар нарх-наво кўтарилиши борасида истеъмолчи билан ҳисоблашмайди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.