BBC navigation

ICG: 'Каримовнинг кетиши минтақадаги вазиятни беқарорлаштириши мумкин'

Сўнгги янгиланиш 10 январ 2013 - 11:51 GMT

Президент Каримов 23 йилдан буён Ўзбекистонни қаттиққўллик билан бошқариб келади

Халқаро инқироз гуруҳи Президенти Луиз Арборнинг ёзишича, Президент Каримов сиёсий саҳнадан кетгач, унинг ўрнини ким эгаллаши ҳануз қоронғу қолаётгани минтақадаги вазиятни ёмонлаштириши мумкин бўлган омиллардан биридир.

"Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг мунтазам поймол этилиши ҳануз одатий ҳол ҳисобланади, - деб ёзади Foreign Policy нашрида эълон қилинган мақоласида Арбор хоним. Бундан ҳам ёмони 74 ёшли Президент Ислом Каримов саҳнадан кетгач, сиёсий меросхўрлик режасининг йўқлиги минтақавий нотинчликлар учун "тайёр рецептдир".

Айни пайтда муаллифнинг ишонишича, Қўшма Штатлар Афғонистондан ўз қўшинлари ва ҳарбий техникасини тўла олиб чиқиб кетмагунича, Ўзбекистондаги вазиятга жиддий эътибор қаратишини кутиш қийин.

Ўзбекистон парламенти сўнгги икки йилда сиёсий меросхўрлик механизмини яратиши айтилган қатор қонунларни қабул қилган, аммо кузатувчиларга кўра, амалда бу ўзгаришлар жаноб Каримовнинг меросхўри ким бўлиши ҳақидаги саволга аниқлик киритмаган.

Қайтага янада мавҳумлаштирган.

Жумладан, бунгача Конституцияга биноан, Президент фавқулодда сиёсий саҳнадан кетгани тақдирда унинг ўрнини Сенат раиси эгаллаши кўзда тутилганди.

Аммо 2010 йил ноябрида парламентда қилган чиқишида жаноб Каримов Конституцияга киритилган ўзгаришлар ҳақида гапира туриб, Президент ўз вазифасини бажара олмай қолгани тақдирда унинг ўрнини "Сенат аъзоси" эгаллашини айтган.

Бу эса Каримовдан кейин ҳокимиятни ким эгаллаши борасида янада кўпроқ тахмин ва фаразларга йўл очган, холос.

'Жар ёқасида турган давлатлар'

Арбор хонимнинг ёзишича, Марказий Осиёнинг қолган давлатларидаги вазият ҳам умидбахш эмас.

"2013 йилда диққат марказида бўладиган 10 низо" номли мақолада муаллиф минтақа давлатлари "жар ёқасида тургани"ни айтади.

Унга кўра, Тожикистонда 2012 йилда ҳеч қандай ижобий ўзгариш кузатилмаган.

"Ўзбекистон билан муносабатлар тобора ёмонлашмоқда ва ички келишмовчиликлар Тоғли Бадахшонда бўлгинчилик кайфиятларини кучайтириши мумкин",- деб ёзади муаллиф.

Қирғизистон эса, Халқаро инқироз гуруҳи назарида тобора авж олаётган миллатлараро адоватга етарли эътибор қаратмаяпти.

Арбор хонимнинг ёзишича, "Ўшда марказий ҳукумат кучсиз ва президент маъмурияти узоқ кутилган этник сиёсатни қабул қилгани йўқ".

Қозоғистонда эса, агар жорий тенденция сақланиб қоладиган бўлса, янгидан зўравонликларни кутиш мумкин.

"2012 йилда мамлакат ғарби ва жанубида муқаддам билинмаган жиҳодий гуруҳ томонидан кўплаб террорчилик ҳужумлари содир этилди. Қозоғистоннинг ўзини барқарорлик ороли деб тақдим қилиш уринишига путур етди", - дейилади Foreign Policy нашридаги мақолада.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.