BBC navigation

Бош прокурор ўринбосари нима учун ишдан олинди?

Сўнгги янгиланиш 10 январ 2013 - 16:54 GMT

Алишер Шарафутдинов халқаро анжуманларда Ўзбекистон ҳукуматининг қийноқлар борасидаги мавқейини ҳимоя қилган

Ўзбекистон Бош прокурорининг ўринбосари Алишер Шарафутдиновнинг лавозимидан бўшатилиш сабаблари ва кейинги тақдири қоронғу қолмоқда.

Би-би-сининг Тошкентдаги манбаъларига кўра, собиқ мулозим ҳозирча ҳеч қандай лавозимга тайинланмаган.

"Унинг кейинги тақдири борасида фақат Президент Каримов қарор беради", - деб айтди Бош прокуратурага яқин манбаъ.

Расмий манбаълар Алишер Шарафутдиновнинг ишдан олиниш тафсилотлари борасида сукут сақламоқда.

Унинг бош прокурор ўринбосари лавозимидан четлатилгани ҳақида илк бор Узметроном нашри чоршанба куни хабар тарқатганди.

Аммо истеъфо сабаблари ва Шарафутдиновнинг кейинги тақдири борасида бир-бирига қарама-қарши хабарлар олинган.

Жумладан, Узметроном ўз манбаъларига таяниб, жаноб Шарафутдиновнинг лавозимдан четлатилишига ҳайдовчисининг пора билан қўлга туширилгани сабаб бўлгани ҳақида ёзган.

Норасмий Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянси эса Бош прокуратура навбатчисига иқтибосан унинг уй қамоғида эканини хабар қилган.

Би-би-сининг Тошкентдаги манбаъларига кўра, Алишер Шарафутдинов Навоийдаги нефт ва газ корхонаси билан ҳамкорлик қилган таниши, маҳаллий ишбилармонлардан бирининг корхонадан пулларини ололмаётгани ҳақидаги шикояти юзасидан Ўзбекнефтегаз ширкати мулозимларига мурожаат этган.

Бу эса Ўзбекистоннинг нефт ва газ монополисти бўлган қудратли ширкат мулозимлари тарафидан Бош прокуратуранинг босими сифатида тақдим этилган.

Би-би-сига истеъфо тафсилотлари ҳақида гапирган манбаъга кўра, аввалроқ Бош прокурор Рашид Қодировнинг ҳайдовчиси "пора олганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган".

Аммо бу маълумотларнинг биронтасини ҳам текшириш ва тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг собиқ мулозими ва Сенатнинг Суд-ҳуқуқ ва қонунчилик қўмитаси раиси Светлана Ортиқова Би-би-сига Бош прокуратура раҳбариятидаги ўзгаришларнинг тафсилотларидан мутлақо бехабарлигини айтди.

Бош прокуратура матбуот хизмати тизимдаги муҳим кадрлар ўзгариши борасида ҳеч қандай ахборот бермаяпти.

'Зиёли ва... қийноқларга масъул'

Қарийб 15 йилдан буён Бош прокурор лавозимини эгаллаб турган ва қонундаги икки муддат ўрнига Президент Каримов томонидан учинчи муддатга ҳам тайинланган Рашид Қодировнинг бир неча ўринбосарлари бор ва улар вақти-вақти билан ўзгартириб турилади.

Бундан аввал биронта ҳам прокуратура мулозимининг истеъфоси бу каби акс-садо бермаган.

Таҳлилчилар буни Алишер Шарафутдиновнинг келиб чиқиши билан тушунтиришади.

Марҳум адабиётшунос, Ўзбекистон қаҳрамони Озод Шарафутдиновнинг ўғли бўлган Алишер Шарафутдинов отаси ҳаёт экан, Ички ишлар вазирлиги тергов бошқармаси бошлиғи лавозимидан вазир ўринбосаригача ва кейинроқ Бош прокурор ўринбосари лавозимларига кўтарилган.

Уни яқиндан таниганлар Шарафутдинов куч тизимлари раҳбарларига хос бўлмаган зиёлилиги билан ажралиб туришини айтишади.

Алишер Шарафутдинов 2003-2004 йилларда ҳукумат томонидан "Қийноқларга қарши кураш миллий дастури"ни ишлаб чиқишга масъул мулозим сифатида маҳаллий ҳуқуқ фаоллари билан мулоқотлар олиб борган.

Аммо бу дастур ҳеч қачон ҳаётга тадбиқ этилмаган.

Алишер Шарафутдинов эса кейинги йилларда Бош прокурорнинг тергов бўйича ўринбосари сифатида қийноқлар қўллангани даъво қилинган кўпгина жиноят ишларини тасдиқлаган.

Маҳаллий ҳуқуқ фаоллари жаноб Шарафутдиновни Ўзбекистондаги репрессив тузумнинг бир қисми сифатида кўришади.

"Репрессив тузумда яхши мулозим бўлмайди", - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромов.

Алишер Шарафутдинов Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциацияси президенти ҳам эди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.