BBC navigation

Тошкентда яна 8 нафар диндор маҳкум этилди

Сўнгги янгиланиш 10 январ 2013 - 18:02 GMT

Судланувчилар айблов хулосасининг "тўқиб чиқарилгани"ни айтишган

Тошкент вилоят маҳкамаси яна 8 нафар диндорни узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этгани маълум бўлган.

Уларнинг айримлари Жаслиқда қамоқ жазосини ўтаётган маҳбуслардир.

Ораларида уч нафар аёллар ҳам бўлган судланувчилар жиноят кодексининг "тақиқланган диний-экстремистик ташкилотга аъзолик", "давлат тузумига тажовуз қилиш", шунингдек, "жамоат тартибига хавф солувчи материаллар тарқатиш" сингари бандлари бўйича айбланган.

Айблов хулосасида уларнинг "ваҳҳобийлик" диний оқими тарафдорлари бўлганликлари, тинтув чоғида уйларидан 1995 йилда Тошкент аэропортида бедерак кетган таниқли уламо Абдували қори Мирзаев ҳамда ўтган йил февралида Швецияда отиб кетилган ва ҳануз шифохонада, кома ҳолатида қолаётган имом Обидхон қори Назаровларнинг маърузалари ёзилган аудио кассеталар топилгани айтилади.

Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг ҳимоячиларга иқтибосан билдиришича, маҳкама жараёнида судланувчиларнинг айблари исботланмаган ва маҳкамага тортилганлар жиноят ишининг "тўқиб чиқарилгани"ни айтишган.

Айбланувчилар ҳақида кўп нарса маълум эмас.

Улардан Обидхон Асқаров 2010 йилда Ўзбекистон қамоқхонасида қийноқлар натижасида вафот этгани хабар қилинган Зайниддин Асқаровнинг акасидир.

Наманган вилоятининг Чортоқ шаҳрида яшаган ва асли ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси бўлган Обидхон Асқаров 1990-йилар бошида Наманcontaгандаги "Ислом лашкарлари" ва "Адолат" уюшмаларига қарши кампания доирасида ҳибсга олинган ва узоқ йилга қамалган.

2004 йилда қамоқ муддати ниҳоясида озодликка чиқарилган Обидхон Асқаров 2009 йилда қайтадан ҳибсга олинган ва маҳкум этилган.

Унга қандай айблар қўйилгани маълум эмас.

Сўнгги маҳкамага Обидхон Асқаровнинг Жаслиқдаги қамоқхонадан келтирилгани айтилади.

Порахўр ҳакамлар

Инсон ҳуқуқлари фаоли Суръат Икромовга кўра, 2012 йил сентябрида Тошкент вилоят маҳкамасида бошланган жараён уч марта қолдирилган.

Унинг айтишича, сўнгги уч ойда вилоят маҳкамаси ҳакамлар таркибининг "деярли ҳаммаси" пора олиш чоғида ҳибсга олинган ва ишдан четлатилган.

Суръат Икромовнинг ҳимоячилардан иқтибос келтиришича, Тошкент вилоят маҳкамасида тажрибали ва мустақил қарор қабул қилишга қодир ҳакамлар қолмаган.

"Шунинг учун ёш ва тажрибасиз ҳакамлар фақат юқорининг кўрсатмаси билан ҳукм чиқаришади", - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.