BBC navigation

Гуржистонда сиёсий маҳкумлар амнистияга чиқди, Ўзбекистонда-чи?

Сўнгги янгиланиш 13 январ 2013 - 13:10 GMT

Гуржистондаги амнистия бўйича 3000 тача маҳкум озод этилади.

Гуржистон парламенти тасдиғидан ўтган авф қонунига мувофиқ, 13 январ куни илк 190 маҳкум қамоқхоналардан озод этилган.

Улар орасида Гуржистон парламенти сиёсий маҳкум деб тан олганлар ҳам бор.

Авф қонуни чорчўбасида ҳаммаси бўлиб уч минг маҳкумнинг озод этилиши ва яна кўпларнинг жазо муддати қисқариши кутилмоқда.

Амнистия ҳақидаги қонун парламент раиси Давид Усупашвили томонидан имзоланиши ортидан шанба куни кучга кирди.

Унинг имзоси қонун лойиҳасига президент Михаил Саакашвили томонидан қўйилган ветони енгиб ўтиш учун зарур эди.

Президент Михаил Саакашвили дастаклаган Гуржистоннинг аввалги ҳукумати қамоқхоналарда маҳкумларнинг қийноққа тутилиши юзасидан чиққан жанжал ортидан ўз обрўсини йўқотган эди.

Айнан мана шу жанжал туфайли Президент Саакашвилига мухолифатда бўлган кучлар ўтган парламент сайловларида ғолиб чиқишди.

Президентнинг сиёсий рақиби Бош вазир Бижина Иванишвили раҳбарлик қилган янги ҳукумат кўплаб инсонларнинг қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум этилганини айтади.

Аммо жаноб Саакашвили авфни "жиноятчиларнинг оммавий равишда озод этилиши", деб баҳолаган ва бу амалнинг "мудҳиш оқибатларидан" огоҳлантирган.

Тбилисидаги Би-би-си мухбири Дамиен Макгиннеснинг айтишича, баъзи гуржистонликлар маҳкумларнинг озод этилиши мамлакатни яна жиноят урчиган 1990-йилларга қайтариши мумкинлигидан қўрқишади.

Кўплаб гуржистонликлар собиқ ҳукумат пайтида мамлакатдан чиқиб кетган қудратли мафия раҳбарлари яна қайтиб келиши мумкинлигидан хавотирга тушганлар, дейди Би-би-си мухбири.

Дамиен Макгиннеснинг айтишича, Гуржистон аҳоли жон бошига тўғри келадиган маҳкумлар сони бўйича дунёнинг етакчи давлатларидан бири ҳисобланади.

Октябр ойида бўлиб ўтган парламент сайловларидан олдин, мамлакат телевидениеси орқали маҳкумларнинг қамоқхона нозирлари томонидан калтакланиши ва жинсий зўрланиши тасвирланган лавҳаларни намойиш этди.

Ушбу лавҳа дарғазаб бўлган мухолифатни кўча намойишларига етаклаган ва мухолифат лидери жаноб Иванишвилига Саакашвили ҳокимиятини "шафқатсиз", дея тасвирлашга имкон берганди.

Ўзбекистонда ҳам ҳар йили Конституция қабул қилинган кун муносабати билан чиқариладиган амнистияга мувофиқ минглаб маҳкумлар қамоқхоналардан озод этилади.

Бироқ бундай авф фармонлари одатда балоғатга етмаганлар, ёши 60 дан ошганлар ва аёлларга ва енгилроқ жиноят содир этганларга нисбатан қўлланади.

Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқбонлар Ўзбекистонда минглаб сиёсий ва диний маҳкумлар борлигини айтиб келишади, аммо расмий Тошкент уларнинг борлигини ҳеч қачон эътироф этмаган.

Камдан-кам ҳоллардагина сиёсий фаолияти ё-да эътиқоди учун қамалганлар озодликка чиқадилар.

Ҳозирда Францияда яшаётган таниқли ҳуқуқбон Толиб Ёқубов бу ҳолатни Ўзбекистондаги сиёсий режим моҳияти билан изоҳлайди.

Таниқли инсон ҳақлари фаоли Толиб Ёқубов билан суҳбат

Ўзбекистондаги амнистиялар ва сиёсий маҳкумлар

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.