BBC navigation

Ўзбекистонда истеъмол савати қанчани ташкил этади?

Сўнгги янгиланиш 19 январ 2013 - 14:40 GMT

Дунёдаги турли иқлим шароитлари ва аҳоли эҳтиёжларидан келиб турли мамлакатлардаги истеъмол саватлари бир-биридан фарқ қилади.

Ўзбекистон ҳукумати 2012 йил якунларига бағишланган мажлис ўтказган.

Мажлисда маъруза қилган Президент Ислом Каримовга кўра, Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи истеъмол савати баҳосидан 4 баробар кўпайган.

Бу Ўзбекистон президентининг сўнгги йиллардаги оммавий чиқишларда истеъмол савати иборасини илк бор тилга олиши бўлган.

Президент Ислом Каримов ўз маърузасида ўзбекистонликларнинг даромадлари тобора ошиб бораётганини айтиб, жумладан шундай деган:

"Ҳеч кимга сир эмаски, ҳаёт даражаси, биринчи навбатда, аҳолининг даромадлари миқдори билан белгиланади. Ўтган 2012 йилда бу кўрсаткич юртимизда 17,5 фоизга ўсди, энг кам иш ҳақи 26,5 фоизга ошди. Умуман олганда, 2000 йил билан таққослаганда, реал даромад аҳоли жон бошига 8,6 баробар кўпайди. Ҳисоб-китобларга кўра, ўртача иш ҳақи истеъмол саватчаси баҳосидан 4 баробардан зиёд ошди".

Ўзбекистонда статистик маълумотлар сир сақланади ва мамлакат иқтисодининг реал аҳволи ҳақидаги рақамлар кам сондаги республика раҳбарларига ҳисобот сифатида тақдим этилади.

Ўзбекистонда мустақилликнинг илк йилларидан буён истеъмол савати қанчани ташкил этиши борасидаги маълумотларни ҳам жамоатчиликка ошкор этмаслик афзал кўрилади.

Истеъмол савати - инсоннинг саломатлиги ҳамда яшашини сақлаб туриш учун талаб қилинадиган энг оз озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлар ва хизматларнинг жамламаси.

Дунёдаги турли мамлакатларнинг турли иқлим шароитлари ва аҳоли эҳтиёжларидан келиб истеъмол саватига маҳсулот ва хизматлар киритилади.

Мисол учун АҚШдаги истеъмол саватига 300 та, Буюк Британияда 350, Олмонияда 470 маҳсулот ва хизмат киритилган.

Бу маҳсулотларнинг озиқ-овқат турига кирадиганларининг асосийлари - нон ва ун маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари, ёғ, гўшт, тухум, полиз маҳсулотлари, мева-чевалар ва бошқалар.

Ноозиқ-овқат масҳулотларига кўйлак, костюм-шим, пойафзал, бош кийим, пайпоқ, ичик кийим турлари, санитария ва гигиена маҳсулотлари, мактаб ва таълим олиш учун зарур товарлар киритилади.

Россиядек совуқ мамлакат учун қишда иссиқлик таъминоти истеъмол саватидаги энг муҳим хизмат ҳисобланса, Африканинг айрим мамлакатлари учун бу хизматнинг умуман кераги йўқ.

Ўзбекистонда бундан олдин айрим фаоллар бир ойда бир инсонга қанча нон, қанча гўшт зарурлигини ҳисоблашга ҳаракат қилганлар.

Бу ҳисоб-китоблар Ўзбекистон ҳукумати ишчиларга тўлаётган ўртача маош миқдоридан анча кўпни ташкил этиши аён бўлган.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатдаги иқтисодий ўсиш, аҳолининг турмуши яхшиланаётгани ва ишсизлик даражаси ҳақидаги расмий рақамларини мустақил таҳлилчилар шубҳа остига оладилар.

Хусусан, расмий Тошкент минбарларидан тилга олинаётган Ялпи Ички Маҳсулот улушида хорижда меҳнат муҳожири бўлиб яқинларига пул жўнатмалари юбораётган ўзбекистонликларнинг пуллари ҳам қўшиб ҳисобланаётгани ҳақидаги фикрлар ҳам билдирилаётганини кўриш мумкин.

Хориждан бошпана топган ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи Алишер Таксановнинг айтишича, Ўзбек амалдорлари қўлида ҳаққоний аҳволни акс эттирган рақамлар бор.

"Бундай маълумотлар бор деб ўйлайман. Советлар даврида ҳам икки хил статистика бўларди: бириси расмий, иккинчиси эса ярим хуфия. Экспертлар, олимлар ва оддий одамлар эътиборига мамлакат қандай ривожланаётганига расмий статистика ҳавола этиларди, аммо юқори давлат мулозимларига мамлакатдаги ҳаққоний вазиятни тасвирлаб берувчи кўрсаткчилар жамланган маълумотлар тарқатиларди. Менинг ўйлашимча, Президент Ислом Каримов реал маълумотлардан бохабар, аммо уни чоп қилиш мумкин эмаслигини яхши билади", дейди иқтисодий таҳлилчи.

Сизнинг ҳисоб-китобингиз бўйича Ўзбекистонда шу кеча-кундуздаги истеъмол савати қанчани ташкил этади?

Ўз фикр-мулоҳазаларингизни саҳифанинг қуйи қисмидаги махсус формадан фойдаланиб бизга йўлланг.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.