BBC navigation

Натан Хемм: Ўзбекистонда раҳбар ўзгариши мумкин, режим ўзгармайди

Сўнгги янгиланиш 28 январ 2013 - 14:35 GMT

Америка Қўшма Штатларининг Сиэтл Университетида Ўзбекистонда режим ўзгариши мавзусига бағишланган анжуман бўлиб ўтган.

Конференция ташкилотчиси бир пайтлар Ўзбекистонда фаолият юритган "Огоҳлик лойиҳалари" нодавлат ташкилотидир.

Анжуманда Марказий Осиё бўйича қатор экспертлар, Ўзбек мухолифати вакиллари маърузалар билан чиқиш қилганлар.

Ана шу маърузачилардан бири Овросиё мамлакатлари таҳлилига бағишланган Registan.net тармоғи асосчиси Натан Хемм.

Биз ундан Ўзбекистонда яқин икки-уч йил давомида тузум ўзгариши мумкинми, деб сўрадик.

Натан Хемм: Мен бундай деб ўйламайман. Бунақа эҳтимол жуда кам. Ҳатто ҳозир кўпчилик муҳокама этаётган Каримов вафотидан кейинги сценарийда ҳам мен режим ўзгармайди, деган фикрдаман. Раҳбарият ўзгариши мумкин, бироқ бугун амал қилаётган режим ўзгариши учун 5-10 йиллик вақт талаб қилинса керак.

Би-би-си: Ўша сиз айтаётган сценарий бўйича кейинги раҳбар ким бўлиши мумкин? У жаноб Каримов оиласи аъзоси бўладими ё мамлакат сиёсий саҳнасидаги бошқа кучлар вакилими, сиз нима деб ўйлайсиз?

Натан Хемм: Мен бу одам жаноб Каримов оиласининг аъзоси ёки қариндоши бўлади, деб ўйламайман. Кейинги раҳбар жаноб Каримов "сиёсий оиласининг аъзоси" бўлади. Мамлакат элитасининг таркиби айниқса, сўнгги ўн йилликда жуда торайиб кетди. Мен бу одам ҳозирги сиёсий саҳнада жой эгаллаб турган шахс бўлади, деб тахмин қиламан. Агар бу ким бўлиши мумкин, деб сўрашса, мен Элёр Ғаниев номини келтиришим мумкин. Бу бир тахмин. Нима учун у? Сабаби, у доим сиёсий раҳбарият аъзоси бўлиб келган, у кейинги сиёсий ворис бўлиши мумкинлиги ҳақида кўплаб тахминлар билдирилган. Бироқ унинг ўзи ҳокимиятга кучли интилмаган. Аммо айни пайтда энг сўнгги дақиқада сиёсий элита орасидан кимдир тепага чиқиб қолиши ҳам мумкин.

Би-би-си: Ўзбекистонда давлат билан жамият ўртасида номувофиқлик, раҳбарлар билан оддий одамлар ўртасида фарқ кузатилади, сизнинг Сиэтл Университетидаги маърузангиз ҳам ушбу масалага бағишланган. Сизнингча, бугунги Ўзбекистондаги асосий келишмовчиликлар қайсилар?

Натан Хемм: Мен ўйлайманки, энг каттаси - иқтисодиёт. Ўзбекистондаги иқтисодий вазият буткул яроқсиз аҳволга келган. Ўзбекистон марказий Осиёдаги аҳолиси энг кўп мамлакат. Минтақада саноати энг кучли тараққий эттирилган мамлакат эди. Унинг қишлоқ хўжалигида беқиёс имкониятлари бор эди. Инсоний салоҳияти ҳам худди шундай. Ўз вақтида Қозоғистоннинг ҳам бошига худди Ўзбекистонникидек муаммолар тушган эди. Қозоғистон қисқа фурсат ичида иқтисодини кўтариб олишнинг уддасидан чиққан бўлса, Ўзбекистонда энг кичик умидлар ҳам рўёбга чиқмади. Сўнгги 5 йил давомида ҳар қишда газ ва электр тақчиллиги кузатилаяпти. Бундан кейин эса биз вазиятнинг янада ёмонлашишини кутишимиз мумкин. Мана шу нарса одамларни кичик норозиликларга ундаши мумкин.
Кейинги зиддият диний масалага боғлиқ. Ўзбекистонда Ислом тобора муҳим омилга айланиб бораяпти, бироқ хавф манбаси сифатида эмас. Чунки Исломни одамлар ўзларининг кундалик ҳаётларининг таркибий бир қисми сифатида кўрмоқдалар. Одамлар ҳаётларининг ҳар бир жиҳатида Исломни кўришни хоҳламоқдалар, бундан эса Ўзбек ҳукумати ваҳимага тушмоқда. Ҳукумат одамлар ҳаётининг ҳамма жиҳатини назорат қила олмаслигидан чўчимоқда.

Би-би-си: Ўзбекистондаги сиёсий кланларнинг кураши мавжудлиги ҳақида, улар устунликка эришиш мақсадида доим бир-бирларига қарши курашиб келаётганлари ҳақида кўп гап-сўзлар айтилади. Бу гап-сўзлар, сизнингча, қанчалар асосга эга?

Натан Хемм: Ҳали 2006 йилларда бу нарсалар мавжуд, деб ўйлашингиз мумкин эди. Ҳозирга келиб Ўзбекистонда бир сиёсий клан қолган. Булар Тошкентда Ислом Каримов атрофида йиғилган одамлар. Лекин бу нарса сиёсий элита ўртасида кураш йўқлигининг аломати деб кўрилмаслиги керак. Фақат биз бу ҳақда маълумотга эга эмасмиз. Биз жўғрофий келиб чиқишига қараб сиёсий элита аъзолари қанчалар бирлашганини билмаймиз.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.