BBC navigation

'Ўзбеклар демократияга тайëр эмас, деган гапни миллат учун таҳқир деб биламан'

Сўнгги янгиланиш 21 январ 2013 - 12:01 GMT
Шуҳрат Бобожон

Шуҳрат Бобожон 2002 йилдан буён "Озодлик" радиоси ўзбек хизматида ишлайди

Ўзбекистонлик таниқли рассом ва журналист Шуҳрат Бобожонга Би-би-си мухлислари саволларига жавоб берди.

Шуҳрат Бобожон 1963 йилда Хоразмда дунёга келди.

1984 йилда Низомий номидаги Тошкент Давлат институти бадиий графика факултетини тамомлади.

Чингиз Ахмаров, Малик Набиев, Янис Салпинкиди, Исфандиëр Ҳайдаров, Рўзи Чориев, Абдумўмин Бойматов ва Шавкат Абдусаламов каби атоқли рассомлар қўлида сабоқ олди.

Институтни тамомлагач Урганч шаҳар суратлар галереясида бош муҳофиз сифатида ишлади ва замонавий рангтасвир асарларини тўплай бошлади.

1986 йилда "Хуфиёна бўса" суратини Москвадаги "Показывают молодые" кўргазмасига қўйди.

Ушбу картина 1987 йилда Токиодаги кўргазмада Япония Санъат Академиясининг олтин медалига сазовор деб топилди.

Айни йили Шуҳрат Бобожон Совет Иттифоқи рассомлар иттифоқига қабул қилинди.

Рассом "Минг бир кеча" номи остида фантастик шарқона реализм жанрида суратлар яратди.

1988 йилда шарқий Олмониядаги Reclam нашриёти томонидан чоп этилган ўзбек халқ эртаклари китобига суратлар чизди.

Шуҳрат Бобожон 2000 йили Ўзбекистон ва Туркманистон чегара ҳудудларидаги Қорақум чўлида кўргазма ташкил этди.

Олмонияда Рассомлар Уйи лойиҳасида иштирок этди ва "Самарқанд" кўргазмасини тақдим этди.

Рассом шунингдек "Haus der Kulturen der Welt" кўргазмасига "Нон" картинасини қўйди.

Айни сурат Олмониядаги Ўзбекистоннинг собиқ элчиси Владимир Норов норозилигига сабаб бўлди.

Шуҳрат Бобожон 2002 йилда Олмониянинг Веймер шаҳрида ташкиллаштирилган Марказий Осиёлик рассомлар кўргазмасида иштирок этди.

Ушбу кўргазмада рассом "Правда Востока" ("Шарқ Ҳақиқати") инсталяциясини тақдим этди.

Инсталяцияда деворига калашников автомати осилган ва столига Кока-кола шишаси қўйилган оддий ўзбек уйи тасвирланган эди.

Айни сурат 2004-йилда Прагадаги галереяда намойиш этилди.

2010 йилда эса Шуҳрат Бобожон Брюссел шаҳрида Андижондаги хунрезликларнинг беш йиллиги муносабати билан "Андижон ёмғири" қум композициясини намойиш этди.

Шуҳрат Бобожон нафақат рассом, балки мухолифат фаоли ва журналист сифатида ҳам танилган.

Шуҳрат Бобожон чизган суратлар дунёнинг кўплаб кўргазмаларида намойишга қўйилган

1991 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтган илк президентлик сайловида жорий президент Ислом Каримовнинг рақиби Муҳаммад Солиҳнинг сайловолди штабига раҳбарлик қилди.

1994 йилда Урганч шаҳрида Ўзбекистонда илк мустақил телевизион канални ташкил этди.

Тахминан бир миллион томошабинига эга бўлган телеканал беш йил давомида Хоразм вилоятида муваффақиятли иш олиб борди.

1999 йилги парламент сайловларидан олдин телеканал, Шуҳрат Бобожоннинг айтишича, сиёсий важлар билан беркитилди.

2001 йилда Ўзбекистон прокуратураси Шуҳрат Бобожонга қарши "ҳужжатларни сохталаштириш" айблови билан жиноий иш қўзғатди.

Айни йили Ўзбекистон Рассомлар Академияси сафидан ўчирилди.

Рассом Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлди ва Олмонияда сиёсий бошпана олди.

2002 йилдан буён Абдулла Искандар тахаллуси билан қароргоҳи Прагада жойлашган "Озодлик" радиоси ўзбек хизматида ишлайди.

Шуҳрат Бобожон билан бўлган суҳбат матни билан танишинг.


Аъзамжон, Тошкент: Шуҳрат ака, ҳозир қайси мавзуларда суратлар чизасиз?

Шуҳрат Бобожон: Аъзамжон сизга очиғини айтсам расм чизишга вақт жуда оз ажратяпман. Мана бир йилдирки, "Лунаход" деган арт-лойиҳа устида ишлайман. Буни ўзбекча "Ҳаракатчан минора" дейиш мумкин. Мен ғилдираклари бор минорани устида ҳилоли билан бирга ясаб бўлдим. Бу арт-лойиҳага Швейцарияда миноралар таъқиқлангани сабаб бўлди. Айни пайтда Швейцария ғилдиракли минорани яъни кинетик арт-объектни тақиқлай олмайди. Мен ясаган ҳаракатчан минора "Лунаход" Юнонистон, Швейцария ва Чехияда намойиш қилинади. Ҳозир галереялар билан алоқадаман. Яна бир ғоя ҳам бор "Товарищ узбек" деган. Ҳозир бу лойиҳа ижроси учун Берлиндаги "Луиза" рассомлар уйи билан гаплашяпман. Режалар кўп, хуллас. Гап кўмир оз, десак ҳам бўлади.

Ҳумоюн, Бухоро: Адашмасам, Ислом сурат чизишни қаттиқ тақиқлайди. Шуҳрат ака, бунга муносабатингиз қандай?

Шуҳрат Бобожон: Ҳумоюнжон бунга жавобим аниқ. Ислом бут ясаш ва уларга сиғинишни тақиқлайди. Мен шуғулланаëтган санъат тури эса, эстетик фикрлар ифодасидир. Бировлар ўз фикрини сўз билан ифода қилса, мен тасвир, инсталяция ва перформенслар орқали ифода қиламан. Ҳеч бир ҳолатда бут ëки бошқа сиғиниш объектини яратиш ниятим йўқ. Бундан 20 йил олдин, ҳали фотопостерлар урф бўлмаган пайтда, Шовот ва Урганчдаги масжидлардан Макка шаҳри манзарасини чизиш бўйича буюртма тушувди. Мен катта холстга Маккаи Мунаввара тасвирини реалистик услубда чизиб берганман. Бу расмлар ҳам масжид айвонида осилиб турган бўлса керак.

Улуғбек Ҳайдаров, Ванкувер: Ассалому алайкум. 1) Шуҳрат ака, шу пайтгача яратган асарларингиз қанча бўлди ва буларнинг барчасини алоҳида кўргазма ҳолида қачон кўрсак бўлади?

Шуҳрат Бобожон: Улуғбек, Валайкум ассалом. Асарлар сонига келсак қўлимда бори, яъни сотилмаганлари 100 дан ошиқ. Уларни тўлалигича кўргазма қилиш нияти хозирча йўқ, лекин китоб қилиб чиқарсам керак. Китоб чиқса, сизга албатта бир донасини почта орқали жўнатаман.

2) Оёқларидан осиб кўйилган маҳбусни аралаётганлар тасвирланган расмингиз, ўзим ҳам қийноқлар азобини тортганим учунми менга қаттиқ таъсир қилган. Мана шу расмни яратилиши тарихига тўхталиб ўтсангиз.

Шуҳрат Бобожон: Бу расм Нуҳ пайғамбар ҳақидаги полиптихнинг бир қисми. 1988 йили чизганман. Москва марказидаги кўргазмада 1989 йили намойиш қилинган. Кўргазма номи "Неизвестная живопись Узбекистана" эди. Оëқларидан осилиб чоти арраланаëтган маҳбус ўша пайтда мен учун Чўлпон ва Фитратлар эди. Не тонгки, бу расмдаги даҳшат бугунги ўзбек турмалари учун одатий ҳолатга айланди.

Милтиқли киши, Стўкҳўлм:Сизнинг "Нон" суратингиз Норовнинг норозилигига сабаб бўлгани сабаби нимада?

""Дард кўп, дармон йўқ, кўнгил саройи бўм-бўш кутилган султон йўқ," - деб ёзади шоир Муҳаммад Солиҳ. Бу Ўзбекистондаги ҳолатнинг поэтик тасвири. Дардмандлар кўп. Ўзгариш кутаëтганлар кўп."

Шуҳрат Бобожон

Шуҳрат Бобожон: Бунинг тарихи бор. 2002 йили Берлиндаги Дунë маданияти уйида Марказий Осиë рассомларининг илк кўргазмаси бўлди. Ўзбекистондан мен, Ҳакимжон Турдиев ва Вячеслав Охунов қатнашди. Дўстим Ҳакимжон Турдиев кўргазмада 6 тонна туздан ташкил бўлган композицияни намойиш қилди. Мен эса Ўзбекистон қишлоқларидан бирининг уйида товуқларга бериладиган комбикормадан ëпилган нонни кўргазмага қўйдим. Бу нонни еган болаларнинг ичи қотиб қолиб шифохонага тушган. "Нон" асари тагига тафсилотини ҳам ëздим. Шунақа, бу Ўзбекистон деган мамлакатдаги қашшоқнинг ягона емиши дегам мазмундаги гаплар. Кўргазма очилишига Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги Берлиндаги элчиси Владимир Норов ташриф буюрди. Албатта, мен қўйган "асар" дипломатнинг таъбини тирриқ қилди. У бу экспонатни дарҳол олиб ташлашни расман талаб қилди. Кўргазма ташкилотчилари менга элчиликдан олинган норозилик мактубини кўрсатишди. Лекин асар кўргазмадан олиб ташланмади. Шунга ҳам шукр. Ана шундан кейин Ўзбекистон бадиий академияси ҳам Тошкентдаги Олмония элчихонасига мен яратган асарлар юзасидан норозилик мактуби юборди. Бу мактубларни кўргазмаларда намойиш қилиш ниятим бор.

Ҳожаҳмад, Тошкент: Ҳурматли Шуҳрат ака, Сизни рассом эмас, балки журналист сифатида танийман. Айтингчи, рассом ва журналист... бу соҳалар қанчалик бир-бирига мутаносиб? Менимча, рассомлик ва журналистик бошқа бошқа олам...

Шуҳрат Бобожон: Ҳожаҳмад саволингиз учун раҳмат. Энди журналистика бизга ота касб. Отамиз Ражаббой Бобожонов 40 йил Ўзбекистон радиосида мухбир бўлган. Вилоят телевидениесида "Телехасан" номи билан сатирик дастур бошловчиси бўлган. Онам телевидениеда машинкачи, газетада корректор бўлган. Тоғамиз Эгам Раҳим вилоят газетаси бош муҳаррири бўлган. Кичик пайтимда мен укам Қудрат билан вилоят телевидениеси коридорларида бекинмачоқ ўйнаб улғайганмиз. Аммо мен ëшлигимдан рассом бўлишни орзу қилдим. Телевидениеда бир рус рассоми ишлар эди. Мен у чизган карикатураларга кўп ҳавас қилганман. Тақдир тақозоси билан Горбачев ҳуррияти даврида журналистика билан шуғуллана бошладим. Илк мақолаларим Тошкентдаги илк мустақил ҳафталик "Муносабат"да босилди. 1994 йили укаларим билан телеканал ташкил қилганимден кейин журналистик маслак ҳаëтимдан асосий планга кўчди. Журналистика ва рассомлик бир биридан узоқ кўринади. Аммо бугунги рассом бутхона безовчи ëки китоб сайқалловчи музаҳҳибдан фарқланади. Протест рассомлиги деган жанр журналистикага яқин. Беларусда Алекс Пушкин деган рассом бор. У ўз ижодида диктатор Лукашенкони ҳажв қилади. Қозоғистонлик рассом дўстим Эрбўл Ибориҳимов асарлари ҳам журналистикага ўхшайди. Боя айтганимдек рассомлик мен учун ифода воситаси. Журналистика ҳам ифода воситаси.

Муҳаммад, Тошкент: "Озодлик" радиосида тайёрлаган эшиттиришларингизни тинглаб тураман. Айтингчи, Ўзбекистон ҳақида материал тўплаш осонми?

"Ўзбеклардаги ëмонини яшириб, яхшисини ошириш, деган гапга қўшилмайман. Ëмонини яширмаслик керак."

Шуҳрат Бобожон

Шуҳрат Бобожон: "Дард кўп, дармон йўқ, кўнгил саройи бўм-бўш кутилган султон йўқ," - деб ёзади шоир Муҳаммад Солиҳ. Бу Ўзбекистондаги ҳолатнинг поэтик тасвири. Дардмандлар кўп. Ўзгариш кутаëтганлар кўп. Айнан улар билан кундалик суҳбатлар асносида Ўзбекистондаги манзарадан воқиф бўламиз. Боз устига, ижтимоий тармоқлар бор. Твиттер. Фейсбук. Скайп. Ўзбекистондан ахборот олишни қулай қиладиган яна бир жиҳат бор. Бугун ўзбекистонда ижод қилаëтган рассом¸шоир ва носирлар билан эскидан дўстлигимиз бор. Дўстларимиз мени ëт тутмай интервю беришади. Мен фурсатдан фойдаланиб улардан бир-икки нафарига миннатдорлик билдириб қўйсам. Булардан бири - рассом Вячеслав Охунов. Раҳмат шу кишига.

Азиз, Ню-Йорк: Шуҳрат, мен сизни анчадан бери биламан, фаолиятингизнинг айрим қисми билан танишман, шундан келиб чиқиб, сизга мана шу саволимни йўллайман: айтингчи, … умрингизда бирор марта, бирор кимсага нисбатан асоссиз туҳмат қилганмисиз?

Шуҳрат Бобожон: Азизжон, энди сиз ишлатган "асоссиз туҳмат" деган калима ғалати. Туҳмат фақат асоссиз бўлади. Журналист икки ëки ундан кўпроқ манбадан ахборотни тасдиқлаганидан кейин хабар ëйинлайди. Бу - универсал қоида. Бу қоидага доимо амал қилишга ҳаракат қиламан. Яна бир гап. Масалан Каримовни диктатор дейиш унинг қизи Лола Тиллаева назарида туҳмат туюлиши мумкин. Француз маҳкамасига кўра, бу - бор нарсани номи билан айтиш, холос.

Даврон, Тошкент: Ўзбекистонда кланлар тизими ёки маҳаллийчилик борасида фикрингиз…?

Шуҳрат Бобожон: Ўзбекистонда классик форматдаги кланлар тизими йўқ, деб ўйлайман. Уруғ – аймоқчилик, маҳаллийчиликдан кўра ëмонроқ ҳолат мавжуд. Мамлакат бошқарув элитасининг жиноят олами билан чамбарчас боғлиқлиги муаммоси. Шу маънода Ўзбекистонда фақат уруғ-аймоққагина мансуб бўлмаган гуруҳлар бор. Буларни шу пайтгача бир томонда "Зокир Алматов гуруҳи", яна бир томонда "Рустам Иноятов гуруҳи", марказда эса "Каримовлар оиласи" турган учбурчак деб таснифланар эди.

2005 йил Андижон воқеаларидан кейин "Алматов гуруҳи" тор-мор қилингани кузатилди. Демак, саҳнада Иноятов ва Каримовлар оиласидан иборат паритетни кўрамиз. Ўзбекистондаги бошқарувнинг шаффоф эмаслиги эса бу гапларни иддаога айлантиради.

Аҳмаджон Раҳимов, АҚШ: Ассалому алайкум, Шуҳрат ака. Саволим: Журналист холис ва ҳақиқатни баён қилиши керак деган ақида мавжуд, сиз қанчалик шу ақидага амал қиласиз? Тарафкашлик қилган ҳолатингиз бўлганми?

Шуҳрат Бобожон: Ассалому алайкум, Аҳмаджон. Менимча, сиз билан "Озодлик"нинг "Қурултой" эшиттиришида ҳамсуҳбат бўлганмиз. Энди саволингизга келсак, журналист мутлақ холис ва мутлақ тарафсиз бўлиши керак. Журналист худди кабел каби ахборотни ўз сегментига тез ва тўсиқсиз етказиб бериши керак. Бу қоида ëзилган "Универсал журналистика" деган китобнинг юзлаб нусхаларини 1997 йили Олмата шаҳридан олиб келиб, ўзбек журналистлари орасида тарқатганман. Бу китобдаги қоида борасида қозоқ журналисти Сергей Дуванов билан баҳслашганмиз. Дувановга кўра, бу қоида билан Шимолий Корея, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳақида ëзиш қийин. "Золимнинг мазлумни эзгани ҳақида хабар ëзар экансиз, пировардида мазлум тарафида турган бўлиб кўринасиз". Дувановнинг бу гапини кўп эслайман. Масалан, Ўзбекистонда мустақил телеканалда ишлаганда Бухородаги одамхўр оила Қораевлар суди ҳақида телелавҳа хозирлаганда мен одамхўр аëлга бетараф бўла олмаслигимни сездим.

Одилжон Маҳдумий, Ўш: Муҳтарам Шуҳрат Бобожон жаноблари! "Озодлик" радиосининг ўзбек хизмати, гўёки, Ўзбекистон ҳукумати сиёсатининг мухолифати учун ташкил қилингандек фаолият олиб боради. Нима учун ижобий томонлари кам ёритилади? Бунда сизларнинг Ўзбекистон давлатидан сиёсий важлар туфайли тазйиққа учраганинглар сабаб эмасми?

"Ўзбекистоннинг жорий раҳбарияти такрорлаëтган "Ўзбеклар демократияга тайëр эмас," деган гапни миллат учун таҳқир деб биламан."

Шуҳрат Бобожон

Шуҳрат Бобожон: Одилжон, бир пайтлар шоир ғам ҳақида ëзсинми ëки шодлик ҳақидами, деган мунозаралар бўларди. Бу мунозараларда шоирининг ўрни ғам билан шодлик ўртасидаги муаллақликда, деган хулосага келинган. Одилжон, агар дунë хабарларига назар солсангиз, фақат мудҳиш ходисалар ëритилганини кўрасиз. Масалан, бир учқич Приждан Лондонга эсон омон учиб борса, ҳеч ким ëзмайди. Мабодо, Худо кўрсатмасин, бу учқич портиллаб кетса, дарҳол хабар марказига тушади. Хабарчилик маслаги шунга асосланган. Инглизчада The Bad News Is Good News деган ибора бор. Ёмон хабар - аъло ҳабар, мазмунида. Агар ўқиëтган бўлсангиз, Ўзбекистондаги рассомлар, мусиқачилар эришган ютуқлар ҳақида ҳам "Озодлик" биринчилардан бўлиб ëзади. Ўзбеклардаги ëмонини яшириб, яхшисини ошириш, деган гапга қўшилмайман. Ëмонини яширмаслик керак.

Юсуф, Тошкент: Ўзбекистонда Каримов диктатураси мавжудлиги мамлакатимизда ҳам, хорижда ҳам тан олинган. Сизнинг фикрингизча, бу диктатурага қарши қандай амалий ҳаракатлар қилиниши керак?

Шуҳрат Бобожон: Юсуфжон энди диктуралар ҳар доим бўлган ва йиқитилган. Диктатурага қарши кураш усуллари бор. Мен диктатура баҳмал инқилоби воситасида йўқ қилинган Чехияда истиқомат қиламан. Бу инқилоб етакчиси марҳум ëзувчи Вацлав Ҳавелнинг "Кучсизларнинг кучли қуроли" ҳақидаги мақоласи ўзбеклар учун ҳам долзарб деб биламан. Ҳавел сўзларига кўра, кучсизларнинг бу қуроли - ҳақиқатни қўрқмасдан айтишдир. Агар, ҳар бир ўзбек тилини тиймасдан ҳақиқатни айта олсагина, диктатура заифлашиб, йиқилишига ишонаман.

Носир, Истанбул: Журналист ва зиёли инсон сифатида сўз ва матбуот эркинлигининг чегаралари қандай бўлиши керак деб ўйлайсиз? Яъни ғарбдаги чегарасиз эркинлар бизга ярашадими?

Шуҳрат Бобожон: Носиржон, ғарб услубидаги эркин матбуот ўзбекларга мутлақ ярашади, деган нуқтада қаттиқ тураман. Ахборотни ҳазм қилиш маъносида дунëдаги ҳамма одам бир хил. Барча холис ва ишончли ахборот олишни истайди. Ëлғон ва мафкуравий таҳсилдан барча бирдек тез чарчайди. Ўзбекистонда 1994 йилдан то 1999 йилгача мустақил телевидениеда ишлаб чиқарган ҳаëтий хулосам шу. Ўзбеклар ҳудди француз, ҳолланд, инглиз ва америкаликлар каби эркин матбуотга мутлақ ташна ва лойиқ. 1994 йилда биз кўчага камера ва микрофон кўтариб чиққанимизда одамлар биздан қочди. Чунки, улар назарида, журналист зулмнинг шериги эди. Аммо сал ўтмай улар видеокамера ва микрофоннинг улар учун минбар эканини тушуниб етишди. Микрофон ва камерага талпиниб ўз фикрини дадил айта бошлашди. Бу мен учун бир умрга татигулик сабоқ бўлди. Ўзбекистоннинг жорий раҳбарияти такрорлаëтган "Ўзбеклар демократияга тайëр эмас," деган гапни миллат учун таҳқир деб биламан.

Муҳаммадсаид, Амстердам: Шуҳрат ака, бугунги ўзбек мухолиф гуруҳларининг сиёсий фаолиятини қандай баҳолайсиз? Уларнинг истиқболи ҳақида қандай фикрдасиз?

Шуҳрат Бобожон: Муҳаммадсаид, мен сизга айтсам, Ўзбекистон дунëдаги энг диктатор тизим экани борасида кўпчиликнинг фикри бир ердан чиқади. Модомики шундай экан, бундай даҳшатли диктатурага қарши чиқаëтган ҳар бир шахс шараф ва хурматга лойиқдир. Истиқбол масаласида ҳам некбинман. 1986 йил Вилнюсда яшайдиган рассом дўстим менга бир мактуб йўллаган эди. Мактубда кичкина бир вирус динозаврни ҳалок қилгани ҳақида ëзилган эди. Ўз мактубида рассом дўстим эркинликнинг кичик истаги танклар устидан ғалаба қозонажагини таъкидлаган. Бу дўстимиз айтган гап тезда ижоб бўлиб, СССР ағдарилди. Шу маънода бугунги ўзбек режимини йўқ қиладиган вируснинг номи эркинлик эканига ишонаман. Бу эркинликка интилаëтганларнинг истиқболи порлоқ деб орзу қиламан.

Олим Акбаров, Ҳамбург: "Ўзбекистон Халқ Ҳаракати" фаолияти ҳақида қандай фикрдасиз?

Шуҳрат Бобожон: Мен бу ҳаракатнинг Берлин ва Прагадаги қурултойларида иштирок қилганман. Турли қарашдаги кучларнинг Ўзбеккистондаги режимни ўзгартириш каби мақсадда ҳамфикр бўлгани шоëн таҳсинга лойиқ. "Араб баҳори" деб номланган инқилоб шу тамойил боис муваффақиятга эришди. Олдин айтганимдек, Ўзбекистон дунëдаги энг диктатор тизим экани борасида кўпчиликнинг фикри бир ердан чиқади. "Ўзбекистон Халқ Ҳаракати"га кирган "Андижон-Адолат ташкилоти" Берлин қурултойидан сиëсий фаолиятдан четлашди. Бу ташкилот фаолларига Тошкентдан босим бўлган, деган иддао мавжуд. Ҳаракатнинг яна бир фаоли Фуад Шокирий отиб кетилди. Унинг ўлдирилиши ҳам ҳаракатдаги фаолияти оқибати эканига ишонилади. Ҳаракат Қурултойига ўз вакилларини жўнатган ва ҳаракат лидери Муҳамммад Солиҳ билан учрашган таниқли имом Обид қори Назаровга суиқасд уриниши ҳам, қайсидир маънода, сиëсий фаоллик билан боғлаб гапирилади. Шу маънода, мен "Ўзбекистон Халқ Ҳаракати"ни пистирмадан бош кўтаришга журъат этгани замон ўқларга нишон бўлган аскарга қиëслагим келади. Бошқа тарафдан улар Ўзбекистон учун янги синф бўлган мардикорлар қатлами билан ишлашга уринишмоқда. Бу ҳам тўғри олинган нишон. Тўғри таянч. 1917 йилда занжирларидан бошқа нарсани йўқотмайдиган пролетарлар Чор Россиясида инқилоб қилишган эди. Бу инқилобдан сал олдин пролетарлар дохийси Ленин: "Биз йўқсиллар кучига таяниб, подшоҳни ўз ўрнидан ағдарамиз," - дея таниқли олим Архимеднинг машҳур гапини сал ўзгартириб ифодалаган эди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.