BBC navigation

Президент Каримов Ўзбекистондаги ишсизлик муаммосини тан олди

Сўнгги янгиланиш 22 январ 2013 - 11:43 GMT

Жаноб Каримовнинг эътирофи унинг ўзи келтирган расмий рақамларга зиддир

Вазирлар Маҳкамасининг йил якунларига доир йиғинида гапирган Президент Каримов иқтисодий ўсишга доир кўплаб рақамларни келтириш билан бирга, жойларда ёшларнинг иш тополмай, сарсон бўлаётганликлари ва меҳнат муҳожирлигини эътироф этган.

18 январ куни ўтган ҳукумат йиғинида жаноб Каримов ўтган йилларда мамлакат таълим тизимини ислоҳ қилишга катта эътибор қаратилгани, аммо коллежларни битираётган ёшларнинг ишсиз қолиб кетаётганига жиддий аҳамият берилмаганини айтган.

Президент давлат идоралари ҳамда маҳаллий ҳокимиятларни ёшларни иш билан таъминлаш масаласида ёлғон ҳисоботлар беришда айблаган.

"Бу масалада қуруқ расмиятчилик ва ҳисоботлар берилган. Ҳокимлар буни яхши билади. Вазирлик ҳам буни назорат қилмаган", деб айтган жаноб Каримов Ўзбекистон телевидениесининг 1-канали орқали намойиш этилган ҳукумат мажлисида.

Унга кўра, коллеж битирувчилари "ўз ҳолига ташлаб қўйилган".

"Агар бизнинг одамларимиз Россияда фақат фаррошлик қилаётган бўлса, бу халқимиз учун шармандали бир ҳол"

Президент Каримов

"Уч йил ўқиб, мутахассис бўлган коллеж битирувчиси қаердан иш топади?" дея хитоб қилган Президент ҳукумат мулозимлари ва вилоят ҳокимларига.

"Мен болаларимизнинг иш қидириб сарсон бўлишини тасаввур ҳам қилолмайман",- деган жаноб Каримов.

У маҳаллий иш берувчиларни ёшларга иш ўринлари яратиш, уларни тайёргарликдан ўтказиш ва яхши маош ҳамда уй-жой билан таъминлашга чақирган.

Президентга кўра, шундагина мамлакатда ижтимоий адолатни таъминлаш мумкин.

"Биз адолат ва демократик давлат ҳақида баландпарвоз сўзларни ишлатамиз. Аммо шу ҳаётда адолатни ўрнатмас эканмиз, бу сўзлар бир тийинга ҳам арзимайди", -деган Ислом Каримов.

Айни йиғинда у мамлакат бош прокурорига ишсизлик борасида нотўғри ҳисобот бераётган раҳбарларни жазолашни буюрган, аммо бундай ҳисобот берган биронта мулозим номини тилган олмаган.

Меҳнат муҳожирининг ўлими

Хабарларга кўра, Президент Каримов ҳукумат йиғинида ўтган ҳафта Москвада ўлдирилган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирининг тақдирига ҳам тўхталган.

Ўзбек фуқароси экани хабар қилинган фаррошнинг жасади 13 январ куни ярим тунда Москва марказидаги уйлардан бирининг ҳовлисида топилган.

Россия полициясининг билдиришича, марҳумнинг кўкрак қисмида пичоқ яралари аниқланган.

Полиция исми-шарифи келтирилмаган Ўзбекистон фуқаросининг ирқчилик ҳужуми қурбони бўлиши мумкинлигини айтган.

Узметроном нашрининг иқтибос келтиришича, Президент Каримов ўзбекистонлик фаррошнинг ўлими ҳақида Россия телеканали орқали хабар топган.

"Нима учун у Россияга борган?. Нима, бу одам ўз уйида Москвадаги фаррош топган пулни тополмайдими?", дея савол қўйган жаноб Каримов.

Узметроном шунингдек, Президентнинг "агар бизнинг одамларимиз фақат фаррошлик қилаётган бўлса, бу халқимиз учун шармандали бир ҳол", деган сўзларини ҳам келтирган.

'Иқтисодий ўсиш'

Жаноб Каримовнинг ёшлар орасида ишсизлик ва меҳнат муҳожирлари ҳақида айтган сўзлари иқтисодий ўсишга доир у келтирган рақамларга зиддир.

Президент ўтган йили Ўзбекистон иқтисоди 8.2 фоизга ўсгани, аҳолининг турмуш фаровонлиги янада яхшиланганини айтган.

Жаноб Каримовга кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳаларга йўналтирилган.

Таҳлилчилар Ўзбекистон иқтисодининг ёпиқлиги ва расмий рақамлар ҳақиқий аҳволни акс эттирмаслигини айтишади.

Жумладан, мамлакатда ишсизларнинг ҳақиқий сони қанча экани борасида аниқ рақамлар йўқ.

Шунингдек, ҳукумат хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг сони борасида ҳам ҳеч қандай маълумотни ошкор этмайди.

Мустақил иқтисодчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, асосан Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик муҳожирлар юбораётган маблағлар мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 15 фоизини ташкил этади.

Уларга кўра, айнан шу маблағлар сўнгги йилларда ўзбек сўмини бутунлай барбод бўлишдан асраб қолган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.