BBC navigation

Ўзбекистонда эркин иқтисодий ҳудуд барпо қилинади

Сўнгги янгиланиш 24 январ 2013 - 13:16 GMT

Ўзбекистонда учинчи эркин иқтисодий саноат ҳудудини ташкил этишга қарор қилинган.

Расмийларга кўра, Навоий вилояти ва Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида тузилган эркин иқтисодий саноат ҳудудлари кўнгилдагидек даромад келтирмоқда.

Президент Каримов сўнгги маърузасида айтилишича, Навоийда ҳозир 12 та корхона фаолият юритмоқда ва ўтган йили улар 80 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарганлар.

Хўш, Ўзбекистондаги эркин иқтисодий ҳудудлар қанчалар самарали?

Биз ушбу саволни Ўзбекистондаги эркин иқтисодий ҳудудлар мавзусида қатор таҳлилий мақолалар эълон қилган мустақил иқтисодий таҳлилчи Алишер Таксановга бердик .

Таксанов: Эркин иқтисодий ҳудудлар фақат депрессив - иқтисодий аҳволи ночор ҳудудларда ташкил қилинади. Яъни иқтисоди ривожланмаган худудларда узок йиллар, 50-100 йилга эмас, балки қисқа муддатда иқтисодни кўтариш максадида барпо этилади. Иқтисодни кўтариш учун махсус шароитлар яратилади. Жумладан солиқлар камайтирилади ва бошка имтиёзлар берилади. Албатта бундай шароитлар минтақанинг бошқа жойларидагидан фарқ қилади. Бу капитал ва хориж сармояларини жалб қилиш ва минтақа учун сезиларли даромад келтириш максадида қилинади. Мисол учун Ўзбекистонда Қорақалпоғистон, Хоразм энг иктисодий ахволи ночор минтакалар хисобланади. Бизда эса энг қизиғи эркин иқтисодий зоналар энг ривожланган жойларда барпо этилади. Масалан Навоий вилоятини олинг. У ерда газ хам, олтин конлари, бошқа саноат корхоналари хам яхши ишлаб турипти ва маҳсулот ишлаб чиқариш республикада энг юқори, ҳатто Тошкентдан баланд. Шундай экан у ерда нимага эркин иқтисодий зона қуриш керак? Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, маҳсулотларни бутунлай бошқа мақсадларда ишлатиш, яъни маҳсулотларни хорижга жуда паст тарифларда, арзон экспорт пошлиннаси билан чиқариш ёки умуман экспорт пошлиннасиз олиб чиқиш максадида Навоийда бундай худуд тузилган. Бошқа сўз билан айтганда, Ўзбекистонда эркин иқтисодий зона "қора ёриқ", яъни у ердан хеч бир тўсиқсиз маҳсулотларни, масалан олтин, уран ва бошқаларни олиб чиқиш мақсадини кўзлаб тузилган, деган фикр туғилади.

(Яъни булар шундай маҳсулотларки, четга ҳеч бир муаммосиз сотиш мумкин. Бундан ўша минтақага қанча фойда тегади. жуда кам, мисол учун 90 тонна олтин чиқарадиган Навоий учун арзимаган миқдорда бўлади. Бундай иқтисодий зоналар аҳолига хизмат қилиш, инфратизимни яхшилаш, ишчи ўринларини кўпайтиришдан кўра, маҳсулотларни ташқарига олиб чиқишга кўпроқ эътибор қаратилган бўлади.)

Би-би-си: Ўзбекистондаги эркин иқтисодий ҳудудлар шаффоф эмаслиги хакидаги фикр биринчи марта айтилаётгани йўқ. Нега бундай шубҳалар пайдо бўлган, деб ўйлайсиз?

Таксанов: Бундай иқтисодий худудга талаб минтақанинг талабидан келиб чиқади. Мисол учун қолок вилоят нимага эҳтиёж борлиги, нима ишлаб чиқармокчи эканини айтиб ҳукуматга таклиф билан чиқиши керак. Лекин президент фармонига кўра, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг таклифи билан шундай ҳудуд тузишга қарор қилинар эмиш. Бу ерда ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг нима алоқаси бор? Мен "Ўзбектуризм" ширкатида ишлаганимда бир неча бор Самарқанд, Хива, Бухорода сайёҳлик салоҳиятини ошириш мақсадида у ерларда эркин иқтисодий зоналар очишга ҳаракат қилган эдик. Лекин бизнинг лойиҳаларимиз тўхтаб қолди, ёки рад қилинди. Сўнгра бирданига Навоийда иқтисодий зона очилишига қарор қилинди. Бундан келиб чиқадики, Ўзбекистонда аввал ресурсларни ташқарига олиб чиқиш режаси тузилади, кейин бундай худуд яратилади. Шунинг учун хам бундай иқтисодий худудлар нима билан шуғулланаётгани яширилади.

Би-би-си: Президентнинг сўнгги маърузасида Навоийдаги иқтисодий зонада 12 корхона 80 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаргани айтилади. Бу рақам бу каби иқтисодий зона учун кўпми ёки камми?

Таксанов: Бу кулгили. 12 та корхона учун бу рақамни ҳеч бир самарали деб бўлмайди. Агар 80 миллиард сумни долларга айлантирилса, арзимаган пул булади. Буни минтақанинг эркин иқтисод зонаси бўлмаган жойида ҳам қилиш мумкин.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.