BBC navigation

Сўх: Риштондаги чегара ёпиқ қолмоқда. Қувасой ўтиш нуқтасидан ёрдам ўтказилмоқда

Сўнгги янгиланиш 25 январ 2013 - 10:52 GMT

Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида анклавларга инсонпарварлик ёрдамини етказиш учун чегараларни очиш ҳақида келишувга эришилганидан сўнг ҳам Риштон туманидаги Сўхга олиб борувчи йўлдаги постлар ёпиқ қолмоқда.

Лекин Сўх анклавидан 100 чақиримча узоқликда жойлашган Қувасой ўтиш нуқтасидан инсонпарварлик ёрдами ўтказила бошлангани ҳақида хабарлар бор.

Бир неча юк машинасига юкланган ёрдам Сўх анклавигами ёда Шоҳимардонга йўналганми аниқ эмас.

Маҳаллий манбаларга кўра, Риштон ўтиш нуқтаси яқинида бир неча кундан бери кутиб турган қатор юк машинлари ўтган кеча Қувасой чегара пости томон йўл олганлар.

Аммо уларнинг чегарани кесиб ўтганларини тасдиқлаш ҳозирча имконсиз.

Хабарларга кўра, инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистон ҳукумати кўрсатмаси билан Фарғона вилояти маъмурияти томонидан ажратилган.

Чегара пости томон йўл олган машиналарда дори-дармон, пахта ёғи, шакар ва ёқилғи борлиги айтилган.

Риштонлик журналистнинг Би-би-си билан суҳбати

Риштонлик журналистнинг Би-би-си билан суҳбати

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Қирғизистон расмийлари ҳам Шоҳимардон йўналишидаги Қувасой ўтиш нуқтаси иноснпарварлик ёрдами учун очилганлигини тасдиқлаганлар.

Қирғизистон Давлат Чегара Хизмати томонидан 25 январ куни чиқарилган баёнотда айтилишича, икки мамлакат чегара хизматлари ўртасида ўтказилган музокаралар натижасида Қирғизистоннинг "Барак" ва Ўзбекистоннинг "Сўх", "Шоҳимардон" анклавларига инсонпарварлик юкларини етказиш борасида келишувга эришилган.

Баёнотда инсонпарварлик юклари ортилган машиналар давлат чегаралари томон йўлга тушганлиги айтилади.

Айни вақтда Сўх анклави яшовчиларининг айтишларича, йўллар ёпилганлиги туфайли ҳануз ташқи дунёдан ихоталаниб қолганлар.

Ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида бензин йўқ. Ичимлик суви етишмовчилиги кузатилмоқда.

Би-би-си билан суҳбатда январ ойи бошидаги ҳодисалар марказида бўлган "Ҳушёр" қишлоғи яшовчисининг айтишича, ҳозирча уларга бирон инсонпарварлик ёрдами етиб борганча йўқ.

Сўхликлар: 'Йўллар ёпиқ. Ҳеч қаерга чиқолмаймиз'

Сўхликлар: 'Йўллар ёпиқ. Ҳеч қаерга чиқолмаймиз'

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Шу йил 6 январ куни хабар берилишича, Қирғизистон чегарачилари Сўх анклави ҳудудида симёғоч ўрнатишга ҳаракат қилган вақтлари маҳаллий аҳоли норозилик билдирган.

Баъзи тасдиқланмаган хабарларга кўра, бунга жавобан қирғиз чегарачилари ўқ очиб беш нафар Ўзбекистон фуқаросини жароҳатлаганлар.

Бундан ғазабга келган Сўх туманининг Ҳушёр қишлоғи яшовчилари Қирғизистон ҳудудидига ўтиб, бир неча машиналарга ўт қўйган ва 10 дан ортиқ қирғиз фуқароларини гаровга олишган.

Гаровга олинган Қирғизистон фуқаролари кейинчалик озод этилган.

Ҳодисалар ортидан Қирғизистон Сўх анклавига олиб борувчи йўлда жойлашган чегара-ўтиш нуқталарини беркитганди.

Кейинчалик Ўзбекистон ҳам қатор чегара ўтиш нуқталарида Қирғизистон фуқаролари учун ҳаракатни чеклади.

22 январ кунидан бошлаб эса қирғиз чегара хизмати Ўзбекистон Қирғизистон билан темирйўл ўтиш нуқталарини ҳам ёпиб қўйганини маълум қилган.

Айни вақтда Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Қирғизистоннинг Барак анклави атрофидаги чегара нуқталари ҳам январ ойи ўрталаридан бери ёпиб қўйилгани ва у ердаги аҳоли ҳам "қамал" ҳолатида қолгани хабар берилганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.