BBC navigation

Ўзбекистонлик ўзбек қизига ошиқ афғон йигитининг боши нега қотган?

Сўнгги янгиланиш 26 январ 2013 - 12:42 GMT

Яқинда севган қизи билан учрашиш учун Амударёни кечиб, Ўзбекистонга ўтгани билан тилга тушган Абдулназарбекнинг айтишича, энди қандай тўй қилишини билмай боши қотган.

Яқинларига кўра, ошиқ йигитнинг никоҳ тўйи уёқда турсин, ҳатто, Ўзбекистон визасини олишга ҳам пули йўқ.

18 ёшли Абдулназарбек шимолий Жаузжон вилоятининг Амударё соҳилига яқин Шўр тепа туманидан. Асли туркман. Камбағалгина бир оиладан.

Бойлиги ёки оиласининг обрўси эмас, балки ўзбекистонлик тикувчи қизгинани тасодифий телефон қўнғироғи орқали ғойибона севиб қолиб, кўплаб маҳаллию хорижий оммавий-ахборот воситаларининг эътиборига тушган.

Ўзбекистонлик ўзбек қизи Саломатни деб, бутунбошли асов дарёни писанд билмаган афғонистонлик ошиқ йигитнинг довруғи бугун дунёнинг кўплаб давлатларига ёйилган.

Абдулназарбекнинг айтишича, Ўзбекистонга ноқонуний ўтгани учун ўзини Термезда ҳибсга олишган ва бир неча кундан сўнг, севган қизи уни ҳибсхонадан олиб чиқиб кетишга муваффақ бўлган.

"Собиқ маҳбус" ўзбекистонлик севган қизининг уйида бир ҳафтача бўлиб, сўнгра "Ҳайратон" бандаргоҳи орқали Афғонистонга қайтган.

Бошларидан кечган шунча кечмишлардан сўнг ошиқу машъуқларнинг висол тўйларига кўз тикаётганларнинг сони ҳам озмунча бўлмагани тайин.

"Севган қизимга уйланиш нафақат ёлғиз мен, балки онам ва акамнинг ҳам ягона орзуси. Лекин бунга қўлимиз калталик қилмоқда. Нима қилишимни билмай, бошим қотиб қолган", дейди ошиқ йигит мен билан суҳбатда.

"Фақирлик қурсин..."

Абдулназарбекнинг отаси ўлиб кетган ва ҳозир деҳқончилик орқасидан кун кўришади.

Ҳосил бир йил яхши бўлади, бошқа йил эса, ҳаминқадар. Топган пуллари кундалик тирикчиликдан ортмайди.

Агар, Абдулназарбекнинг сўзларига қаралса, тўй қилиш учун камида 3.000 АҚШ доллари керак.

"Биз эса, уччовлашиб, шу пайтгача 500 доллар ҳам йиғолганимиз йўқ", дейди у.

Мен Абдулназарбекдан ўзбекистонлик севган қизи ҳақида ҳам бироз маълумот беришини сўрайман.

"У қизнинг ёши 19 да. Мактабни битириб, тикувчилик қилади. Севган қизим билан телефон орқали ҳар куни бир неча марта гаплашиб турамиз. Бусиз иложи йўқ. Менинг иложим бўлмаганда, унинг ўзи менга қўнғироқ қилади", дейди у.

"Севган қизингиз сиздан бир ёш катта экан-ку", деган саволимга эса, "Севги ёш танламайди", дея жавоб қилди.

Мен ошиқ йигитни кўп уялтирмаслик мақсадида унинг акаси Муҳаммад билан ҳам боғланишга муваффақ бўлдим.

Муҳаммаднинг айтишича, бўлажак келинларининг оиласи даъватномани шу бугуннинг ўзида юборишга ҳозир.

Аммо, бугунги молиявий аҳволлари Ўзбекистондан келин келтириш уёқда турсин, ҳатто, ўзбек визасини олишга ҳам етмайди.

Лекин, шунга қарамай, виза олишга пули бўлмаган афғонистонлик ошиқ йигит ўзбекистонлик тикувчи севгилисига уйланиш орзусидан воз кечмабди.

Абдулназарбекнинг энг сўнггида менга айтишича, "ишқилиб, бир амаллаб пул топиб, шу йил ёзда тўй қилиш умидида".

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.