BBC navigation

Сўхликлар: ёрдам етиб келди, 5 кг ёғ, биттадан кир совун тарқатишди

Сўнгги янгиланиш 28 январ 2013 - 14:17 GMT

Ўзбекистон ва Қирғизистон Барак, Божой, Шоҳимардон ва Сўх ҳудудларига инсонпарварлик ёрдамларини ўтказишга келишганлар.

Ўзбекистоннинг Қирғизистон ичкарисидаги Сўх анклавида истиқомат қилаётган одамларнинг айтишларича, икки мамлакат расмийларининг чегараларни очишларини кутиб яшамоқдалар.

Ўзбекистон ва Қирғизистон расмийлари Боткенда учрашиб икки мамлакат ўртасидаги чегараларни қайта очишга қаратилган музокараларни давом эттиришган.

Жума куни икки томон Барак, Божой, Шоҳимардон ва Сўх ҳудудларига инсонпарварлик ёрдамларини етказиб беришга келишганлари хабар қилинган.

Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегаралар январ бошида Сўхда юз берган тўқнашувлар ортидан ёпиб қўйилганди.

Маҳаллий аҳоли ичимлик суви танқислигидан қийинчиликка дуч келаётганларини айтмоқдалар.

Сўхдаги аҳоли истиқомат қиладиган масканларга сув Қирғизистон ҳудудидан ўтиб келади.

Можаролар ортидан анклав қишлоқларига сув йўли ҳам бекитиб қўйилгани хабар қилинган.

Сўхнинг Ҳушёр қишлоғида истиқомат қилувчи кишининг Би-би-сига айтишича, икки томон расмийлари юкларни ўтказишга келишиб олганларидан икки кун ўтиб, хонадонларга ёғ ва кир совун тарқатиш бошланган.

"Ҳар бир оилага 5 килограмм ёғ ва биттадан кир совун беришди. Сўх ҳам катта, шунинг учун унни кимга қанчадан бериш кераклигини тақсим қилганларидан кейин тарқатишни бошлашса керак", деб айтди Ҳушёр қишлоғилик киши.

Шунингдек, сўхликлар ўзларига чекланган миқдорда ёқилғи ҳам тарқатилаётганини айтишмоқда.

Сўх анклави яшовчилари ўзларининг картошка-пиёзлари ёки олмаларини Риштон туманидаги бозорга олиб бориб даромад кўришган, чегаралар ёпиб қўйилганидан кейин бундай имкониятдан маҳрум бўлиб қолганлар.

"Риштон бозорига ўзимизнинг картошкамиз ёки олмамизни олиб бориб сотиб, кейин пулига бошқа ўзимизга керакли нарсаларни сотиб олиб келардик. Ҳозир одамлар ана шундан қийналишаяпти", дейди Ҳушёр қишлоғи яшовчиси.

Унинг айтишича, 6 январдан буён анча сондаги сўхликлар Риштон тумани ва Фарғона вилоятининг бошқа жойларида қолишмоқда, уларга ҳам инсонпарварлик ёрдамлари тарқатилган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.