BBC navigation

Ўзбекистонда Olam.uz веб-сайти ёпилган

Сўнгги янгиланиш 29 январ 2013 - 12:05 GMT

Olam.uzда эълон қилинган мақолаларга Ўзбекистон шароитида эркин қарашдаги шарҳлар қолдирилиши кўпчиликни ҳайратлантираётган эди.

Бундан ўн кун олдин -19 январ куни Olam.uz веб-саҳифасида рус тилида "Сайтда техник ишлар амалга ошириляпти. Вақтинчалик ноқулайлик учун кечирим сўраймиз", деган ёзув пайдо бўлган ва кўпчилик сайт бугун ё эрта очилиб қолади, деб умид қилган эдилар.

Кейинроқ веб-саҳифа ва порталнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ишламаслиги ҳақида хабарлар чиқди.

Сайт раҳбарияти буни техник сабабларга боғлиқлиги билан изоҳлаган.

Кеча CA-NEWS веб-сайтида Олам.уз ёпилишига уларга қарши жиноий иш очилгани сабаб бўлгани ҳақидаги хабар эълон қилинди.

Марказий Осиё янгиликларини тарқатадиган CA-NEWS бу хабарни ўз манбасидан олганини айтган.

Унга кўра, портални очишда моддий кўмак берган ширкат, шунингдек сайтнинг бош муҳарририга қарши ўтган йилнинг ноябр ойида жиноий иш қўзғатилган.

Уларга нисбатан хориж давлатига Ўзбекистонга душманлик қилишда кўмаклашиш, хиёнат, жосуслик, бузғунчилик, давлат сирлари акс этган ҳужжатларни йўқ қилиш каби бандлар бўйича айбловлар қўйилган, деб ёзади CA-NEWS.

Olam.uz шунингдек, ўз саҳифасида "муаллифлик ҳуқуқларини бузган ҳолда" Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги хабарларидан манбасини кўрсатмай фойдаланган, деган айблов борлиги ҳақида ҳам веб-сайт хабар қилади.

Яккасарой туманида жойлашган фирма идорасидан ўтган йилнинг декабр ойида барча асбоб ва техник воситалар олиб қўйилган. Шунга қарамай, Олам.уз сайти бир қанча вақт ўз фаолиятини давом эттирган.

Сайтга тегишли мол-мулк "Муаллифлик ва унга таалуқли ҳуқуқлар ҳақида" қонунига асосан , муаллифлик ҳуқуқини бузганлиги учун мусодара этилгани билдирилган.

Olam.uzнинг Фейсбукдаги саҳифасида фойдаланувчилар сайт қачон ишга тушиши мумкинлиги ҳақида сўраб, унинг нима учун ёпилгани ҳақида ўз тахминларини ёзишган.

Фойдаланувчилардан бири "Техник муаммо бу қадар узоқ давом этиши мумкин эмас. Сизларни ёпишдими?" деб сўраган.

Бошқа бир ўқувчи сайтнинг ёпилиши ҳақида "Фақат уларнинг ўзига ва яна баъзи бирларга маълум нима бўлгани", деб ёзади.

Бугун биз Тошкентдаги қатор журналистлар билан суҳбатлашдик. Кўпчилик учун ўтган йили Гулнора Каримованинг жамғармаси томонидан мукофот олган веб-сайт билан бундай воқеалар юз бераётгани тушунарсиз эканини айтишмоқда.

Бизнинг суҳбатдошларимиз чиндан ҳам Олам нуқта уз ижодкорларига айғоқчилик сингари овозали айблов сурилгани ҳақидаги ахборотни тасдиқлайдиган маълумотни қўлга кирита олмаганини айтишди.

Сайт рус тилида бўлганига қарамасдан, ўзбек ўқувчилари орасида яхши танилиб улгурган.

Olam.uz сайти шу пайтгача Ўзбекистонда энг кўп кириладиган веб-саҳифалардан бўлиб, кунига 26 минг киши ташриф буюргани айтилади.

Шунингдек, бу веб-саҳифада эълон қилинган мақолага фикр қолдириш мумкинэди, бу форумларда анча эркин қарашдаги шарҳлар қолдирилиши кўпчиликни ҳайратлантираётган эди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.