BBC navigation

Сўз эркинлиги ҳисоботида Ўзбекистон охирги ўринлардан бирида

Сўнгги янгиланиш 30 январ 2013 - 15:26 GMT

Ҳисобот Ўзбекистон ҳукумати интернет устидан назоратни кучайтирганини айтади

Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг 2012 йил учун ишлаб чиққан матбуот эркинлиги ҳисоботида Ўзбекистон 164-ўринга тушган. Бу унинг 2011 йил ҳисоботидаги ўрнидан яна етти мавқега тушганини англатади.

Ўзбекистон бу йилги ҳисоботда охирдан 15-ўринни эгаллаган. Энг охирги ўринларда эса Туркманистон, Шимолий Корея ва Эритрея.

Ҳисоботнинг Марказий Осиёга бағишланган қисми "Рўйхат туби: Туркманистон ва Ўзбекистон журналистлар учун дахшатли жойлигича қолмоқда" деб номланади.

Унда ёзилишича, Ўзбекистон ва Туркманистонда йилдан йилга деярли ҳеч қандай ўзгариш кўзга ташланмайди.

"Президент Ислом Каримовнинг ёвуз диктатураси интернет устидан назоратни кучайтирди, матбуот устидан назоратни қаттиқ ушлаб турибди ва ўнлаб журналистларни ўта ёмон шароитларда қамоқда сақлашда давом этаяпти", - дейилади ҳисоботда.

Кўп-партиявийлик ва сўз эркинлиги эълон қилинишига қарамай, ҳисоботга кўра, Туркманистонда ҳам ҳеч қандай ўзгариш юз бергани йўқ ва у Шимолий Корея ва Эритрея каби матбуот душманлари билан рўйхат тубида қолаяпти.

Биринчи ўринни, ўтган йилдаги каби, Финляндия эгаллаган. Иккичи ва учинчи ўринда - Голландия ва Норвегия ўтган йилги мавқеларини алмашганлар.

Чегара билмас мухбирлар минтақавий лидер деб кўрилган мамлакатлардаги сўз эркинлиги рейтингини тушиб кетганига ишора қилишади.

Россия (148-ўрин) билан бир қаторда, Бразилия, Ҳиндистон, Хитой ва Туркияда сўз эркинлиги вазияти ёмонлашган.

154-ўриндаги Туркия, айниқса ҳукуматни курдлар масаласида танқид қилувчилар кўзда тутилган ҳолда, "журналистлар учун энг катта қамоқхона" дея номланган.

Ҳисоботда Молдавия 55-ўрин, Арманистон - 74, Гуржистон эса 100-ўринларни эгаллашган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.