BBC navigation

'Ўзбекистон ноқонуний муҳожирликка қарши курашмоқчи'ми?

Сўнгги янгиланиш 31 январ 2013 - 13:15 GMT

Ўзбекистон МДҲга аъзо давлатлар ўртасида ноқонуний муҳожирликка қарши ҳамкорликда курашишга оид шартномага қўшилмоқчи.

Бугун Ўзбекистондаги оғир иқтисодий шароит ва сиёсий тазйиқлар сабаб ноқонуний муҳожирликка юз тутган фуқаролари сони миллионлабдир.

Ўзбекистондан олинган сўнгги хабарларга кўра, бу хусусдаги қонун лойиҳаси яқинда мамлакат қуйи парламенти томонидан тасдиқланган ва энди кўриб чиқиши учун Сенат ихтиёрига ҳавола этилади.

Расмий изоҳларда айтилишича, янги қонуннинг қабул қилиниши ноқонуний муҳожирлик билан боғлиқ бугунги таҳдидларга қарши самарали курашга ёрдам беради.

Аён бўлишича, Ўзбекистон қўшилиш ҳаракатида бўлган шартнома ноқонуний муҳожирларни депортация этиш механизмини ишлаб чиқишда биргаликда иш олиб боришни ҳам кўзда тутади.

Ўзбекистондаги меҳнат муҳожирлиги муаммосини яқиндан кузатиб келаётган Эксперт Ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоилов сўнгги янгилик ортида бир қанча сабаблар ётган бўлиши мумкин дейди.

Унга кўра, ҳукуматни сўнгги йилларда Қозоғистон ва Россияда ноқонуний меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқароларининг аянчли аҳволга тушиб қолаётганликларига оид хабарлар ҳам бунга мажбур қилаётган бўлиши мумкин.

"Бошқа томондан, ўзбекистонлик масъуллар яқинга келиб, одам савдосига қарши курашни ҳам кучайтиришган. Балки, одам савдосига боғлиқ депортация ҳолатларини ҳуқуқий тарафдан бошқариш истаги Ўзбек ҳукуматини бунга ундаётгандир", дейди эксперт.

Суҳроб Исмоилов, ўз ўрнида, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида расмий Тошкентнинг сўнгги саъй-ҳаракатлари ортида бевосита деб айтиб бўлмаса-да, яна бир сабаб ётган бўлиши мумкин дейди.

"Ўзбекистон ҳукумати учун бу шартномага қўшилиш - ноқонуний босимлар ва сиёсий важлар асосида очилган жиноий ишлар сабаб мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлаётган фуқароларни тутиб келиб, тергов идораларига топшириш учун яна бир қулай восита бўлиши мумкин. Бу каби инсонларнинг сони эса, йил сайин ортиб бормоқда":

Суҳроб Исмоилов

Ўзбекистондаги Эксперт Ишчи гуруҳи раҳбари билан суҳбат.

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Эксперт Ишчи гуруҳи раҳбари янги қонуннинг аксаран ноқонуний муҳожирлик жараёнидан келиб чиқаётган оқибатлардан фақат биттасини ҳуқуқий жиҳатдан бошқаришга қаратилганига ҳам эътиборни тортади.

Унинг айтишича, "агар ҳукумат ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига ҳақиқатда ёрдам бермоқчи бўлса, улар маблағлари хавфсизлигини қонун билан таъминлаш, пул топаётган давлатларида суғурта ширкатлари очиш, элчихоналарида меҳнат муҳожирлари масаласи бўйича иш юритувчи атташелар лавозимини жорий этиш лозим".

Ўз сўзларида давом этаркан, ўзбекистонлик эксперт, "ҳозирчалик биз буни ҳукуматнинг сиёсатида ҳам, қонуний акстларида ҳам кўрмаяпмиз", дейди.

Сўнгги йилларда яқин ва узоқ хорижда ноқонуний меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқароларининг сони жадаллик билан ортиб бораркан, Ўзбек ҳукуматини улар ҳуқуқларини қонунан таъминлаб қўйишга ундовчи даъватлар ҳам кучаймоқда.

Аммо, маҳаллий кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати меҳнат муҳожирлиги кўз юмиб бўлмайдиган ҳолат эканини ҳануз тан олмаган ва Ташқи меҳнат муҳожирлигига оид қонун лойиҳаси 2005 йилдан бери муҳокамада.

Биргина Қозоғистону Россиянинг ўзида ноқонуний меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқароларининг сони бугун миллионларни ташкил этаркан, уларнинг қуллик ҳолларига тушиб қолишлари, ҳуқуқсизлик орқасидан турли ноинсоний муносабатларга дуч келишаётганига оид хабарлар ҳам оз эмас.

Энг сўнггида бир неча йилдан буён Россияда меҳнат муҳожирлигида банд ўзбекистонлик суҳбатдошимизнинг айтишича, бу каби муаммога қарши курашмоқ лозим, аммо бу икки томонлама ва замонга мос тарзда олиб борилмоғи керак:

Расмий хабарларда эса, Ўзбекистон парламенти Олий палатаси янги қонунни қачон кўриб чиқиши санаси аниқ кўрсатилмаган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.