BBC navigation

Ўзбек меҳнат муҳожирларининг тақдири алоҳида кўргазма ташкил қилишга ундади

Сўнгги янгиланиш 2 феврал 2013 - 15:41 GMT

Олма ота шаҳрида Қозоғистонда юрган меҳнат муҳожирлари ҳаётига бағишланган “Бизга бегона бизникилар” фотосуратлар кўргазмаси бўлиб ўтди.

Фотогроф Валерий Калиев томонидан туширилган 30 ортиқ расмларда асосан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ҳаёти акс эттирилади. Бу суратларда Қозоқ далаларида пахта тераётган аёллардан тортиб, қурилишларда оғир меҳнат билан шуғулланаётган эркаклар ва ҳатто йирик шаҳарларда стриптизга рақс тушувчи қизларни учратиш мумкин.

18 ёшли Муаттар Қозоғистоннинг жанубидаги даларда пахта теради. Фотогроф Валерий Калиев пахта даларига қилган сафарида унинг хиргойисини эшитиб қолади, "микрофонга куйлаб бер", деган гапини эса, рус тилини билмайдиган Муаттар тушунмайди. Шунда ўзбек тилини билмайдиган фотограф имо-ишора билан ва ўзи куйлаб кўрсатиб Муаттарнинг овозини ёзиб олади.

Ошиқларни кўрса кўзда ёш,
Ўз ёрига этолмайди фош.
Яшар мангу юрагида тош
Муҳаббати армон бўлганлар,

дея куйлайди қизгина.

Валерий Калеев фотоаппарати объективига тушган ўзбек меҳнат муҳожирлари русча ёда қозоқчани билмаслиги мумкин, аммо уларнинг арзон меҳнати иш берувчилар учун жуда асқотади.

Оқ ва қора рангда ишланган расмларда тўкин ва фаровон ҳаётни кўрмайсиз, балки ҳавас қилмас шароитларда ишлаб юрган меҳнат муҳожирларини кўрасиз. Қарағандалик фотогроф Валерий Калиевни ҳам ушбу мавзуни танлашига айнан меҳнат муҳожирининг нотабиий ҳаёт тарзи сабаб бўлган.

Калиев бир таниши офисини таъмирлаётган фарғоналик меҳнат муҳожири билан суҳбатда унинг ҳаёти билан қизиқади.

“У уйга бир йилда икки марта боришини ва бир ёки икки ҳафта бўлишини айтди. Фарғонада унинг оиласи катта экан. Ота-онаси, опа-сингиллари ва аёли ҳамда фарзандлари. Ҳаммаси бир уйда туришади, яшаш учун дўкондан озиқ-овқатни насияга олишади. У уйига борганда дўконга кириб 6 ой давомида тўпланиб қолган қарзларни тўлайди. Пул фақат ортга қайтишга етадиган даражада қолади. Келаси 6 ой яна Қозоғистонда ишлайди ва топганини яна қарзга беришга сарфлайди. Бу ҳолат мени жуда ҳам таъсирлантирди”, - дейди Валерий Калиев.

Калиев қаҳрамонлари билан яқиндан танишган, акс ҳолда Қозоғистонда ноқонуний ишлаб юрган муҳожирлар бегона кишига расмга тушириш учун рухсат бермайди.

Исми ўзгартирилган Абдуғаффор акани Калиев Еттисой туманидаги қурилишда учратган. Қурувчиларга бригадирлик қилаётган бу одам вақтида Фарғона водийсидаги бир масжиднинг имоми бўлган. Аммо Ўзбекистонда диндорларга нисбатан таъқиб кучайганидан сўнг имомликни ташлаб, Қозоғистонда қурувчиликни бошлайди.

“Кўплар пулни бермай чув туширишади. Пулни бермайман, деб юзингга айтмайди. Ишни бошлаган вақтинг аванс сифатида озроқ беришади. Ишни тугатганингдан кейин, камчилик топишга тушиб кетишади. Бир ерда масжид қурдик, минг долларни беришмади. Тушунсанг бўлади, аммо одам масжид қураяпти-ку”, - дейди Абдуғаффор ака Калиевга берган суҳбатида.

Валерий Калиев Очиқ жамият институти танловида муҳожирлар ҳаётини акс эттириш бўйича қатнашади ва фотоапаратини олиб Қозоғистон бўйлаб сафарга отланади.

Фақат Қозоғистон жанубида ўсадиган пахта далаларридаги теримчилар билан ёнма-ён юради, қурилиш майдонларидаги оғир шароитларда ва арзон меҳнат ҳақига ишлаётган ишчилар билан танишади.

Ҳатто Қозоғистоннинг йирик шаҳарларида стриптиз рақсга тушувчи меҳнат муҳожирларини учратади. Эътиборли томони, Калиев суратларида асосан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳаёти акс эттирилган.

Расмлар кўргазмаси Олма ота шаҳрида “Nedelka project” санъат маркази томонидан ташкилллаштирилди.

Лойиҳа ташаббускорларидан Тимур Нусимбеков муҳожирлар масаласи Қозоғистонда долзарб эканлигини ва уларнинг ҳаётига кўпда эътибор берилмаслигини, шунинг учун ҳам шу мавзуни намойиш қилишаётганини билдирди.

Фото кўргазма “Бизга бегона бизникилар” (Свои и чужие) деб номланади.

“Олдин СССР деган улкан мамлакат бўларди. Чегаралар йўқ эди. Ҳамма ўзимизники эди. Ҳозир эса оиласидан йироқда қурилишда ярим йил яшаб, бу муҳожирлар ўзимизникига айландими ёки улар ҳали ҳам бегонами? Улар яқинларидан узоқда яшаяпти, уйида бор-йўғи бир ҳафта бўлишади. Улар ўз уйида ўзиникими ё бегонага айланиб бўлдими?”, - дея изоҳлайди Валерий Калиев.

Қурувчиларнинг бригадири Абдуғаффор ака, мажбурликдан Қозоғистонда юрганини ўз ватанини севишини айтади. Абдуғаффор ака ва қўшиқ айтаётган Муаттарга ўхшаган ярим миллиондан ортиқ меҳнат муҳожири Қозоғистонда ризқини териб юргани айтилади.

Аммо уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилувчи қонун йўқ. Меҳнат муҳожирлари ҳаётини тақдир ҳукмига топширишга мажбурлар.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.