BBC navigation

Мустақил текширув хулосаси: Телиасонера Ўзбекистонда ким билан муомала қилаётганини билмаган

Сўнгги янгиланиш 2 феврал 2013 - 17:33 GMT

Телиасонера ширкатининг Ўзбекистондаги шериги ким экани ҳали ҳам ўзларига аниқ эмаслиги айтилади ҳисоботда.

Швециянинг Телиасонера ширкати Ўзбекистон президенти қизи Гулнора Каримовага пора берган деган матбуот хабарлари ортидан ширкат ташкил этган мустақил текширув якунланган ва кеча ҳуқуқий ширкат ўз текшируви якунларига бағишланган ҳисоботини эълон қилди.

Телиасонера ҳисоботи бу ширкат Ўзбекистон билан ҳамкорликни йўлга қўяётган пайтда жиноят содир этилгани ёки йўқлигини текшириш мақсадини кўзлаганини маълум қилиш бошланади.

Транспаренси Интернэшнл ташкилотининг индексига кўра, Ўзбекистон жаҳондаги энг коррупциялашган мамлакатдан бири деб кўрилади. Бу мамлакатда ҳукуматнинг аралашувисиз бизнес қилиш ёки халқаро сармоя киритиб бўлмайди, дейилади ҳисоботда.

2007 йилда Ўзбекистонда мобил телефонлар жуда кам тарқалган эди. Ҳисоботда Телиасонера Коском ширкати ўрнига фаолият бошлаганида мижозлар сони 500 минг атрофида бўлгани ва улар сони тобора кўпайиб тахминан 7 милионга етгани айтилади.

2007 йилнинг ёзида Швеция ширкати Ўзбекистонда қўшма корхона фаолиятини бошлаётган пайтда маҳаллий шерик сифатида Беҳзод Аҳмедов саҳнага чиққан ва у ҳамкорлик битимини имзолаш ишларини бажаргани айтилади.

2007 йил кузида маҳаллий шерик сифатида Такилант тақдим этилган.

Гаяне Авакян Такилантнинг ягона акциядори сифатида ўртага чиққан ва 2007 йил декабрида Телиасонера Такилант билан ҳамкорлик шартномасини имзолагани айтилади.

Ширкатнинг 2005 йил май ойидаги ички ёзишмаларида Беҳзод Аҳмедов "Гулнора Каримованинг сармоя гуруҳида бош ижрочи" деб аталган.

Ўша кунлардаги бир ҳужжатда Гулнора Каримованинг сармоя жамоаси билан деярли ҳамма нарса келишиб бўлгани ҳақида ёзилади, бу каби ахборот ички электрон мактубларда ҳам пайдо бўлган.

Бироқ бу ахборотнинг Телиасонера директорлар кенгашига етказилмагани қайд этилади ички текширув хулосасида.

Аммо матбуотда Гаяне Авакян Гулнора Каримова билан жуда яқин экани ва Беҳзод Аҳмедов Гулнора Каримова номидан музокаралар олиб боргани ҳақидаги хабарлар тарқалгани эслатилади ҳисоботда.

Ўзбекистондан келган расмий хат Гулнора Каримованинг Такилантга ёки унинг фойдасига бирор бир алоқаси борлигини рад этгани айтилади.

Телиасонера ширкатининг Ўзбекистондаги шериги ким экани ҳали ҳам ўзларига аниқ эмаслиги айтилади ҳисоботда.

"Де факто маҳаллий шерик ким бўлгани ва бугун ким экани ҳақидаги савол бугун ҳам аниқ эмас", дейилади текширув хулосасида.

"Агар ҳатто Гулнора Каримованинг сармоя гуруҳи билан келишувга эришиш истаги бўлган тақдирда ҳам текширув Такилант билан Гулнора Каримова ўртасида ҳуқуқий ёки молиявий алоқа борлигини тасдиқлашнинг уддасидан чиқмади", дейилади ҳисоботда.

Текширув ўзининг қўлида бор ахборотдан фойдаланиб, келган хулосаларини баён этади.

Хусусан, Ўзбекистондек қудратдаги режим аралашуви мавжуд бўлган мамлакатдан кимдир келишувга эришмоқчи бўлаётган бўлса, Телиасонера ширкатида чуқур муҳокама этилиши лозимлиги ва шундан келиб чиқиб стратегик қарор берилиши кераклиги айтилган.

Телиасонера ўзига тақдим этилган маҳаллий шерик мобил алоқа тўлқинидан фойдаланиш ҳуқуқини қандай қўлга киритгани равшан бўлмаса ҳам бу маҳаллий шерик билан келишувга эришишга қарор қилинмаслиги керак эди, янада кўпроқ маълумот тўпланиши лозим эди, дейилади ҳисоботда.

Текширув мобайнида фақатгина 2 та шахс бу олди-бердидан бевосита ёки билвосита фойда кўрган бўлишлари мумкинлиги аниқлангани айтилади.

Бу шахслар Гаяне Авакян ва Беҳзод Аҳмедов, деб тилга олинади.

Текширув давомида Телиасонера ширкати ўзининг ахлоқий қоидаларига риоя қилмагани танқид қилинади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.