BBC navigation

Ўзбекистон валюта бозорини назорат қилишдан ким манфаатдор?

Сўнгги янгиланиш 11 феврал 2013 - 12:06 GMT

Ўзбекистон қора бозорида АҚШ доллари тушишда давом этмоқда

Ўзбекистонда хориж валютасини назорат қилиш боғлиқ янги тартиб-қоидалар хорижий оммавий ахборот воситалари ва интернетда кенг таҳлил этилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати яна ҳақиқий бозор иқтисоди тамойилларини жорий этишдан кўра, маъмурий босим усулларини танлаётгани, сўнгги зуғуму-босим сиёсатидан асл мақсад, доллар курсини пасайтириш ва бўшаб қолган давлат бюджетини тўлдириш экани ҳақидаги мақолалар эълон қилинаётганини кўриш мумкин.

Хўш, Ўзбекистон ҳукуматининг муддоси нима?

Би-би-си Тошкентлик журналист Алексей Волосевичдан дастлаб валюта бозоридаги охирги вазият ҳақида сўрадим.

Алексей Волосевич: Айтишларича, бугун қора бозордаги долларнинг курси 2500 сўмга тушган. Бир неча кун бозорлардан валютафурушлар ғойиб бўлиб қолган эдилар, мана бугундан улар пайдо бўлишган ва Америка долларини 2500 сўмдан сотиб олишни бошлашган. Лекин валютачилар қўрқа-писа пул алмаштиришаяпти, ўзларини ҳибсга олишларидан чўчишаяпти.

Би-би-си:Ўзбекистон ҳукумати ҳар доимгидек валюта сотишни чеклаш, ташқаридан товар олиб кириш билан боғлиқ янги қадамларидан қандай мақсадни кўзлаётганини тушунтираётгани йўқ. Ва ҳукуматнинг мақсади яна қаттиқ валютани ташқарига чиқиши олдини олиш, мамлакатнинг камайиб бораётган олтин-валюта заҳирасини асрашни кўзлаяпти, деган мақолалар эълон қилинаяпти. Тошкентда нима дейишаяпти, ҳукуматнинг бу қадамлардан муддаоси нима бўлаяпти?

Алексей Волосевич: Мамлакат олтин-валюта заҳирасининг аҳволи ҳақида менинг бир нарса дейишим қийин. Бу фикрлар фақат тахмин бўлиши мумкин. Чунки бизда Ўзбекистоннинг олтин-валюта заҳираси ҳақидаги малълумот ошкор қилинмайди. Бу заҳира қанчани ташкил этади? Улар қаерда сақланади? Улар нималарга сарфланади, кўпчилик буни билмайди. Аммо ҳозир эълон қилинаётган таҳлилий мақолаларда сўнгги чора-тадбирлар Ўзбекистон президентининг январ ойи охирида имзоланган, лекин матбуотда эълон қилинмаган фармони билан боғланмоқда. Бу фармон Ўзбекистонга олиб кириладиган товарларга яна қўшимча бож жорий қилишни кўзда тутади. Ушбу ҳолат айнан 2002 йилда кўрилган чораларни эсга солади. Кўпчилик ўшанда машҳур "аксилчелноклар" кампанияси бошланганини яхши эслайди. Ўшанда ташқаридан Ўзбекистонга олиб кириладиган ҳамма товарларга 2 баравар бож киритилган, озиқ-овқат маҳсулотларига 50 фоизлик пошлина киритилган эди. Худди бугунгидек усуллар билан аҳолининг долларга бўлган эҳтиёжи мажбуран уриб туширилган, валютафурушларни қувиш бошланган эди. Ўшанда кўрилган чоралардан кўзланган мақсад, мамлакатда мавжуд бўлган валютанинг бир неча курсларини бир хиллаштириш эди. Бугунги мақсад нима эканини ҳеч ким билмайди. Бу ҳақда фақат тахмин билдириш мумкин, холос.

Би-би-си:Интернетда эълон қилинаётган мақолаларда айтилишича, Ўзбекистон бюджетининг аҳволи абгор ҳолга келган. Шунинг учун Ўзбекистон ҳукумати бюджет харажатларини қисқартириш, аҳволни яхшилаш мақсадида ҳам шундай чораларни кўраётгани айтилади. Сўнгги чора-тадбирлар мамлакат бюджети аҳволини яхшилаш мақсадини кўзлаётган бўлиши мумкинми?

Алексей Волосевич: Давлат бюджети бўшаб қолгани ҳақида бугун гапирилаётгани йўқ. Бундай гап-сўзлар бир неча йилдан буён айтиб келинади. Бироқ бу ҳам фақат гап-сўзлар, холос. Нима бўлганда ҳам Ўзбекистон давлат бюджетининг ҳақиқий аҳволи ҳақидаги маълумотлар ошкор этилмайди. Бир нарса аниқки, Ўзбекистонга келадиган сармоялар ҳажми камайиши турган гап. МТСнинг овозали можаросидан кейин бошқа нарсани кутиш қийин.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.