BBC navigation

Покистон: ЎИҲ ва Толибон маҳбусларни озод этиш бўйича махсус бўлинма ташкил этди

Сўнгги янгиланиш 8 феврал 2013 - 11:47 GMT
Банну қамоқхонаси

Банну қамоқхонасига уюштирилган ҳужумда 400га яқин маҳкум озод этилганди

Покистонда нашр этилувчи The News веб саҳифаси хабарига кўра, Покистондаги Толибон ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати (ЎИҲ) "Ансор ал-Асир" номли махсус бўлинмани ташкил этган.

Бўлинма зиммасига Покистондаги қамоқхоналарга ҳужум қилиб, исёнчиларни озод этиш вазифаси юклатилади.

The News хабарида айтилишича, "Ансор ал-Асир" бўлинмаси раҳбари этиб Покистон собиқ президенти Парвез Мушарраф ҳаётига суиқасд уюштириш режасини ишлаб чиққан шахс

- Аднан Рашид тайинланган.

Аднаннинг ўзи 2012 йил апрелида Банну шаҳридаги қамоқхонага уюштирилган қуролли ҳужум ортидан озод этилганди.

Икки юзга яқин Толибон ва ЎИҲ жангчилари иштирок этган мазкур ҳужумда, ҳаммаси бўлиб, 384 нафар маҳкум қамоқхонадан қочирилган эди.

Орадан беш кун ўтиб Толибон сўзчиси амалиётнинг асл мақсади Аднан Рашидни озод этиш бўлганини айтган.

1997 йилда Покистон Ҳаво Кучлари сафига олинган Аднан Рашид 2003 йил декабрида собиқ президент Парвез Мушарраф жонига уюштирилган суиқасдга алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинган ва кейинчалик ҳарбий трибунал томонидан ўлим жазосига ҳукм этилган эди.

Аднан Рашидни "Ансор ал-Асир" раҳбари этиб тайинлангани ҳақидаги хабар жамоатчиликка тарқатилган видео пайғом орқали ошкор этилган.

Жундуллоҳ Студияси тасвирга олган видеода Аднан Рашид билан бирга Вазиристон минтақасида фаол бўлган ЎИҲнинг қўмондонларидан бири, асли олмониялик турклардан Ясин Чука ва ЎИҲнинг бошқа бир аъзоси "Абдул Ҳаким" исмли Россия фуқароси намойиш этилади.

Камера ўнгида туриб гапирган Аднан Рашид аввалига уни озод этган Толибон ҳаракатига миннатдорчилик билдирган ва "Ансар ал-Асир" бўлинмаси тузилганини эълон қилган.

Покистон қамоқхоналаридаги маҳкумларга қарата гапирган Аднан Рашид жумладан шундай дейди: "Ансорнинг илк ва асосий мақсади, нима қилиб бўлмасин, сизларни озод этиш бўлади."

Покистондаги Толибон ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати анчадан буён Покистон хавфсизлик кучларига қарши қўшма ҳужумларни содир этиб келишади.

Ўтган йил декабрида Пешовардаги ҳарбий ҳаво базасига уюштирилган ҳужум ана шундай қўшма амалиётларнинг сўнггиси ҳисобланади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.