BBC navigation

Россияда меҳнат муҳожирлари учун махсус жамлоқлар тузиш муаммонинг ечимими?

Сўнгги янгиланиш 13 феврал 2013 - 15:10 GMT

Россияда кейинги пайтларда меҳнат муҳожирлари муаммоси долзарб мавзуга айланиб қолди.

Россиялик миллиардер сиёсатчи Михаил Прохоровнинг "фуқаролик платформаси" ташкилоти меҳнат муҳожирлари учун махсус жамлоқлар ташкил этиш таклифи билан чиққан.

Бу жамлоқларда муҳожирларни Россиядаги ҳаётган мажбуран мослаштириш кўзда тутилади.

Кеча Россия мухолифатининг Мувофиқлаштирувчи Кенгаши Марказий Осиёнинг уч давлати-Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан виза тартиби жорий этиш ҳақидаги баёнот билан чиққан эди.

Би-би-си Россиядаги муҳожирлар билан боғлиқ сўнгги ташаббус ҳақида "фуқаролик платформаси" нинг матбуот хизмати раҳбари Александр Починок билан суҳбатлашди.

Александр Починок: Партиямизнинг миграцион стратегияси хали ҳам ишлаб чиқилмоқда. Бу стратегия катта ва мураккаб, ҳозирда унинг айрим қисмларини синов сифатида кўраяпмиз. Биз ўз мақомимизни аниқлашимиз керак. Гап шундаки, биз қонуний миграциянинг ашаддий тарфдорларимиздир. Бизнинг ишонимизча, иш жойлари авваламбор Россия фуқароларига берилиши керак, агарки айрим саноат соҳалари россияликлар билан таъминлана олмаса, ўша ҳолда биз меҳнат муҳожирларига мурожаат қилишимиз мумкин. Биз қонуний миграцияни рағбатлантиришимиз керак, агар кимки Россияга меҳнат қиламан деб келса, у барча талабларга мувофиқ деб топилса ва Россиядаги иш берувчи унга қонунга биноан ариза берган бўлса, рус тилини билса, ўз мамлакатида тиббий кўриқдан ўтган бўлса, унда партиямизда бу каби мигрантлар борасида савол туғилмайди. Қаерга бормоқчи бўлса, ўша ерда ишга жойлашсин, бу муаммо эмас.

Би-би-си: Лекин Прохоров партияси тайёрлаётган ҳужжатларда меҳнат муҳожирларини мажбурий адаптация қилиш ғояси борми?

Александр Починок: Яна бир марта такрорлайман, бор албатта, лекин бу иборани биз ноқонуний келган мигрантларга қўллаймиз. Ўз ихтиёри билан келиб, Россия қонунларидан ташқари меҳнат қилаётган инсонларни биз ҳозирги шароитда уйига қайтиришимиз шарт. Лекин биз реалист бўлиб туриб, инсонпарварликдан келиб чиқиб, бу одамларга ёрдам беришимиз лозим. Улар ўз ватанларидан келиб, меҳнат қилишаяпти. Ҳеч ким уларнинг сони қанча экани борасида бирор нарса билмайди, кўп миллиондан иборат дейишади. Полиция вазифаларини ўз бўйнимизга олиб, уларни депортация қилишдан ҳеч қандай натижа бермайди. Шунинг учун биз бундай ғоя билан чиқдик, яъни нелегал мигрантлар учун алоҳида вақтинчалик истиқомат жойларини қуришимиз керак, деб.

Би-би-си: Бироқ сиз рўкач қилаётган ғоянинг рақиблари анчагина. Уларнинг таъкидлашича, айнан иҳоталанган ҳолат мигратлар жамоаси ичида жиноятчилик инлари пайдо бўлишига олиб келиши мумкин?

Александр Починок: Агар биз ҳозирда сиз билан бирга ноқонуний меҳнат муҳожирлари тураётган жойларни бориб кўрсак, улар ҳақиқий жиноятчилар уясига айланганига гувох бўламиз. Мигрантлар учун мўлжалланган Вақтинчалик истиқомат марказида бундай жараёнлар рўй бермайди, чунки ноқонуний муҳожир билан ишлашади, унга керак бўлган ҳужжатларни топиш керак бўлади, унга қонуний иш таъминловчини топиш керак ва ҳоказо. Яъни уни мамлакатдан чиқариб бўлмайдиган иш кучига айлантириб, у бир гуруҳ мутахассислар назорати остида бўлади. Ҳозирги пайтда эса депортацияга мўлжалланган ноқонуний мигрантларни сақлаш жойлари умуман йўқ. Биз реалист булишимиз керак.

Би-би-си: Хозирги пайтда Россияда бу масала турли жойларда, матбуот ва телевидениеда кенг муҳокама қилинмоқда, Миграция хизмати мулозимлари, ҳукумат ва ҳаттоки мухолифат турли ғояларни илгари сурмоқдалар. Яъни Марказий Осиё муҳожирлари масаласи қанчалик долзарб бўлиб қолган Россия учун?

Александр Починок: Бу масала бениҳоя долзарб бўлиб қолмоқда. Россия иқтисодида меҳнат қилаётган муҳожирларнинг сони қанчалик катта эканлигига биз гувоҳ бўлаяпмиз. Уларнинг рақамларини билмаймиз, турлича баҳоланмоқда, Агар қонуний миграция рақамлари борасида гапирсак, ҳар ҳолда тартиб бор, лекин мамлакатга келган қанча мигрантлар руйхатга олинади, ундан сўнг уларнинг қанчаси чиқиб кетгани ҳеч қаерда қайт этилмайди. Квота бериш тизими ишлайдию, аммо иш қилаётган мигранларнинг сони борасида реал тасаввур берилмайди. Ҳозирда ҳамма мигрантларнинг сонини аниқлашмоқчи. Бизнинг ўйлашимизча, гап миллонлар борасида кетаяпти, ва керакли инфрастуктура пайдо бўлмас экан, биз ўнталаб бир хонада яшаётган ётоқхоналар даражасида қолиб кетаверамиз.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.