BBC navigation

Дилмурод Саййид қамоқхонадан чиқарган хатида босимлардан арз қилган

Сўнгги янгиланиш 13 феврал 2013 - 17:32 GMT

Дилмурод Саййид ўз хатида қамоқхонадаги аянчли аҳволдан огоҳ этган.

Ўзбекистон қамоқхонасида қолаётган журналист Дилмурод Саййид ўзига нисбатан қийноқ ва босимлардан шикоят қилган.

Яқинлари орқали чиқарилган мактубда маҳкум журналист Навоий қамоқхонасидаги аянчли вазиятни тасвирлайди.

50 ёшли Дилмурод Саййид 2009 йил февралида Самарқанддаги маҳкама томонидан таъмагирликда айбдор, деб топилиб, 12 ярим йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Маҳкамада у ўзига қўйилган айбларни рад этган ва журналистик фаолияти учун жазоланганини айтган.

Дилмурод Саййид аъзоси бўлган Эзгулик инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли ва журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, хат маҳкумнинг укаси орқали олиб келинган.

Унга кўра, Дилмурод Саййид хатида тўғридан-тўғри жисмоний қийноқлар ҳақида гапирмаса ҳам, қийноқлар қўлланиляпти, қийноқларга қарши конвенциялар бу ерда ишламаяпти, деган сўзлар бор.

Дилмурод Саййид қамалишидан олдин Собир Раҳимов туманидаги сил диспансерида рўйхатда турган.

Яқинлари қамоқхонадаги шароит унинг аҳволи, соғлигига албатта қаттиқ таъсир қилгани, озиб кетганини билдиришган.

Шунингдек, хатда қамоқхонада ижодий эркинлик йўқлиги, ёзганлари тортиб олинаётганлигини, унга юборилаётган посилкалар ўзига етиб келмаслиги, ёзаётган хатлар ташқарига чиқмаётганлиги ҳақидаги маълумотлар келтирилади.

2012 йил Конституция куни муносабати билан бир қанча маҳбуслар қамоқдан озод қилинди. Бироқ Дилмурод Саййид касаллиги ва сохта айблар билан қамалганига қарамасдан қамоқда ушлаб турилибди.

Халқаро ташкилотлар, Ғарб давлатлари Дилмурод Саййид дохил сиёсий маҳкумларни озод қилишга чақириб келишади.

Ўзбекистон ҳукумати эса бу мурожаатларга нисбатан жавоб қайтаргани йўқ.

Фақат вақти-вақти билан қаттиқ босимлар остида ёки бирор бир катта сиёсий меҳмон ташрифи арафасида баъзи бир маҳкумларни озод қилиш ҳоллари учраб туради.

2010 йил ёзида Жиноят ишлари бўйича Тойлоқ тумани маҳкамаси чиқарган қарорга асосан товламачиликда айбланиб қамалган Дилмурод Саййид айнан журналистик фаолияти учун жазоланган деб ишонилади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.