Британия Ўзбекистонга ҳарбий жиҳозлар совға қилади

  • 12 Июн 2013
Image caption Мозори Шарифни Ўзбекистон билан улайдиган темир йўл Британ асбоб-ускуналарини олиб чиқиш учун катта қулайлик яратади

Лондон ва Тошкент ўртасидаги келишувга мувофиқ, Ўзбекистон ўз ҳудудида Британия учун хавфсиз йўлак яратиб беради.

Британия эса бунинг эвазига ўзбекларга 700 минг долларга тенг турли техника ҳамда жиҳозларини совға қилади.

Ҳозир жанубдаги иккинчи муқобил йўлак, яъни Покистон йўли Британ асбоб-ускуналарини олиб чиқишга бардош бера олмайди ва у тарафда вазият ҳам қалтис.

Шу асно бу ускуна ва жиҳозларни олиб чиқиш бобида Ўзбекистон энг муҳим транзит давлати сифатида ўртага чиқмоқда.

Британия мулозимларига кўра, 100 минг фунт стерлингга тенг Land Rover машиналари эҳтиёт қисмлари, ҳар бир 7 минг фунт стерлинг турадиган элликтача Leyland DAF русумли машина Ўзбекистонга совға қилинади.

Бир неча кун олдин эса Ўзбекистон анча арзон нархда Британ ускуналарини сотиб олади, деган хабарлар ҳам чиққан эди.

Лондон-Тошкент ҳамкорлиги

Британ парламенти вакилларига қаратилган нутқида Лондон-Тошкент келишуви устида тўхталган Британия Мудофаа вазири Филип Ҳаммонд "минтақада хавфсизлик ва барқарорликни кучайтириш йўлида Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттиримиз", деб маълум қилди.

"Бу ҳамкорлик қонун устиворлиги, инсон ҳуқуқларию демократияга урғу беради ва хавфсизлик масалалари, аксилтеррор амаллари, чегаралар хавфсизлиги ҳамда наркотикларга қарши кураш бобида ҳам Ўзбекистон билан бирга иш олиб борамиз" - дея таъкидлаган Филип Ҳаммонд.

"Айни ҳамкорлик Афғонистон хавфсизлигини таъминлаш, низо ва инқирозларга йўл қўймаслик, радикаллашувни тўхтатиш ва мудофаа соҳасини ислоҳ этиш учун ҳам жуда муҳим".

Бироқ Ғарбдаги қатор инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ушбу ҳарбий жиҳозлар Ўзбекистон ичкарисида инсон ҳуқуқларини топташ мақсадида фойдаланилмайдими, деган хавотирларни ҳам билдиришмоқда.

"Ўзбекистон ҳукумати бу ускуна ва жиҳозларни ички қатағонлар учун қўлламаслигига ишончим комил" - деб таъкидлаган парламент вакилларига қарата гапирган Британия Мудофаа вазири.

2015 йилгача Британия Афғонистондаги тўрт миллиардга яқин ҳарбий ва ноҳарбий жиҳозларини олиб чиқиб кетиши керак. Бу йўлда биринчи чиқиш даҳлизи Покистон ва Ўзбекистондир.

Ўзбекистон йўлининг афзал жиҳатлари бир талай: Йўлак - хавфсиз ва қисқа, Мозори Шариф шаҳрини бевосита Тошкент билан улайдиган янги темир йўл бор, мамлакат ҳудудлари эса тинч.

Аммо Ўзбекистон йўли очиқ денгизларга чиқмаган ва ушбу йўлакнинг буткул муваффақияти Қозоғистон ва Россия каби бошқа давлатларга ҳам тақалади.

Британ ҳукуматига кўра, Афғонистонда барқарорлик ўрнатиш йўлида Ўзбекистон давлати жуда катта ва самарали ўрин тутади.

Аммо Афғонистондаги хорижий кучлар чиқиб кетиши ортидан минтақа янги хавфсизлик муаммоларига юз тутиши мумкин. Шу боис ҳам Лондон бир қанча ҳарбий ускуна ва жиҳозларни Ўзбекистонга совға қилиб, беқарорлик юзага келишини тўхтатиш ниятида.

Британия қурол-яроғ ва жиҳозларини олиб чиқиб кетиш эса шу йили бошланади. Жорий йил охиригача, Афғонистондаги Британ қўшинлари сони ҳам 9 мингдан 5 минг атрофига тушиши кутилмоқда.

Сўнгги пайтлари Ғарбдаги қатор сиёсатшунослар ва олимлар Афғонистонни тинчлантириш учун бу мамлакатни шимолдаги қўшнилари, хусусан, Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистонга кўпроқ яқинлаштириш лозим, дея таъкидлай бошлашган.